Жаҳон | 15:37 / 10.10.2022
23921
3 дақиқада ўқилади

Лукашенко Беларусда рус қўшинлари жойлаштирилишини эълон қилди

«Иттифоқ давлатининг ғарбий чегараларида вазият кескинлашгани муносабати билан» Беларус ва Россия президентлари қўшинларнинг минтақавий гуруҳларини жойлаштириш бўйича келишиб олган.

Фото: БелТА

Россия қўшинлари Беларусга жойлаштирилади. Бу ҳақда Беларус президенти Александр Лукашенко маълум қилди.

«Иттифоқ давлатининг ғарбий чегараларида вазият кескинлашгани муносабати билан Россия ва Беларуснинг минтақавий гуруҳларини жойлаштириш бўйича келишиб олдик. Агар таҳдид даражаси ҳозирги каби юқори бўлса, биз Иттифоқ давлатлари гуруҳларидан фойдаланишни бошлаймиз.

Аввал айтганимдек, бу гуруҳнинг асоси Беларус армияси бўлади. Гуруҳларни шакллантириш бошланганидан сизларни хабардор қилмоқчиман. Жараён икки кундан буён давом этмоқда. Гуруҳларни тузиш бўйича мен топшириқ берганман», деди у.

Лукашенко Иттифоқ давлати деб Беларус ҳамда Россияни назарда тутмоқда. Бу икки давлат ўзаро интеграция (бирлашиш) бўйича кўп йиллардан буён учрашувлар ўтказиб келмоқда ва дипломатик кўринишда бирлашишни Иттифоқчи давлат деб атаб келишади.

Беларус президенти Иттифоқ давлати ҳарбий гуруҳини тузиш жараёнида Россиядан кўп қўшин тўпланишига умид қилмаётганини айтган: «Биласиз, ҳозир уларнинг муаммоси ўзига етарли, шу сабаб Россиядан кўп ҳарбий келишига ишончим комил эмас. Аммо бу минг кишигина келади дегани эмас», дейди Лукашенко.

У мамлакат мудофаа вазирига Россиядан келадиган қўшинларни қабул қилиб, жойлаштириш бўйича кўрсатма берган.

Лукашенко яна бир бор Украина ҳудудида Беларусга зарба беришга тайёрланишгани ҳақида гапирди: «Норасмий каналлар орқали Беларусга Украина ҳудуди орқали зарба берилишидан огоҳлантиришди. Улар «Шундай қиламизки, бу «Қрим кўприги-2» бўлади, деган эмиш. Украина президенти ва бошқаларга айтиб қўйинглар: бир қарич еримизга қўлларини теккизишса, Қрим кўприги уларга гулчадай кўриниб қолади, дедим. Бу сизларнинг вазифангиз, менинг гапларимни буйруқ деб қабул қилинг», деди Лукашенко ҳарбийларга.

Унинг айтишича, Ғарб Украинани Беларус билан урушга чорламоқда, Украинада Беларусга зарба бериш борасида режа ҳам тузилган. Лукашенконинг фикрича, «муваффақиятларидан руҳланган Украина» ҳамма билан урушмоқчи.

Аввалроқ Беларус президенти мамлакат Россия томонидан Украинада ўтказилаётган «махсус ҳарбий амалиёт»да иштирок этаётганини тан олган, лекин Беларус ҳарбийлари ҳеч кимни ўлдирмаётганини таъкидлаганди.

Украина уруш бошланганидан буён Киевга рус қўшинлари айнан Беларус ҳудудидан кириб келгани, бу мамлакат ҳудудидан эса Украина томонга кўплаб ракета зарбалари берилганини айтиб келади.

Мавзуга оид