Жаҳон | 20:25 / 11.10.2022
12110
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг Россиянинг Украинадаги эҳтимолий ғалабасига йўл қўйиб бўлмаслигини айтди

Фото: Yves Herman / Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинадаги можарода Россиянинг эҳтимолий ғалабаси Шимолий Атлантика альянсининг мағлубияти бўлишини тан олиб, бунга йўл қўйиб бўлмаслигини айтди.

«Россиянинг ғалабаси НАТО мағлубиятини англатади, бунга йўл қўйиб бўлмайди. 10 октябрь куни Украинанинг оммавий ўққа тутилиши Россиянинг кучсизлигидан далолатдир, чунки Россия жанг майдонида олдинга бора олмаяпти.

Альянс Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш нияти борлиги ҳақидаги белгиларни кўрмаяпти, аммо ҳушёр бўлиб турибди. НАТО келаси ҳафтада ядровий тийиб туриш машқларини ўтказади.

НАТО мудофаа вазирлари Украинага ёрдамни кучайтирадилар. 12-13 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда Украина Мудофаа вазири ҳам иштирок этади.

НАТО қурол захираларини кўпайтириш ва муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш чораларини кўради. НАТО мамлакатлари инфратузилмасига гибрид ҳужумлар ва киберҳужумлар альянснинг жамоавий мудофаа ҳақидаги шартномасининг 5-моддаси фаоллашишига олиб келиши мумкин», деди Столтенберг.

30 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакатнинг  НАТОга тезкор кириши учун ариза топшираётганини маълум қилди. Ташаббус Канада, Польша, Словакия, Чехия, Руминия, Литва, Эстония, Латвия, Хорватия, Черногория ва Шимолий Македония томонидан қўллаб-қувватланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид