Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Танзила Норбоева: «Одам савдосига алоқадор хориждаги шахсларни аниқлаш ишлари талаб даражасида эмас»
5 октябрь куни Тошкентда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Суҳбат доирасида Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоеванинг ЕХҲТ Одам савдосига қарши курашиш бўйича махсус вакили Валиант Ричи билан иккитомонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда жаноб Ричи Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш юзасидан амалга оширилган ислоҳотларга юксак баҳо бериб, парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ўз ўрнида ЕХҲТ доирасидаги давлатларнинг одам савдосига қарши курашишга мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлари Ўзбекистоннинг амалий таклифи бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ЕХҲТ томонидан барча зарур кўмак кўрсатилиши билдирилди.
Сенат раиси Танзила Норбоева тадбир давомида одам савдоси жинояти халқаро миқёсдаги глобал муаммолардан бири ҳисобланишини, бу иллат нафақат одам савдосидан жабрланган шахслар, балки уларнинг оиласи, айниқса фарзандлари учун, жамият учун ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқарувчи хавф эканини таъкидлади.
«Энг ёмони, одам савдоси айрим шахслар учун катта даромад манбаи бўлиб, ушбу даромадлар глобал хавфсизликка таҳдид солишга хизмат қилаётгани ачинарли ҳолатдир», деди Норбоева.
Шунингдек, Сенат раиси бу иллатнинг трансмиллий характерга эга эканини, бир ҳудудда, давлатда бошланиб, бошқасида давом этишини ва яна бир учинчи давлатда бошқача тусга киришини, шу тариқа глобал хавфсизликка таҳдид солишини таъкидлади.
«Биз аксарият ҳолларда мамлакатимиз ичидаги жиноятга алоқадор бўлган, ёллаш билан шуғулланадиган шахсларни аниқлаяпмиз холос. Лекин айнан хорижда уларни эксплуатация қилаётган шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортилишига эришиш ишларини ҳали талаб даражасида деб бўлмайди. Ушбу давлатларнинг тегишли органлари билан ўзаро ҳамкорлик самарали йўлга қўйилмагани туфайли бу борада реал натижага эришилмаяпти», деди Норбоева.
Сенат раиси одам савдосига қарши курашда нодавлат нотижорат ташкилотлари ролини янада ошириш зарурлигини таъкидлади.
«Одам савдосига қарши курашда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ва миллий даражадаги амалий тадқиқотларни йўлга қўйиш, парламентлараро, ҳукуматлараро, идоралараро алоқаларни янада кенгайтириш зарур. Бу ишларни ташкил этишда халқаро ҳамкорларимизнинг методик, консультатив, техник кўмаги ҳам зарур», деб қўшимча қилди Норбоева.
Мавзуга оид
17:06 / 10.07.2026
Танзила Норбоева: Халқаро рейтинг ва индексларда муносиб ўрин эгаллаш — бу шунчаки рақам ёки статистика эмас
08:50 / 07.07.2026
59 мамлакатда одам савдоси тармоқларига зарба берилди
20:56 / 06.07.2026
Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик даражаси паст, аммо муаммолар сақланиб қолмоқда - тадқиқот
19:55 / 02.07.2026