Жаҳон | 14:19 / 05.10.2022
7011
4 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи аҳолисининг аксарияти Киевга қурол етказиб беришни қўллаб-қувватлади

ЕИ номидан Украинага қурол-яроғ етказиб бериш ғояси Европа иттифоқига аъзо барча мамлакатларда ўз давлатлари номидан етказиб бериш истиқболидан кўра аҳоли томонидан кўпроқ қўллаб-қувватланяпти.

Фото: Paul Zinken / DPA

Европа иттифоқи аҳолисининг аксарияти, яъни 60 фоизи Украинага қурол-яроғ етказиб беришни давом эттириш тарафдори, Германияда эса аҳолининг 61 фоизи бу позицияга амал қилади. Бундан 5 октябр, чоршанба куни Бертельсман фонди томонидан Бельгиянинг King Baudouin жамғармаси билан биргаликда эълон қилинган Eupinions сўрови натижалари дарак бермоқда.

Ушбу тадқиқотга кўра, Италия Европа иттифоқида аҳолисининг кўпчилиги Украинага кейинги қурол етказиб бериш ғоясини қўллаб-қувватламаётган ягона давлат бўлиб, италияликларнинг 42 фоизи бундай истиқболни маъқуллаган. 

Поляклар эса бу ғоянинг фаол тарафдорлари бўлиб қолмоқда: Полшадаги респондентларнинг 84 фоизи уни қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, бутун Европа иттифоқи номидан Киевга қурол етказиб бериш ғояси Европа иттифоқининг барча мамлакатлари аҳолисида Украинага ўз мамлакатлари томонидан қурол юбориш ғоясидан кўра кўпроқ қўллаб-қувватланади. Сўров ўтказилган Европа иттифоқи давлатига қараб, резидентлар томонидан у ёки бу таъминот вариантини маъқуллаш даражасидаги фарқ уларнинг биринчиси фойдасига 3 фоиздан 7 фоизгача бўлган.

Украинага қўшимча қурол-яроғ етказиб бериш ғоясини энг катта маъқуллаш 16-25 ва 56-70 ёшдаги аҳоли гуруҳлари орасида кузатилган.

Шу билан бирга, Европа иттифоқи аҳолисининг Украинага қурол-яроғ етказиб берилишини маъқуллаганлар улуши мартдан июнгача бўлган даврда бироз камайди. Бу Францияда яққол кўриниб турибди, у ерда қўллаб-қувватлаш даражасининг пасайиши 8 фоизни ташкил этди. «Март ойида ҳамма шок ҳолатида эди ва Украинани қўллаб-қувватлаш истаги жуда кучли эди. Уч ой ўтгач, шок ортда қолди, аммо қўллаб-қувватлаш истаги ҳали ҳам катта, бироқ бунинг салбий оқибатлари оддий ҳаётда кўпроқ сезиляпти. Бу чидамлилик - сиёсий капитал, уни ривожлантириш керак», - дейди Бертельсман фонди эксперти Изабелл Хоффман.

Eupinions томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Европа иттифоқи аҳолисининг 72 фоизи ЕИнинг Россия энергия манбаларидан мустақил бўлишини хоҳлайди. Ушбу мақсадга эришиш учун улар шахсий қийинчиликларга дош беришга тайёр, дейди тадқиқот иштирокчилари. 

Буни энг фаол қўллаб-қувватлаганлар - поляклар (80 фоиз) ва итальянлар (76 фоиз). Шу билан бирга, Россия газига боғлиқлиги юқорилигича қолаётган Германияда, ҳатто шахсий ноқулайликларни ҳисобга олган ҳолда, бу қарамликдан чиқишни маъқуллайдиганлар улуши барча Европа иттифоқи мамлакатлари орасида энг паст бўлди: 69 фоиз. 

Европа иттифоқи аҳолисининг ўз мамлакатларида урушдан қочган украиналикларни қабул қилишга тайёрлиги эса бутун Европа иттифоқида юқорилигича қолмоқда. Респондентларнинг 81 фоизи ушбу ёндашувни маъқуллашини айтди. Таққослаш учун: март ойида, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан сўнг, бу кўрсаткич 5 фоизга юқори эди. Францияда қочқинларни қўллаб-қувватлашнинг камайиши 8 фоиз пунктни, Нидерландияда 7 фоизни, Полшада эса 6 фоиз пунктни ташкил қилган. 

«Бизнинг рақамларимиз шуни кўрсатадики, европаликлар Украинага ёрдам бериш бўйича қатъий ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда. Айни пайтда, босим кучаймоқда ва у билан шахсий муаммолар ҳам ортмоқда. Ёрдам бериш истаги ва шахсий юк бир-бирига зид бўлиб, сиёсий можаро учун потенциал хавф яратиш эҳтимоли мавжуд», - деб огоҳлантирди Изабелл Хоффман. 

Сўров иштирокчиларининг учдан икки қисми (66 фоизи) Украинани ЕИ аъзоси сифатида кўришни хоҳлашини айтди. Бироқ, Европа иттифоқининг турли мамлакатларида ушбу ғояни маъқуллаш даражаси бир хил эмас. Шундай қилиб, Полшада респондентларнинг 84 фоизи қўшни давлатнинг Европа истиқболини қўллаб-қувватлади, Германия ва Францияда эса - 60 фоиздан. 

Респондентларнинг 71 фоизи фикрича, Европа иттифоқи аллақачон халқаро муаммоларни ҳал қилишда муҳим рол ўйнамоқда. Айни пайтда, респондентларнинг 77 фоизи АҚШни иттифоқчилар қаторида кўришни хоҳлашини айтган.

Бертельсман жамғармаси томонидан ўтказиладиган уч ойлик Eupinios сўрови учун маълумотлар 2022 йил июнь ойида тўпланган. Тадқиқотда бутун Европа иттифоқида яшовчи 12 000 киши иштирок этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид