Жаҳон | 15:03 / 23.09.2022
15968
4 дақиқада ўқилади

Россиялик юрист: Сафарбарликда Мудофаа вазирлиги эълон қилган шартларга амал қилинмаяпти

Фото: ТАСС

Сафарбарлик чақирувига Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган ёш чегарасидан катта бўлган ва ҳеч қачон ҳарбий хизматни ўтамаган  шахслар ҳам жалб қилиняпти.

Сафарбарлик пайтида Россия Мудофаа вазирлиги томонидан эълон қилинган ёшга оид чекловлар ва шартларга риоя қилинмаяпти, дейди «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков чақирув қоғозини олган россияликларнинг хабарларига таяниб. Бу ҳақда 22 сентябр, пайшанба куни Чиков ўзининг Telegram-каналида ёзган.

Кеча Мудофаа вазирлиги сафарбарлик бўйича айрим саволларга, хусусан, чақирилувчиларнинг ёшига оид масалаларга жавобларни эълон қилди. Уларга кўра, 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар ва 55 ёшгача бўлган катта офицерлар сафарбарликка жалб этилади. 

«Шунга қарамай, ҳудудлардан 45-49 ёшли оддий аскарларни ҳам чақиришаётгани ҳақида хабарлар бор. Ноябрь учун чақирув ва сафарбарлик буйруғи чиқарилмоқда», деб ёзади Чиков. 

Унинг сўзларига кўра, масалан, Москвада 63 ёшли полковник чақирув қоғози олган, Самарада 60 ёшли сержант, Ёқутистонда ҳеч қачон хизмат қилмаган 49 ёшли эркак, Бурятияда эса 60 ёшли қариялар ҳам ҳарбий хизматга оммавий равишда чақирилди. 

Бундан ташқари, ҳеч қачон хизмат қилмаган одамлар ҳам чақириляпти. Ёқутистонда ҳарбий хизматни ўтамаган, аммо ҳарбий ихтисосликка эга бўлган 58 ёшли эркакни ҳарбий комиссарликка олиб кетишган. «Улар кечаси келиб, чақирув қоғозини топширишди, эрталаб ҳарбий комиссарликка олиб боришди, ҳозир у ҳарбий қисмга учиб кетяпти», - дейди унинг яқинлари. Яна бир ҳудудда 1985 йилда туғилган, ҳеч қачон хизмат қилмаган фуқаронинг иш жойига чақирув қоғози олиб келишган.

Россия президенти Владимир Путин эълон қилган сафарбарлик доирасида Мудофаа вазирлиги 300 минг захирадаги аскарни чақириш ниятида, деди идора бошлиғи Сергей Шойгу. Путиннинг «қисман сафарбарлик» тўғрисидаги фармонида «хизмат доирасида фойдаланиш учун» мўлжалланган ёпиқ банд бор. Унда, Кремлнинг аниқлик киритишича, сафарбар қилинганлар сони ҳақида сўз юритилган. Президент маъмуриятидаги «Новая Газета. Европа» манбасига кўра, 7-бандда бир миллионгача одам армияга чақирилиши мумкинлиги айтилган. Кремль буни «ёлғон» деб атади. 

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, захирадан чақирувда жанговар тажрибанинг мавжудлиги асосий омиллардан бири ҳисобланади. «Фуқароларни захирадан чақириш кетма-кетлиги белгиланмаган, бироқ биринчи навбатда тегишли ҳарбий мутахассисликка эга бўлганларга аҳамият берилади», — дейилади идора хабарида. 

Мудофаа вазирлигига кўра, бронга эга бўлган фуқаролар, соғлиғи бўйича вақтинча хизматга лаёқатсиз деб топилганлар, оила аъзолари орасида доимий қарамоғида I гуруҳ ногиронлари бўлганлар ёки I гуруҳ ногиронлари, 16 ёшгача бўлган тўрт ва ундан ортиқ фарзанди бўлган шахслар, онаси ундан ташқари 8 ёшга тўлмаган тўрт ва ундан ортиқ фарзанди бўлганлар ва уларни эрсиз тарбиялаётганлар, нафақадаги ва ҳарбий ҳисобдан олинган ҳарбий пенсионерлар сафарбарликка жалб этилмайди.

Мавзуга оид