Жамият | 23:17 / 27.09.2022
22943
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири Ўзбекистонга келди

27 сентябрь куни Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзан ар-Робиа бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.  

Меҳмонларни президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва икки мамлакат элчилари кутиб олди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий туристик оператори «Asialuxe Travel» компанияси раҳбарияти ҳам делегация вакилларини илиқ қарши олди.

Маълумки, сўнгги йилларда ҳаж квоталари сони 10 мингдан ошган бўлса, умрага борувчилар учун эса квоталар бутунлай бекор қилинди.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирининг ташрифи ҳам бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги уфқларни очишни мақсад қилган. Шунингдек, ташриф Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини такомиллаштириш, айниқса, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳаж ва умра сафарига борувчи зиёратчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мамлакатдаги илмий марказлар билан яқин ҳамкорликни ўрнатиш каби муҳим масалаларни ҳам кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Саудия Арабистони делегацияси вакиллари ташриф давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан музокаралар ўтказиши назарда тутилган.

Мавзуга оид