11:03 / 05.10.2022
2827

Венгрия учун Ўзбекистонда алоҳида саноат зонаси ажратилиши мумкин

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга расмий ташрифи арафасида Будапешт шаҳрида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўзбек-венгер бизнес форуми бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Форум очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто иштирок этди.

Тадбирда Венгрия компаниялари учун Ўзбекистонда алоҳида саноат зонаси ажратиш, маҳсулотларга эксклюзив имтиёзлар бериш ва кафолатли харид қилиш, ташкил этилаётган устувор лойиҳаларни молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга ошириш каби чора-тадбирлар қайд этилди.

Форум давомида венгер компанияларига инвестициявий имкониятлар, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, электроника ва электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё ва қурилиш саноати соҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Бизнес форум доирасида Ўзбекистон ва Венгрия вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, банклари ва етакчи компаниялари раҳбарлари ўртасида G2B ва В2В форматидаги учрашувлар ташкил этилиб, иштирокчилар қўшма корхоналар барпо этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузиш борасидаги масалаларни атрофлича ишлаб чиқишга муваффақ бўлди.

Форум якунлари бўйича Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболларни очиб берувчи қатор икки томонлама ҳужжатлар, инвестиция битимлари ва экспорт шартномалари имзоланди.

Top