Жаҳон | 22:00 / 06.10.2022
34097
11 дақиқада ўқилади

Жанубда ҳам кескин қарши ҳужум. Украина қўшинлари Херсонни қайтариб, Қримгача бориши мумкинми?

Лиманда Украина байроғи. Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Украина армияси cентябрда бошланган қарши ҳужумни давом эттирмоқда ва Россия томонидан ишғол қилинган ерларини катта тезлик билан озод қиляпти. Фақатгина сўнгги кунларнинг ўзида Украина қуролли кучлари Херсон вилоятидаги ўнлаб аҳоли яшаш манзилларини озод қилди ва рус қўшинларини Харкив вилоятидан деярли бутунлай қувиб чиқарди. Бир ҳафта ичида Россия армияси тўрт минг квадрат километр ҳудудни бой берди. «Медуза» нашри исроиллик ҳарбий эксперт Давид Гендельман билан фронтдаги вазият қандай ривожланиши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.

— Украина армиясининг ҳозирги қарши ҳужуми қандай давом этмоқда?

Украина армияси шимоли-шарқда ҳам, жануби-ғарбда ҳам қарши ҳужумга ўтмоқда. Демак, етарли миқдордаги стратегик захиралар тўпланган, захиралар эса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, аниқки катта кўламли ишлар олиб борилган.

Ҳозирда шимоли-шарқий йўналишдаги (Харкив) барча украин бўлинмалари Оскол дарёсининг шарқий соҳилида бирлаштирилмоқда. Бу Луҳанск шимолидаги йирик шаҳар — Сватовога ҳужум қилишга имкон яратади. Бу ҳудуддаги ғалаба Россиянинг Луҳанск вилоятидаги бутун шимоли-шарқий фронтини парчалаб ташлаши мумкин.

Шу билан бирга, биз Украина Херсон йўналишида ҳам муваффақиятга эришаётганини кўрмоқдамиз, бу ерга қўшимча захиралар ташланган. 4 октябр куни биз рус армиясининг яна бир жиддий чекинишига гувоҳ бўлдик: Украина армияси шарқий қанотдан Днепр мудофаасини ёриб ўтди, натижада россияликлар қуршовга тушмаслик учун марказий сектордан чекинишга мажбур бўлди.

— Россия армиясидаги муаммолар ва Украина қуролли кучларининг бундай фаол ҳужумлари орасида қандай боғлиқлик бор?

Россия армиясига фронтда аскарлар етишмаяпти. Натижада баъзи позициялар заифлашди ва бу позициялар украин разведкаси томонидан аниқланди. Ушбу ҳудудларда украинларнинг катта кучлари тўпланди ва муваффақиятли ҳужум уюштирди, оқибатда қўшни ҳудудлардаги рус қўшинлари ҳам қуршовга тушиб қолмаслик учун ортга чекинди.

Айнан, Украина ғалабага эришган Балаклия-Изюм операциясидан сўнг Россияда ниҳоят сафарбарлик эълон қилинди. Менимча юқоридаги операциядан сўнг ҳарбийлар Путинга фронтда тирик кучлар етишмаётганини айтган.

Ҳозирча сафарбарлик ўз самарасини бергани йўқ. Кўрамиз, сафарбар қилинганлар оммавий равишда фронтга олиб келина бошлаганда бу рус қўшинига қанчалик ёрдам бераркан. Аммо бунга қадар фронт чизиғи қаерда бўлиши ва уни қаерда мустаҳкамлаш керак бўлиши номаълум. Ҳозирча фронт чизиғи Украина фойдасига олдинга силжишда давом этмоқда.

— Украина қуролли кучлари Херсонни озод қилиши қанчалик ҳақиқатга яқин?

Бу Украина армияси у ерга қанча захира кучлари ташлагани ва руслар иккинчи мудофаа чизиғини қанчалик муваффақиятли барпо қила олишига боғлиқ. Ҳозирча бир нима дейиш қийин. Бир томондан, биз аллақачон украин кучларининг тўлиқ муваффақият билан олдинга силжишини кўрдик, бироқ бошқа томондан, Херсонни тўлиқ қайтариб олиш ва русларнинг бу ҳудуддаги гуруҳини йўқ қилиш учун бу ерга қанча Украина кучлари ташлангани ва яна қанча юборилиши мумкинлигини билмаймиз.

 — Ҳозирда Украина қўшинлари учун устувор мақсад нима ва ўз муваффақиятларини мустаҳкамлаш учун уларга қайси аҳоли пунктлари керак?

Биринчи навбатда – Херсон, шунингдек, фронтнинг Луҳанск вилоятидаги шимолий-шарқий сектори ҳам. Ҳозирда Украина армиясида икки асосий зарба нуқтаси бор. Стратегик ва географик жиҳатдан Херсон муҳимроқ. Лекин биз шимоли-шарқда кўпроқ кучлар тўпланганини кўрмоқдамиз. Балким, Россиянинг Бахмут ҳудудида силжишга уринишларини тўхтатиш бўйича ҳаракатлар олиб борилади.

Ҳар икки йўналишда ҳам ғалабаларни мустаҳкамлаш идеал вариант бўлар эди, аммо бу Украина қуролли кучлари яна қанча захирага эга эканига боғлиқ.

— Агар Украина қуролли кучлари ҳужуми ҳозирги суръатда давом эттирилса, Россия томонидан босиб олинган барча ҳудудларни озод қила олиш қанчалик ҳақиқатга яқин?

Ҳар қандай ҳужум эртами-кечми сустлашади: қурбонлар берилади, захиралар тугайди. Бир неча кун фаол олдинга илдамланади кейин, эҳтимол, оператив танаффус қилинади ва навбатдаги зарба учун куч тўпланади. Агар маълум бир секторда Россия мудофаасининг қайсидир позицияси қуламаса, келгуси ҳужум суръати сўнгги икки кундагидек кескин бўлиши даргумон. Эҳтимолий жиҳатдан бу юз бериши мумкин, аммо буни олдиндан режалаштириш ақлли иш бўлмас эди.

Бу уруш, бошқа нарсалар қаторида шуни ҳам кўрсатдики, ҳар қандай узоқ муддатли прогнозлар қилиш – самарасиз иш. Шунинг учун бу вазиятда қандайдир тахминни илгари суриш менимча нотўғри.

«Агар улар уч кунда фалон километр босиб ўтган бўлса, қолган кунларда яна қанча масофага силжийди?» деган савол қўйиш амалда ишламайди. Чунки шу километрларни босиб ўтиш учун қанча қон тўкилган, қанча ўқ-дори ва материаллар сарфланган.

Шу сабаб, Украина армияси бундай ҳужум даражасини узоқ ушлаб тура олмайди ва эртами-кечми тўхтайди. Энг асосий савол эса: улар айнан қаерда тўхтаб қолади?

Ҳозирча буни айтиш мушкул ва мен кейинги бир кеча кунда воқеалар қандай ривожланишини тахмин қилмаган бўлардим.

— Агар Украина қўшини мамлакатнинг барча қисмини озод қилишга эришса, улар Қримга ҳам боради деб ўйлайсизми?

Назарий жиҳатдан бу юз бериши мумкин. Ва эҳтимол бу Овертон ойнасини ҳам очиб юборади. Агар олдин кўпчилик Қримнинг Россияга ўтишини қандайдир кескин сиёсий ўзгариш деб айтган бўлса, ҳозирда ҳатто Россия Федерацияси учун ҳам аллақачон Херсон ва Қрим ўртасида ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас.

Бироқ ҳарбий режалаштириш жиҳатдан бунга қадар йўлдаги кўплаб ҳудудларни озод қилиш керак. Қрим – ҳозирда Украина армиясининг яқин келажакдаги мақсади эмас.

Украина армияси қарши ҳужуми икки ойдан кейин, Россияда сафарбар қилинганлар жангга тайёр бўлганда тўхтатиб қолиниши мумкинми?

— Сафарбар қилинганларнинг қанчадир қисми аллақачон фронтга юборилган. Тармоқларда сафарбар этилган ҳарбий асирлар билан видео-интервью пайдо бўлди, аммо интернетдаги барча роликларга ҳам ишониб бўлмайди.

Сафарбар қилинганларнинг биринчи тўлқинидан фойдаланишнинг энг самарали усули мавжуд бўлинмаларни улар билан тўлдиришдир. Бизга маълумки, фронтдаги рус армиясининг кўплаб батальонларида ҳозирда шахсий таркибнинг ярми ёки ундан ҳам камроқ қисми қолган. Бу усул орқали сафарбар қилинганлар тажрибали сафдошларидан жанговар ҳаракатларни ўрганиши мумкин.

Фақат сафарбар қилинганлардан иборат янги бўлинмалар тузиш эса қисмнинг сифат жиҳатидан ёмонлашувига олиб келади. Бундан ташқари, бундай бўлинмаларни тузиш кўп вақт талаб қилади. Чунки янги қисм ташкил қилиш учун индивидуал тайёргарлик, жанговар мувофиқлаштириш, дастлаб взвод, кейин рота ва батальон даражасидаги тайёргарлик, қўшимча қўмондонлик ходимлари ва моддий таъминот ажратиш каби вазифаларни бажариш лозим. Юқоридаги омиллар Россия олий қўмондонлиги сафарбар қилинганларни тезроқ фронтга ташлашни хоҳласа ҳам буни тезда амалга ошира олмаслигига сабаб бўлади.

Украина қарши ҳужумининг давомийлиги кўпроқ русларга эмас, балки Украина қўмондонлиги қанча жанговар захирага эгалигига ва уларнинг қанчасини фронтга ташлашга тайёр эканига боғлиқ. Сўнгги икки кун давомида фаол олдинга силжиш кузатилди. Қарши ҳужум бу суръатда узоқ давом этмаслиги аниқ, аммо камида сўнгги илгарилаш учун куч мавжуд ва биз Украина армияси етарли захирага эга экани ҳамда улардан жуда самарали фойдаланаётганини қайта-қайта кўриб турибмиз. 

Ҳозирча Сватово ва Херсон ҳудудларида фронт чизиғи барқарорлашгани ноаниқ. Афтидан, руслар иккинчи мудофаа чизиғини барпо қилмоқда. Кўрамиз, яқин келажакда улар бунинг уддасидан чиқа олармикан.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Украина армияси, шубҳасиз, кўп сонли россиялик сафарбар қилинганлар фронтга ташланишидан олдин иложи борича янада олдинроққа силжишга ва ўз муваффақиятларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.

— Сафарбарликдан ташқари, Россия армияси Украина қуролли кучлари ҳужумини секинлаштириши мумкин бўлган яна қандай бошқа воситалар бор?

Шахсий таркиб етишмовчилиги шароитида рус армияси асосан душманнинг орқа томонига: инфратузилмалар ёки захираларга зарба берувчи қуролларга, масалан, ракета ва самолётларга таянади. Бунга мисол сифатида, Харкив йўналишидаги қарши ҳужумдан сўнг руслар дарҳол инфратузилма объектларига, хусусан, электр станцияларига ҳужумлар уюштиришни бошлаганини келтириш мумкин.

Ҳозир биз Эрон дронлари ёрдамида худди шу услубда турли объектларга хуруж қилиш тўлқинини кўрмоқдамиз. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар шахсий таркибда етишмовчилик бўлса, шубҳасиз, қўлланиши мумкин бўлган ягона қуроллар – артиллерия ва авиациядир. Эрон дронлари ҳам бу борада ёрдам бериши мумкин, аммо уларда (русларда) ҳозир бошқа ҳеч нарса йўқ.

— Эрон дронлари қанчалик хавфли?

Бу дронлар асосан фронт орқасига зарба беришга мўлжалланган, биз буни ушбу дронлар орқали анчадан бери ҳеч қандай ҳужумга учрамаётган Киев вилоятидаги Белая Церков шаҳрига берилган тунги зарбалар мисолида кўрдик. Бу зарба Украина қуролли кучларининг 72-бригадаси жойлашган манзилга берилди.

Шунингдек, улар орқали Одесса ва Миколайив шаҳарларига муттасил ҳужумлар уюштирилмоқда. Кунига ўнлаб дронлар қўлланади, улар қиммат қанотли ракеталарнинг ўрнини босувчи арзон қуроллардир.

Умуман олганда, айнан шу сабаб туфайли Россия Эронга мурожаат қилган – бу борада Эронгина керакли ёрдамни бериши мумкин эди. Ва биз нисбатан арзон қуроллар билан ҳам яхши натижаларга эришиш мумкинлигини кўрмоқдамиз. Стратегик жиҳатдан бу дронлар урушда бурилиш ясамайди, лекин тактик жиҳатдан улар Украина қуролли кучлари учун шубҳасиз ёқимсиз бўлади.

— Куз ва қиш фасли Украина қарши ҳужуми тезлигига қандай таъсир кўрсатади?

Ҳозир Украинада ёмғир ёғмоқда ва ҳаво булутли, бундай шароитда дронлардан, умуман авиациядан фойдаланиш бироз қийинчилик туғдиради. Қуруқлик қўшинлари ҳам ёмғир ва лой сабаб олдинга силжишни секинлаштиради, аммо уларнинг кейинги ҳаракатлари ёмғир яна қанча давом этишига боғлиқ.

Қиш ва қаттиқ совуқ келганда ҳарбий жиҳатдан вазият енгиллашади, чунки лой натижасида ботқоқ бўлган йўллардан кўра музлаган йўлларда ҳаракат қилиш осонроқ. Бу жиҳатдан қиш совуғи, эҳтимол, ҳужум қилаётган томонга ҳатто ёрдам бериши ҳам мумкин.

Мавзуга оид