Жамият | 20:12 / 08.10.2022
74384
4 дақиқада ўқилади

Ўйламай оғиз йиртиш қамоқ билан якун топди. Оққўрғонликларни жунбишга келтирган воқеа тафсилотлари

Ички ишлар ходими экани айтилган шахс номаълум аёл билан телефондаги суҳбат чоғида бутун ўзбекистонликларни бўралатиб сўккани ёзилган аудио жамоатчиликни жунбишга келтирди. Ижтимоий тармоқларда иззат-нафси топталганидан ғазаб отига минган одамлар Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ИИБга бориб, ўзларини асоссиз ҳақоратлаган ходимни топиб беришлари талаб қилинган видеолар тарқалди.

Ички ишлар органи раҳбарлари одамлар олдига чиқиб, ходимининг ҳаракатлари учун жавоб беришга мажбур бўлишди.

Kun.uz манбаларининг айтишича, аудиода алоҳида “ҳурмат” билан тилга олинган кўплаб оққўрғонликлар оғзиботир ходимни излаб унинг уйигача боришган.

Сўконғич ходимни топиб беришни сўраб Оққўрғон ИИБга борган одамлар.
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Интернетда уни отга судратиб жазолашни таклиф қилганлар пайдо бўлган. Йигитнинг онаси ўғлининг бепарда сўзлари учун жамоатчиликдан узр сўради.

Кўп ўтмай Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳаммамизни бўралатиб сўккан йигитнинг видеосини тарқатди. У ахлоқсиз қилмиши учун халқдан йиғлаб кечирим сўраркан, ўша пайтда маст ҳолатда бўлганини айтади.

“Ўша пайтда мен маст ҳолатда эдим. Жаҳлим чиқиб ҳар хил сўзлар билан ҳақоратладим. Нималар деганимни ўзим ҳам билмайман. Бутун Оққўрғон аҳолисидан, Ўзбекистон аҳолисидан бир умр кечирим сўрайман. Бу ишларимдан пушаймонман. Ота-онамдан ҳам кечирим сўрайман”, деган у.

Бепарда сўзлар билан оққўрғонликлар ва бутун ўзбекистонликларни ҳақорат қилган собиқ профилактика инспектори Аббос Сулаймонов.
Фото: Видеодан скриншот.

Бироқ аудиода эркакнинг гапириш оҳанги маст одамникига ўхшамайди. Афтидан у оломоннинг ғазабидан қутулиб қолиш учунгина шу баҳонани ўйлаб топган ёки унга бу гапни кимдир ўргатган.

Ҳолат юзасидан баёнот берган Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов бутун ўзбекистонликларни ҳақорат қилган шахс 2022 йилда профилактика инспектори лавозимига ишга қабул қилинганини тасдиқлади. Маълум бўлишича, 30 ёшдаги ходим кўп ўтмай хизмат фаолияти давомида ўзини салбий томондан кўрсатган, шу боис ички ишлар ходими деган номга нолойиқлиги ва ноўрин хатти-ҳаракатлари сабабли 30 август куни ички ишлар органларидан бўшатилган.

2 октябрь куни Оққўрғон туман прокуратураси рўй берган ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "г" банди билан жиноят иши қўзғатган, оғзи шалоқ собиқ ходим қамоққа олинган.

Депутат Расул Кушербаевга кўра, бу воқеа давлат хизматига кадр танлашда жиддий нуқсон борлигини кўрсатади.

“Ходим номус чегарасидан ўтиб, бутун ўзбекистонликларни бўралатиб сўкди, оққўрғонлик эркакларнинг ор-номусини ерга урди. Ушбу ҳолат давлат хизматига кадр танлашда жиддий нуқсон борлигини кўрсатмоқда. Яъни кадрнинг маънавий дунёси, хулқи ва муомала маданияти қандайлигига қаралмайдиган кўринади.

Инсон қанчалик билимли, уддабурон бўлмасин, маънавияти юксак бўлмаса, иш олиб боришда зўрлик ва сўкинишга таяниши мумкин экан. Бундай кадрнинг ҳеч қандай қиймати йўқ ва ундайлар давлат хизматида бўлиши мумкин эмас.

Менимча, бунга давлат хизматига кадр танловчи масъуллар принципиал қоида сифатида қарашлари керак. Акс ҳолда ер юзида ўзбекистонликлар ўзларига хизмат қилувчи амалдорларининг сўкиши остида яшайдиган халқ бўлиб қолаверади”, дейди депутат.

Оққўрғондаги воқеа бутун бошли бир ҳудудни ҳақоратлаш билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. Ўтган йили Ургут туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи эркак Ғўс қишлоғи аёлларини ҳақоратлаган видео тарқалган, шаъни ва қадр-қиммати қасддан таҳқирланган одамлар видео муаллифининг танобини тортиб қўйиш учун унинг уйига бостириб боришганди. Ўшанда ҳам сўконғич эркак қамоққа ташлаш орқали оломон ғазабидан сақлаб қолинганди.

2021 йили Ургут туманида рўй берган тўполон. Фото: Ижтимоий тармоқлар

Кейинчалик қонунбузар жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «г» банди, 140-моддаси 2-қисми ва 276-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилган ҳамда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 

Мавзуга оид