Спорт | 14:19 / 26.09.2022
10715
8 дақиқада ўқилади

«Ювентус» сўнгги 15 йилдаги энг ёмон инқирозни бошдан кечирмоқда. Ким айбдор ва нима қилиш керак?

2006 йилда «Ювентус» Италия футболидаги коррупция билан боғлиқ бўлган ва «Кальчополи» деб номланган можародан кейин В Серияга тушириб юборилган эди. Клуб тез орада А Серияга қайтган бўлса-да, бир неча йиллар давомида жадвал ўрталарида ўралашиб юрди. Андреа Аньелли «Ювентус» президенти бўлгач ва Антонио Конте бош мураббийликка тайинлангач аҳвол ўзгарди. 

Фото: Getty Images

 

Аммо ҳозир вазият анча ёмон кўринмоқда. Тўққизта ўйинда бор-йўғи иккита - «Сассуоло» ва «Специя» устидан қозонилган ғалаба қайғули кўрсаткичга ўхшаяпти. 

Ваҳоланки, А Серия стартида «Ювентус»нинг тақвими мураккаб эмасдек кўринганди. «Рома» ва «Фиорентина»га қарши сафардаги ўйинлар қийин ҳисобланиши мумкин, аммо, «Сампдория», «Салернитана» ва «Монца»га қарши баҳслар ундай эмасди. 

«Ювентус» атиги бир марта ютқазди – «Монца»га қарши ўйинда, Ди Мария майдондан четлатилганидан сўнг. Лекин бу ҳолат умумий вазиятга ижобий тус бермаяпти. Чемпионлар Лигасидаги иккита мағлубият эса гуруҳдан чиқиш имкониятини пасайтириб юборган. 

Аммо натижалар мухлисларнинг асосий хавотири эмас, уларни ҳар доим тўғрилаш мумкин, ҳатто Чемпионлар Лигасида ҳам. Энг кўп саволлар ўйин сифати бўйича юзага келган. «Ювентус»нинг жорий мавсумдаги, айниқса, А Сериядаги ҳеч бўлмаганда битта ўйинини кўрган ҳар бир мухлис буни айтиши мумкин. «Оқ-қоралар»нинг деярли барча голлари фақат Душан Влаҳовичнинг жарима майдончаси ичидаги индивидуал ҳаракатлари билан боғлиқ. 

Футболда клублар ўйинини баҳолашда аллақачон xG кўрсаткичидан фойдаланилмоқда. xG (инг. expected goals) – кутилаётган голлар, яъни вазиятлар хавфлилиги ва сонига қараб гол уриш эҳтимолини баҳолаш.  

«Ювентус»нинг xG кўрсаткичи ҳамма нарсани кўрсатиб турибди. «Сампдория»га қарши ўйинда – 0,95, «Рома» – 0,63, «Специя» - 1,77, «Фиорентина» - 1,08, «Салернитана» - 1,84, «Монца» - 1,21. Булар жуда кичик рақамлар.  

«Ювентус»нинг xG кўрсаткичи 2 дан юқори бўлган ягона ўйини - «Сассуоло»га қарши дастлабки турдаги ўйини бўлди. Туринликлар бу кўрсаткич бўйича «Фиорентина»дан ортда қолишди, энг қайғулиси, «Салернитана» ва «Монца»дан ҳам. 

Бошқача айтганда, бу шунчаки визуал таассурот эмас. Статистикага кўра, «Ювентус» кучсиз рақиблар билан ёмон ўйнаган, айниқса «Салернитана» ва «Монца» билан сезиларли даражада. Тўғри, баъзан омад келмагани туфайли тўп дарвозага кирмайди, сабр билан меҳнат қилиш керак, шунда очколар ҳам йиғилади. Лекин бунинг туринликларга алоқаси йўқ, «Ювентус» жуда ёмон ўйнамоқда. 

Ким айбдор? 

Туринликлар бош мураббийи Массимилиано Аллегри Чемпионлар Лигасида «Бенфика»дан учралган мағлубиятдан сўнг Италиянинг машҳур журналистларидан бири Марио Скончертига катта интервью берди. Унда мураббий ўйин сифатига таъсир қилган жароҳатлар ҳақида кўп гапирди. 

«Мавсум бошланишидан олдин «Ювентус»ни бошқача қабул қилишарди. Яримҳимояда Паредес, Рабио ва Погба, шунингдек, тўпни ҳимоядан олиб чиқувчи Локателли ўйнаши керак эди. Қанотларда - Ди Мария ва Киеза, марказда Влаҳович. Энди «Юве» анча виртуалроқ. Менга асосий таркибнинг ярми етишмаяпти. Мен олдиндан ишлаб чиқилган схемаларни қўллай олмайман, чунки уларни қўл остимдагиларга мослаштиришим керак. «Милан» ёки «Интер»ни асосий таркибнинг ярмидан маҳрум қилинг, кўрамиз улар қандай ўйнар экан», деди Аллегри. 

«Рақиб майдонида ижод қиладиган футболчимиз қолмади. Бунинг учун ёзда Погба ва Ди Марияни олган эдик. Ҳозир эса Миретти бор. Аммо у Погба эмас, у 2003 йилда туғилган йигитча», - деб қўшимча қилди мураббий. 

Муҳим лаҳза: «Монца» билан қайғули ўйин охирида Аллегри майдонга 21 ёшли Никола Фажиоле ва 19 ёшли Матиас Сулени туширди. Бу асосан клуб раҳбарларига, қисман мухлисларга қаратилган рамзий ишора эди - улар шундай оғир паллада кимдан фойдаланаётганини кўрсин. 

Аллегрининг баҳоналари аниқ ва мантиқий, уларни қабул қилиш мумкин. Аммо Стефано Пиоли ўтган мавсум давомида «Милан» етакчилари жароҳатларидан азият чеккан эди. Майк Меньян, Симон Кьяер, Златан Ибраҳимович, Анте Ребич узоқ муддатга сафдан чиқди. Бироқ, Пиоли кўпчиликка номаълум Пьер Калулуни асосий ҳимоячига айлантирди. У хотиржамлик билан Кьяер ўрнини эгаллади ва «Милан» Скудеттони қўлга киритди. Аллегри «Ювентус»нинг ҳозирги ресурсларидан максимал даражада фойдаланяптими? 

«Бенфика» ва «Монца»дан учралган мағлубиятдан сўнг #ALLEGRIOUT (Аллегри кетсин) ҳештеги Twitter ижтимоий тармоғида трендга айлангани бежиз эмас. Мухлислар ва блогерлар Максни ҳар қандай мураббийга алмаштиришга тайёр, ҳатто «Спартак»да ишлаган Массимо Каррерага ҳам – кулгили ҳолат. 

Sky Sport каналида экспертлик қилаётган собиқ мураббий Фабио Капелло аксинча, «Ювентус» устозининг ёнини олмоқда. 

«Менимча, баъзи муаммолар психология билан боғлиқ. Эътибор ва ўз-ўзини ҳурмат қилиш етишмаяпти. Ҳатто «Бенфика»дек яхши жамоага қарши ўйинда ҳам ташаббусни бериб қўйиш – нормал ҳолат эмас. Лекин бу вақт талаб этади. Бир йил олдин, Маурицио Сарри, Лучано Спалетти, Аллегри ва Жозе Моуриньо қайтганида, биринчи мавсумдаёқ уларга баҳо бермаслик кераклигини айтгандим. Энди биз «Лацио»да Сарри ишининг самарасини кўришимиз мумкин. «Наполи» А Серияда ва Чемпионлар Лигаси гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Моуриньо еврокубокни қўлга киритди ва жадвалда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Фақат Аллегри етишмаяпти. Агар клуб мураббий хоҳлаган таркибни тўплай олган бўлса, унга барча футболчилар тайёр бўлиши учун вақт бериши керак. Январь ойида Киеза, Ди Мария ва Погба билан ўзгача «Ювентус»ни кўрамиз», - деди Капелло. 

Нима қилиш керак? 

Эски мактаб вакили Аллегрининг ишдан олиниши вазиятни тўғрилайдими? Сарри ва Андреа Пирло аллақачон «Ювентус»да янгича ва замонавийроқ услубда ишлаган эди, аммо бу натижа бермади. Гарчи иккаласига ҳам иккинчи мавсумда ишлаш имкони берилмаган бўлса-да. 

Андреа Аньелли клубни трансмиллий кўнгилочар брендга айлантирмоқчи бўлди, машҳур суперюлдуз Криштиану Роналдуни олди, Суперлига учун лойиҳалар ёзди, мураббийлар ва замонавий футбол бўйича тажриба ўтказди. Аммо «Монца»дан учралган аламли (аслида ҳисоб бўйича эмас, моҳиятан) мағлубиятга етиб келди. Шу маънода, Аллегрининг ишдан бўшатилиши мантиқий якун бўларди: бундай истеъфолар ҳеч қачон «Ювентус» клуби маданиятининг бир қисми бўлмаган, аммо бу шоунинг яна бир эпизодига айланарди. 

Бироқ, «Монца»дан учралган мағлубиятдан бир неча кун ўтиб, «Ювентус»да ҳеч қандай янгилик бўлмади. Аллегри ишлашда давом этди – чунки «оқ-қоралар»нинг молиявий аҳволи Максга катта товон пули тўлаш ва янги мураббий ёллайдиган даражада яхши эмас. Балки, Капелло айтганидек, январда ҳамма ҳақиқатан ҳам ўзгача «Ювентус»ни кўрар...

Мавзуга оид