Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Япон депутати Японияда Марказий Осиё саммитини ўтказишни таклиф қилди
Токиода Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб расмий қабул ўтказилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда сўзга чиққан Япония парламенти аъзоси Кейжи Фуруя кунчиқар юртда Марказий Осиёнинг бешта давлати етакчилари иштирокида саммит ўтказиш нияти борлигини айтган.
21 сентябр куни Токиода, New Otani меҳмонхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан тантанали қабул ташкил этилди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов, Япониядаги Ўзбекистонга хайрихоҳ сиёсатчилар, турли ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Япония парламентининг вакиллар палатаси аъзоси Кейжи Фуруя ўтган ойда Ўзбекистонга сафар қилганини айтиб, ўз мамлакатининг Марказий Осиё билан алоқаларини чуқурлаштиришга интилаётганини таъкидлади.
“Ўзбекистондан қайтиб келгач, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда Япония ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида Парламентлараро дўстлик лигасини ташкил этиш бўйича режаларни ишлаб чиқяпман. Бундан мақсад – Японияда Марказий Осиё саммитини ўтказиш ва унда Япония ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг иштирок этишига эришиш”, – деди депутат.
Фуруя Япония ва Тинч океани ороллари ўртасида тузилган Парламентлараро дўстлик лигасининг раиси эканини айтиб, бу кенгаш томонидан ҳар уч йилда Тинч океани ороллари саммити ўтказиб турилиши, саммитда Тинч океанида жойлашган 15 та мамлакат раҳбарлари иштирок этишини таъкидлади.
У Япония ўзига ҳамкор қатор мамлакатларга турли соҳаларда кўмак кўрсатиб келаётганини қайд этди.
“Марказий Осиёнинг бешта давлати билан саммит ўтказиш орқали эса биз бунинг Марказий Осиёдаги самарасини ифода этиш ва кўрсатилаётган кўмагимизни чуқурлаштиришни кўзлаяпмиз. 2025 йилда Осакада бўлиб ўтадиган “Экспо-2025” бутунжаҳон кўргазмасида биз бу саммитдан нафақат Япониянинг ичида, балки дунёга ахборот тарқатишда фойдаланишга умид қиляпмиз”, – деди япониялик парламентарий.
Кейжи Фуруя Ўзбекистонни бу масалада етакчиликни қўлга олишга чақирди.
Япония парламенти аъзоси ўз сўзида кўплаб японияликлар Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва мазали таомларини эътироф этишини қайд этди. “Шу билан бирга, кўплаб ҳамюртларимиз борки, улар Марказий Осиёнинг қанчалик мафтункор жойлигини билишмайди. Шундай экан, Япония учун Марказий Осиёнинг муҳимлигини оширишимиз керак”, – деди у.
Маълумот учун, 70 ёшли Кейжи Фуруя – япониялик энг таниқли сиёсатчилардан. У Япония парламентининг энг узоқ вақт аъзоси бўлган депутатлардан: 30 йилдан ошиқроқ вақт давомида 11 марта парламент аъзолигига сайланган.
Фуруя август ойи бошида Ўзбекистонга сафар қилиб, Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, ахборот-коммуникация технологиялари вазири Шерзод Шерматов ва бошқалар билан учрашувлар ўтказганди.
Ўзбекистон ва Япония ўртасида Парламентлараро дўстлик лигаси 2004 йилда ташкил этилган. 2022 йил иккинчи ярмида Япония–Ўзбекистон парламентлараро форуми ўтказилиши кўзда тутилган. Кунчиқарт юрт қонунчилари Марказий Осиёнинг яна бир нечта мамлакатидаги ҳамкасблари билан ҳам шундай форматда мулоқот ўрнатган.
Айни пайтда Япониянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Халқаро ҳамкорлик банки (JABIC) доирасида Ўзбекистонга кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошган.
Мавзуга оид
18:06
Европа ва Марказий Осиёда жазирама иссиқнинг янги тўлқинлари кутилмоқда - ЖССТ
19:35 / 05.07.2026
Ўзбекистон авиаюк ташиш суръатлари бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди - ОАВ
14:42 / 04.07.2026
Европа сари навбатдаги бекат. Шавкат Мирзиёев – Гуржистонда
20:40 / 27.06.2026