23:07 / 12.10.2022
22225

Балиқчилар Уэльс тарихидаги энг катта балиқни тутишди

Буюк Британия қирғоқлари яқинида балиқчилар узунлиги 2,82 метр ва оғирлиги 408 килограмм бўлган улкан тунец балиғини тутишди.

Фото: AP

Бу Уэльс тарихидаги энг катта балиқ, деб хабар берди BBC.

Саймон Бэйти ва унинг дўсти Жейсон Нотт балиқ овидан қайтаётганларида қирғоқдан 50 километр узоқликда мовий тунецни тутишди. Дастлаб, балиқ Бэйтининг қармоғига илинди. У бир соат давомида уни сувдан чиқаришга уринди. Сўнгра қармоқни Ноттга берди ва у ишни охирига етказди. Балиқчилар тунецни ўлчаб, кейин сувга қўйиб юборишди.

«Бу Уэльс сувларида тутилган энг катта балиқдир. Аввалги энг катта балиқнинг вазни 272 килограмм эди», деди маҳаллий балиқчилик ташкилоти раҳбари Жулиан Люис Жонс. Унинг таъкидлашича, бундай ўлчамдаги балиқни овлаш жасоратдир, чунки унинг узунлиги катта акуланикидек.

Атлантика тунеци 1960-йилларда Буюк Британия қирғоқларидан деярли йўқ бўлиб кетди. Ҳаддан ташқари кўп балиқ овлаш ва иқлим ўзгариши бунга сабаб сифатида кўрсатилди.

Top