Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ОАВ: Россия 10 октябр кунги ракета зарбалари учун камида 400 миллион доллар сарфлади
Украинадаги Forbes нашри 10 октябр куни мамлакат бўйлаб амалга оширилган ракета зарбалари Россия бюджетига қанчага тушганини ҳисоблаб чиқди. Нашр талқинига кўра, бир кунда 400-700 миллион долларлик ракеталар сарфланган.
Нашр расмий шахслар баёнотларига таяниб хабар беришича, Украинага жами 84 та қанотли ракеталар учирилган, шунингдек, ҳужумларда 24 дона дрон ҳаракатланган.
Қайд этилишича, учирилган ракеталарнинг ҳар бирининг типи аниқ эмаслиги туфайли бу қиймат кенг диапазонда баҳоланади. Мавжуд маълумотларга кўра, Украина ҳудуди бўйлаб Х-101, Х-555, «Калибр», «Искандер», «Торнадо-С» ва С-300 ракеталари учирилган.
Харажатларни ҳисоблаш учун Forbes қуйидаги ҳисоб-китобдан фойдаланган: Х-101 ракеталари нархи — 13 миллион доллар, «Калибр» 6,5 миллион доллар, «Искандер» — 3 миллион доллар, «Оникс» — 1,25 миллион доллар, Х-22 — 1 миллион доллар, «Точка-У» эса — 300 минг доллар. 10 октябр куни учирилган барча дронларнинг жами нархи — бир неча миллион долларлик.
- Аввалроқ Forbes россиялик ҳарбийлар урушнинг дастлабки икки ойида Украина бўйлаб 1300 дан ортиқ ракета учиргани, уларнинг қиймати 7,5 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилганди.
- Россия қўшинлари 10 октябр куни Украина шаҳарлари бўйлаб ёппасига ўт очишди, жумладан сўнгги ойларда илк бор пойтахт Киевга ракета зарбалари берилди. Бу ҳужумлар Украина бўйлаб электр ва ичимлик суви таъминотида узилишларга олиб келди. Россия ҳукумати бу зарбалар 8 октябр куни Қримда рўй берган портлашга жавоб эканини билдирган.