Жаҳон | 08:02 / 26.09.2022
2994
3 дақиқада ўқилади

Швейцариядаги референдумда пенсия ислоҳоти маъқулланди

Аёлларнинг пенсия ёшини ошириш учун 50,6 фоиз овоз берилди. Швейцария фуқаролари ҚҚС ошишини ҳам қўллаб-қувватлади.

Фото: Keystone / Laurent Gillieron

Швейцария аҳолиси референдумда пенсия ислоҳотини қўллаб-қувватлади. Расмий маълумотларга кўра, 25 сентябр, якшанба куни бўлиб ўтган умумхалқ овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг ярмидан сал кўпи – 50,6 фоизи аёлларнинг пенсия ёшини 64 ёшдан 65 ёшга кўтаришни ёқлаб овоз берган. Шу тариқа, энди у эркаклар учун мамлакатда белгиланган пенсия ёшига тўғри келади.

Пенсия ёшини ошириш Швейцарияда олиб борилаётган ислоҳотнинг энг баҳсли қисми бўлди. Сайловчилар, шунингдек, алоҳида овоз бериш йўли билан пенсия жамғармаларига тушумларни кўпайтириш ва шу орқали камомадни қоплаш мақсадида қўшилган қиймат солиғини ошириш тўғрисида қарор қабул қилдилар. Бу чора охир-оқибат 55 фоиз аҳоли томонидан қўллаб-қувватланди.

Ислоҳот аҳолининг қариши шароитида пенсия таъминотини ҳимоя қилишга қаратилган. Уни амалга ошириш учун иккала қонун лойиҳасини ҳам қабул қилиш керак эди. Референдумда сайловчиларнинг 52 фоизи иштирок этди.

AFP агентлиги маълумотларига кўра, охирги марта пенсия ислоҳоти Швейцарияда 25 йилдан кўпроқ вақт олдин амалга оширилган. 2004 ва 2017 йилларда қонунчиликка ўзгартиришлар киритишга уриниш бўлган, бироқ овоз бериш натижасида бу уринишлар муваффақиятсизликка учраган.

Энг муҳим ислоҳот чора-тадбирлари ҳукумат томонидан ўтган йили тақдим этилган эди. Унинг тарафдорлари мамлакатдаги иқтисодий ва демографик вазиятни ҳисобга олиб, аёллардан узоқроқ ишлашни талаб қилиш мақсадга мувофиқ, деган фикрни билдирди. Шу билан бирга, сўл партиялар ва касаба уюшмалари таклиф этилаётган ўзгаришларни танқид қилиб, референдум ўтказишни талаб этди.

Мухолифлар ўз позицияларини Швейцарияда аёллар ва эркаклар ўртасида иш ҳақида сезиларли даражада фарқ борлиги, яъни аёллар эркакларникига қараганда анча паст пенсия олиши билан изоҳлади. Танқидчиларга кўра, пенсия ёшини фақат ушбу муаммо ҳал қилингандан кейингина ошириш керак.

Якшанба куни ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан илгари сурилган саноат чорвачилигини тақиқлаш ташаббуси ҳам Швейцарияда овозга қўйилди. Референдум натижаларига кўра, у рад этилди - фуқароларнинг 63 фоизи қарши чиқди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид