Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Криптовалюта орқали 170 минг доллар пулини ўзгаларга ўтказиб юборган фуқаро омбудсманга мурожаат қилди
Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан криптодўкондан фуқаро фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилди.
Фото: Unsplash
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати фуқароларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Маълум қилинишича, фуқаро М.П. ўзининг эҳтиётсизлиги ва соддалиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлгани юзасидан омбудсманга мурожаат қилган . У мурожаатида 2024 йил декабр ойида ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими деб таништирган шахслар таъсирида криптовалюта орқали 170 000 АҚШ долларини ўтказиб юборганини билдирган. Шу мақсадда у автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларини йўқотган, ҳатто қарзга кирган.
М.П. Киберхавфсизлик марказига расмий тарзда мурожаат қилгач, жиноят иши қўзғатилган.
“Омбудсман шикоятда кўрсатилган важларга аниқлик киритиш мақсадида Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Мурожаат ҳамкорликда ўрганилиши натижасида Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан криптодўкондан фуқаро М.П. фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) ундириб берилди.
Омбудсманга фирибгарлик билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушади, аммо уларнинг катта қисмида маблағларни қайтариш имкони бўлмайди. Бу эса бундай ҳолатларга алданмаслик ва олдиндан огоҳ бўлишни тақозо этади”, дейилади омбудсман матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, омбудсман фуқароларга қуйидаги тавсияларни берган:
• Ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган, аммо шахсий рақамлар орқали қўнғироқ қилаётган, тўлов ёки маълумот сўраётган шахсларга ишонманг;
• Телефон орқали паспорт ёки ID-карта, пластик карта, PIN-код, SMS-код каби шахсий маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилманг;
• Сиз танимаган шахслар криптовалюта орқали тўлов қилишга ундаса, бу ҳолатни дарҳол тўхтатинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг;
• Давлат органлари, идора ва ташкилотлар ўз фаолиятини фақат расмий каналлар орқали амалга оширади. Шубҳали ҳолатларда тегишли идоранинг ишончли рақамлари орқали тасдиқ олинг.
Мавзуга оид
22:49 / 24.11.2025
Ню-Йорк аҳолисига синов тариқасида 12 минг доллардан криптовалюта тарқатилади
22:42 / 11.11.2025
Хитойлик «криптоқиролича» Британияда қарийб 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
08:50 / 10.11.2025
Интернетда 600 нафар фуқарони алдаган гуруҳ қўлга олинди: 1 млрд сўмдан ортиқ пул ўзлаштирилган
15:21 / 06.10.2025