Украинага қаторасига иккинчи кун ракета зарбалари берилди
Россия сешанба куни ҳам Украинанинг турли ҳудудларига қанотли ракеталар ва дронлар билан зарба йўллашда давом этди, аммо иккинчи кунги ҳужумлар бир кун олдинги каби интенсив бўлмади. Экспертлар Россиянинг юқори аниқликдаги қуроллари захиралари тугаётганини айтишмоқда.
Сешанба куни Киев, Запорижжя, Винница, Лвив, Ивано-Франкивск, Днепропетровск, Хмелницкий, Миколайив, Ривне ва Одесса областларидан зарбалар ҳақида хабарлар келган. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогалари янграган.
Россия нашрлари ҳам ҳарбий цензура қоидаларига риоя этилган ҳолда Украина шаҳарларидаги ҳаво тревогалари ҳақида хабарлар беришган. Улар аввал бундай хабарларни эътиборсиз қолдирар, аммо бу сафар қаторасига иккинчи кун хабар беришмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги ҳам нафақат ҳарбий объектлар, балки Украина энергетика объектларига «ёппасига зарбалар» берилаётганини яширмаяпти. Шу билан бирга, вазирлик пресс-релизида бир кун олдинги гаплар такрорланган: «Мақсадга эришилди. Барча белгиланган объектларга зарба берилди».
Аммо, Украина расмийлари хабарларига кўра, иккинчи кунда Украина энергетика инфратузилмалари бўйлаб ракета зарбалари интенсивлиги биринчи кундаги билан таққослаганда анча сусайган. Биринчи кунги зарбалар оқибатида камида 23 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жабрланган.
Бу сафар қаерларга зарбалар берилди?
Тунда Запорижжя ҳужумга учраган. Бу бир ҳафта ичида шаҳарга тўртинчи бор зарба берилиши бўлди. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старухнинг сўзларига кўра, ҳужумлар нишони инфратузилма объектлари бўлган. У айнан қандай объектларга зарба келганига аниқлик киритмади. Шу билан бирга фуқаролик қурилмалари ҳам шикастланган. Вайрон бўлган автосалонда бир киши жасади топилган. Шунингдек мактаб ва поликлиника бинолари шикастланган. Старух Запорижжяга ҳужумда С-300 зенит-ракета мажмуасининг 12 та ракетаси учирилганини маълум қилган.
10 октябр куни Россия зарбаларининг асосий мақсади энергетика инфратузилмалари бўлганди. Украина бўйлаб 1,3 мингдан ортиқ аҳоли яшаш манзиллари электрсиз қолганди, уларнинг бир қисмида ичимлик суви ва алоқа ҳам узилган. Тонгга келиб чироқсиз қолаётган аҳоли яшаш манзиллари сони 300 та атрофида эди.
Тонгда Россия қуролли кучлари яна энергетика объектларига зарбалар йўллади - камикадзе дронлар Винницкая областидаги Ладижинская ИЭСга ҳужум қилган. Винницкая областига доим ҳам зарба берилавермайди ва 10 октябр куни ҳам Украинанинг ўққа тутилган ҳудудлари қаторида йўқ эди. Аммо июл ойида Винница шаҳри марказидаги Офицерлар уйига берилган зарба оқибатида 27 киши ҳалок бўлганди. Бу сафар қурбонларсиз ўтди - электр станцияси шикастланган, такрорий зарба оқибатида олти киши яраланган.
Киевда куннинг биринчи ярмида ҳаво тревогаси беш соат давомида сақланиб қолди. Шаҳар атрофида россияликларнинг бир неча ракетаси уриб туширилган. «Украина пойтахтида ҳеч қандай портлашлар бўлмади. Шунинг учун айтишим мумкинки, бугунги кун ҳеч қандай ҳодисаларсиз, нормал бошланди», деган шаҳар мэри Виталия Кличко.
Бир кун олдин Киев марказига ракеталар келиб тушган, инфратузилма объектларидан ташқари ўнлаб уйлар шикастланган, автомобиллар ёниб кетган, камида беш киши ҳалок бўлганди. Украина давлат фавқулодда вазиятлар хизматига кўра, мамлакат бўйлаб жами қурбонлар сони 20 нафарни ташкил этди.
Қаторасига иккинчи кун Лвив областида портлашлар кузатилди. Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий иккита энергетика объектидаги уч портлаш тўғрисида хабар берган. «Айни вақтда тўртта электр подстанциясига зарба келиб тушган, шундан иккитасига такрорий зарбалар берилган. Очиғини айтадиган бўлсам, улардан ҳеч нарса қолмади», деган у журналистларга.
Ракета зарбалари оқибатида Лвивнинг 30 фоиз ҳудуди электр таъминотисиз қолган. Шаҳар мэри Ондрий Садовий шаҳарнинг икки районида ичимлик суви таъминотида ҳам узилишлар бўлаётганини айтган.
Днепропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентина Резниченко беш соатлик ҳаво тревогасидан кейин иккита райондаги энергетика инфратузилмаларига ракеталар келиб тушганини хабар қилди. «Жиддий вайронгарчиликлар бор. Кўплаб аҳоли яшаш манзиллари светсиз қолган», дея ёзган у телеграм-каналида. Областда шифохоналар ва транспорт фаолиятини таъминлаш учун «электр энергиясини тотал тежаш» режими киритилган.
Хмельницкий области ҳарбий маъмурияти вакили Сергей Гамалий сешанба куни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эроннинг Shahed-136 камикадзе дронларини уриб туширгани ҳақида маълум қилди.
Ракеталар тугаяптими?
Киев вақти билан сешанба куни соат 15:00 да Россия 28 та қанотли ракета учирган. Бу ҳақда хабар берган Украина армияси ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат бу якуний рақамлар эмаслигини айтган.
Украина қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Залужний 10 октябр кунги ҳужумларда 84 ракета ва 24 та камикадзе дронлари қўлланганини маълум қилганди. Ракеталар сони камайгани ва дронлардан фойдаланиш давом этаётгани Ғарб экспертларининг Россияда юқори аниқликдаги қуроллар захиралари тугаётгани ҳақидаги фаразларига мос келади.
Игнатнинг айтишича, сешанба куни Россия армияси яна юқори аниқликда ҳаракатланувчи қуроллардан фойдаланди: Ту-95МС стратегик авиация самолётларидан учирилувчи Х-101/Х-555 қанотли ракеталари, ҳарбий кемадан учирилувчи «Калибр» қанотли ракеталари, Эрон етказиб берган Shahed-136 камикадзе дронлари. У мамлакатнинг турли ҳудудларида 28 ракетадан 20 таси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали тутиб қолинганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, украин ҳарбийлари 13 та дроннинг барчасини уриб туширган.
Электрон разведка билан шуғулланувчи Британия разведка агентлиги GCHQ раҳбари Жереми Флемингнинг маърузасида айтилишича, Украина урушнинг боришини ўзгартирди ва ҳолдан тойган россиялик ҳарбийларга қарши турмоқда.
Агентликдагиларнинг ҳисоблашича, Украина ҳудуди ёппасига ракета зарбаларига учраётган бўлса-да, Россия ҳарбийларида ўқ-дорилар захираси тугамоқда, Россия президенти Владимир Путиннинг «ёппасига ўққа тутиш» қарори эса хатолик бўлди.
«Биз биламиз ва жойлардаги россиялик командирлар ҳам билишади - уларда захира ва ўқ-дорилар тугамоқда. Владимир Путиннинг ички қаршилик йўқ ҳолатдаги қарорлари хато бўлиб чиқди. Бу стратегик хатоларга олиб келадиган қарор эди», деди GCHQ раҳбари.
Украинанинг Forbes нашри душанба кунги ҳужумлар Россия бюджетига камида 400 млн долларга тушганини маълум қилган.
Украина президенти Володимир Зеленский Украина Россиянинг ракета зарбаларини қайтариш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига ўта муҳтож эканини айтиб келмоқда. Душанба куни кечқурун АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия тажовузига қарши туриш учун барча зарур воситалар, жумладан замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилишини ваъда қилди.
Сешанба куни Кремл расмийси Дмитрий Песков АҚШнинг бундай ёрдам кўрсатиши можарони Киев учун янада чўзиши ва оғриқлироқ қилишини айтиб ўтди.
Путин Қрим кўпригидаги портлашдан икки кун ўтиб (бу портлаш сабаби ҳозиргача узил-кесил аниқ бўлмади) «Украинанинг ҳарбий бошқарув, энергетика ва алоқа объектлари бўйлаб ёппасига зарбалар» йўллангани ҳақида эълон қилди. Россия ҳукумати кўприкда юк машинаси портлатилганини маълум қилган ва бунда Украина махсус хизматларини айблаган.
Ўз навбатида Оқ уй вакили Жон Кирби шу кунларда Россия Украина бўйлаб ёппасига зарба беришни Қрим кўпригидаги портлашдан аввалроқ режалаштирганини истисно этмаганди.
Россия подстанциясидаги ёнғин
Сешанба куни кечқурун Белгород областининг Шебекино шаҳридаги электр подстанциясида йирик ёнғин юзага келгани акс этган видеолар тарқалди.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладков бу объект Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилганини тасдиқлади ва ёнғин суратларини намойиш этди.
«Украина қуролли кучлари Шебекинодаги подстанцияни ўққа тутди. Снарядлар подстанция трансформаторини шикастлаган. Ҳозир икки мингдан ортиқ киши электр энергиясидан узилган. Қурбонлар ва ярадорлар йўқ», дея ёзган губернатор ўз телеграм-каналида.
Шебекино шаҳри Украинанинг Харкив области билан чегарадан 5 километр масофада жойлашган.
Кейинроқ Гладков «Украина қуролли кучлари Белгород районини ўққа тутаётгани» ҳақида ёзди. «Снарядлар ишламай турган қишлоқ хўжалиги корхонаси цистерналарига келиб тушди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ», деган у.
Мавзуга оид
22:13 / 31.10.2024
Украина Ким Чен Инни ҳибсга олиш ордери бўйича ХЖСга мурожаат қилади
21:23 / 31.10.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва Украина Курахово учун кузнинг ҳал қилувчи жангини бошлади
15:10 / 31.10.2024
Зеленский хорижликларга Украина ҚКда офицерлик лавозимларини эгаллашга рухсат берди
11:50 / 31.10.2024