Яқин-яқингача маиший зўравонлик фақат оила ичида ҳал қилинадиган гап эди. Ҳукумат очиқчасига (барча вазиятларда эмас!) оилавий зўравонликни тан олаётгани бу йўналишда ижобий тенденцияни бошлаб берди. Хотин-қизларга берилаётган ҳимоя ордери жабрланувчини зўравондан асрашнинг бир йўли сифатида тақдим этилмоқда. Ордернинг жорий этилгани ижобий қадам. Амалиётда у қандай ишлаяпти? Жабрланувчиларга ҳақиқатан ёрдам бероляптими? Шу ва бошқа саволларга мақолада жавоб излашга уринамиз. 

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳимоя ордерига қуйидагича таъриф берилган:

Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат.

Тушуниладики, ордер хотин-қизларга нафақат турмуш ўртоғи, балки қариндошлари, ҳамкасби зулмидан ҳимояланиш учун ҳам берилади. Ҳимоя ордери жабрланувчига мурожаат қилган кунидан бошлаб 24 соат ичида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан берилади ва 30 кунгача амал қилади. Ҳолат ўзгармаса, муддат яна 30 кунгача чўзилиши мумкин.

“Ҳимоя ордери берилганидан сўнг уни назорат қилиш механизми ишламайди”

Гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети доценти в.б. Камола Алиева:

“Ҳимоя ордери берилгандан кейин зўравон ва жабрланувчи алоқалари чекланади ва бу қай тартибда назорат қилинади? Бунинг аниқ механизми йўқ. Ҳимоя ордери берилса ҳам зўравоннинг қайта тазйиқ ўтказиш ҳолатлари жуда кўп. “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 2061-моддасига кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бу дегани зўравонлик ҳолати қайта такрорланиши ҳам жарима билан жазоланади. Жиноий жавобгарлик йўқ. Бу эса зўравонни қўрқитолмайди. Ҳимоя ордери берилганидан кейинги вазият қандай мониторинг қилиниши бизга қоронғи. Ҳеч қаерда аниқ тафсилотлар эълон қилинмаган”.