09:17 / 07.10.2022
7430

Европа иттифоқининг Россия фуқароларига қарши санкциялари янгиланган рўйхати эълон қилинди

Европа иттифоқи шахсий санкцияларининг янгиланган рўйхати эълон қилинди. 

Фото: Getty Images

Чекловлар остида, жумладан артистлар Олег Газманов, Николай Расторгуев ва Юлия Чичерина, файласуф Александр Дугин қолди. 

Луҳанск, Донецк, Запорижжя ва Херсон областларининг босиб олинган ҳудудларида Россия томонидан тайинланган амалдорларга нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди.

Россия Мудофаа вазирлигининг бир қатор ходимлари санкциялар остида қолди: мудофаа вазири ўринбосарлари Дмитрий Булгаков, Юнус-Бек Евкуров, Руслан Цаликов, Юрий Садовенко, Тимур Иванов ва 41-умумқўшин армия қўмондони Сергей Рижиков.

Россия Марказий сайлов комиссияси ва унинг раҳбари Элла Памфиловага қарши санкциялар жорий этилди. 

Банкнотлар, тангалар ва паспортлар ишлаб чиқарадиган Молия вазирлигига бўйсунувчи «Госзнак» ва бир қатор корхоналар ЕИ чекловлари остида қолди: Иркут корпорацияси, Авангард Москва машинасозлик заводи, Дегтярев заводи, Факел МКБ ва Ганичев номидаги Сплав НПО. 

Бундан олдин Европа иттифоқи Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини тасдиқлади.

Янги санкциялар 2022 йил декабридан Россия нефтини ва Россиядан келиб чиққан нефть маҳсулотларини (2023 йил февралидан) учинчи давлатларга ташиш, шунингдек, тегишли молиявий ва бошқа хизматлар кўрсатишни тақиқлашни сақлаб қолади. 

Бундан ташқари, Россия нефтига нарх чегараси жорий этилмоқда: агар РФдан нефть ва нефть маҳсулотлари белгиланган нархдан арзонроқ сотиб олинса, европалик операторларга уни ташишга рухсат берилади. Бу нарх алоҳида белгиланади.

Саккизинчи пакет, шунингдек, Россиядан умумий қиймати 7 миллиард евро бўлган товарларни, шу жумладан, тайёр пўлат буюмлар, машиналар, транспорт воситалари, айрим кимёвий моддалар, кийим-кечак ва заргарлик саноати учун материаллар импортини тақиқлашни ҳам ўз ичига олади. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top