Ўзбекистон | 17:47 / 20.09.2022
4150
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

20 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашдилар. Президентимиз қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилган тадбирларнинг сермаҳсул якунларини муҳокама қилдилар.

Устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, шу жумладан “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Бўлажак олий даражадаги, шу жумладан минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид