Жаҳон | 20:25 / 27.09.2022
21764
3 дақиқада ўқилади

Пулдор россияликлар мамлакатни хусусий самолётларда тарк этмоқда

Расмий маълумотларга кўра, 21 сентябрдан буён Қозоғистоннинг ўзига 98 мингга яқин россиялик ўтган.

Maksim Konstantinov/Global Look Press

Пулдор россияликлар Путин эълон қилган сафарбарликдан қочиш учун мамлакатдан хусусий самолётларда учиб кетишмоқда. Улар битта жой учун 1,2-1,5 млн рублгача тўлашмоқда, аммо мана шундай юқори нархда ҳам барча хоҳловчиларга жой топилмаяпти, деб ёзади The Guardian.

Your Charter компанияси директори Евгений Биков вазиятни «мутлақ телбалик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, хусусий самолётларга бўлган талаб кунига 50 тадан 5 мингтагача ошди. Компания барча хоҳловчилар учун жой топиб бера олмаяпти, шу сабабли талабни қондириш ва нархни пасайтириш учун йирикроқ самолётларни ижарага олмоқда. Аммо муаммо яна шундаки, хусусий самолётлар билан шуғулланувчи Европа фирмалари санкциялар туфайли Россия бозоридан чиқиб кетган.

Компаниялар ўз ходимларини олиб чиқиб кетиш учун бутун рейсни ижарага олган ҳолатлар бор. Россияликлар асосан визасиз кириш мумкин бўлган Арманистон, Туркия ёки Озарбойжонга йўл олмоқда. Henley & Partners компанияси маълумотларига кўра, 2022 йил охирига бориб миллионерларнинг 15 фоизи уруш сабабли Россияни тарк этиши мумкин.

21 сентябрда Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг мамлакатнинг қуруқликдаги чегара пунктларида бир неча кунлик навбатлар пайдо бўлди. Грузия, Қозоғистон, Мўғулистон ва Финландия билан чегараларда тирбандликлар юзага келди. Шунингдек, россияликлар яқин кунлар учун визасиз мамлакатларга барча авиачипталарни сотиб олишди. 25 сентябрдан аэропортларда россияликларга чегарани кесиб ўтишга рад жавоби бериш ҳолатлари қайд этилмоқда. Шу кундан Россия ФХХ чегарачилари Россия аэропортларида сафарбарликка чақирилувчи одамларнинг рўйхатини олишни бошлади. 

Россия нашрлари ёзишича, «ДХР», «ЛХР» ва Херсон ҳамда Запорижжя областларида ўтказилган референдумлар натижалари эълон қилинганидан кейин сафарбарлик ёшидаги эркакларга Россиядан чиқишни чеклаш режалаштирилмоқда. Тақиқ 28 сентябр куни жорий этилиши мумкин. 26 сентябр куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков чегаралар ёпилиши ҳақида ҳеч нарсани билмаслигини айтди, унинг сўзларига кўра, «ҳозирда бу борада ҳеч қандай қарор қабул қилинмаган».

Охирги расмий маълумотларга кўра, 21 сентябрдан буён Қозоғистоннинг ўзига 98 мингга яқин россиялик ўтган, Россия-Грузия чегарасидаги «Верхний Ларс» назорат пунктидан ҳар икки йўналишда 37 мингдан ортиқ транспорт ва 115 мингдан ортиқ одам ҳаракатланган. Россия-Финландия чегарасини 20 мингдан ортиқ россиялик кесиб ўтган.

Мавзуга оид