Ўзбекистон | 21:20 / 06.10.2022
40585
3 дақиқада ўқилади

“Комиловнинг чиқишидан кейин биз учун 1 ҳафтага иқтисодий буҳрон бошланганди” — Алишер Қодиров

“Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров Kun.uz сайти ташкиллаштирган давра суҳбатида собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Украина ҳудудий яхлитлиги бўйича билдирган фикрларидан кейин Ўзбекистонга нисбатан иқтисодий буҳрон бошлангани ҳақида гапирди.

“Абдулазиз Комиловнинг ўша чиқиши Ўзбекистоннинг энг дадил чиқиши эди. Бироқ ўша чиқишдан кейин биз учун 1 ҳафта иқтисодий буҳрон бошланди. Биласизми, Ўзбекистоннинг шимол томондан океанга очилиш йўналиши 1 ҳафтага махсус фалажлантирилди. Мана шу ҳақда гапириш керак.

Қаранг, иқтисодий қарамлик масаласи... Нима учун Ўзбекистон эҳтиёткор бўлиши керак? Ўзбекистон бугун шундай жойлашганки, экспорт қилмаса, яъни жаҳон бозорига чиқмаса, ривожланиш ўз-ўзидан бўлмайди.

Мен буни шу пайтгача атайлаб қилинган деб ҳисоблайман. Яъни Афғонистондаги нотинчлик, бизнинг Афғонистон коридоридан фойдалана олмаётганимиз махсус, сунъий ташкил қилинаётган бир масала, конфликт деб ҳисоблайман.

Ҳалигача Афғонистон коридорини очолмаётганимиз, шунингдек, Эроннинг Чобаҳор портидан маълум вақт фойдаландик ва охирги кризислардан кейин бу масала ҳам ёпилди. Мана шу коридорлар очилмаяпти.

Бу коридорлар очилмаслиги ва шимолий оқимга зарурат мунтазам ушлаб турилишини ким ва нима учун ташкил қиляпти деб ўйлайсиз? 

Мана шу жараённи бошқараётганлар сизнинг ташқи ахборот ресурслари билан бемалол тез-тез фикрларингиз ўзгариб кетишидан манфаатдор эмас. 

Хўш, сиз ўз ишларингизни бемалол амалга ошира оламан деб ўйлайсизми? Йўқ, бўлмаяпти. Шунинг учун мен юқоридаги гапни айтдим, ривожланиш – тўсиқларнинг устидан ўтиш дегани. Бизда эса бу тўсиқлар жуда катта, оғир. Бу тўсиқлардан ўзимиз ўтмасак, бошқа биров ўтказиб қўймайди. Бу жуда оғир”, – деган Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.

Маълумот учун, Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 17 март куни Сенатдаги чиқиши давомида Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олиши, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни эса тан олмаслигини билдирганди.

Орадан ўн икки кун ўтиб эса Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Комиловнинг сурункали касалликлари туфайли Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олгани ва саломатлигини янада чуқурроқ текшириш зарурати юзага келгани туфайли хорижда даволанаётганини маълум қилди.

27 апрел куни Абдулазиз Комилов президентнинг тегишли фармони билан Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимидан озод қилинди.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид