Жаҳон | 20:10 / 01.10.2022
32329
2 дақиқада ўқилади

Қодиров Украинада кичик қувватли ядро қуролидан фойдаланишга чақирди

Рамзон Қодировнинг фикрича, армиядаги қариндош-уруғчилик яхшиликка олиб келмайди.

Фото: YELENA AFONINA/TAS

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Россия қўшинлари Донбассдаги Красний Лиман шаҳрини ташлаб чиқишгани ҳақидаги хабарни изоҳларкан, бундай ҳолат яна қайтарилмаслиги учун «янада кескинроқ чоралар» кўриш кераклигини айтди.

«Россия мудофаа вазирлиги олий бош қўмондонга нима деб ҳисобот бераётганини билмайман, аммо шахсий фикримча, чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳолат эълон қилишдан тортиб кичик қувватли ядро қуролидан фойдаланишгача бўлган янада кескинроқ чоралар кўриш керак»,— дейилади Қодировнинг Telegram-каналида.

«Ҳар бир қарорни Ғарб-Америка жамиятига қараб қабул қилиш керак эмас – улар шундоқ ҳам бизга қарши кўп гапирди ва кўп нарсаларни амалга оширди», деб таъкидлади Чеченистон раҳбари.

У мазкур муваффақиятсизликда генерал-полковник Александр Лапинни айблади.

Қодировнинг фикрича, армиядаги қариндош-уруғчилик яхшиликка олиб келмайди.

«Армияда қатъиятли, жасур, принципиал, ўз жангчилари учун қайғурадиган одамларни қўмондонликка тайинлаш керак. Армияда айниқса, мураккаб вақтда қариндошчиликка ўрин йўқ», деди Қодиров.

Аввалроқ Россия мудофаа вазирлиги рус аскарлари Красний Лиман шаҳрини тарк этганини билдирганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид