Жаҳон | 17:13 / 11.10.2022
17106
2 дақиқада ўқилади

Лондон: Россияда урушни давом эттириш учун ўқ-дорилар тугаяпти

Британия киберразведкаси маълумотларига кўра, Путиннинг кўплаб хатолари натижасида Россия армиясида захиралар тугай бошлаган. Урушнинг оқибатлари тобора кўпроқ россияликларга бевосита таъсир қиляпти.

Фото: AFP

Британия разведка хизмати раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Украина билан уруш олиб бориш учун ўз ўқ-дорилари захирасини амалда тугатган. Бу ҳақда 11 октябр, сешанба куни BBC радиостанцияси эфирида электрон разведка билан шуғулланувчи Британия разведка агентлиги GCHQ раҳбари Жереми Флеминг маълум қилди.

«Биз ва жойлардаги рус қўмондонлари ҳам билишадики, уларнинг таъминоти ва ўқ-дорилари тугаб бормоқда», - деди Флеминг. Бундан ташқари, асирлар ва тажрибасиз одамларнинг урушга сафарбар этилиши Россия армиясидаги умидсиз вазиятдан далолат беради, деб ҳисоблайди киберразведка раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин кўплаб стратегик хатолар ва нотўғри ҳисоб-китобларга йўл қўйди, сабаби у ўз буйруғига қарши позицияга учрамайди. Путин бошлаган урушнинг оқибатлари руслар учун аён бўлмоқда, деди Флеминг: улар энди саёҳат қила олмаслигини тушунишяпти ҳамда замонавий технологиялардан маҳрум бўлишяпти, шу сабабли сафарбарликдан қочишяпти.

Лондон Россия ядро қуролидан фойдаланишга жиддий тайёр эканини ўз вақтида пайқашга умид қилмоқда. «Умид қиламанки, агар улар (Россия расмийлари) бунга қарор қилишса, биз қандайдир аломатларни кўрамиз. Лекин аниқ айтайлик, агар улар бу вариантни кўриб чиқса, бу кўплаб одамлар айтган маънода - ҳақиқий фалокат бўлади», - деб огоҳлантирди Флеминг.

Украина Миллий хавфсизлик хизмати ядровий зарба бериш эҳтимоли йўқ деб ҳисоблайди, аммо воқеаларнинг ҳар қандай ривожланишига тайёрланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид