Ўзбекистон | 08:01 / 18.10.2022
6496
2 дақиқада ўқилади

Исроилда вақтинчалик ишлаётган ўзбекистонликлар сони ошкор этилди

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Исроилда вақтинчалик ишлаётган фуқаролар билан мулоқотни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Қайд этилишича, ҳозирга кунда Исроилда 9 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари вақтинча ишламоқда. Уларнинг аксарияти ногиронлар ва кексалар парвариши билан банд.

Билдирилишича, дипломатия миссияси ҳар ойда юртдошларимиз яшайдиган шаҳар ва туманларда сайёр учрашувлар ўтказмоқда. Мулоқотлар чоғида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури ҳақида сўзлаб берилмоқда.

Жорий йил июль ойида икки давлат ҳукуматлари ўртасида Исроил меҳнат бозори махсус секторларида Ўзбекистондан ишчиларни вақтинча ишга жойлаштириш бўйича битим имзоланганди. Бу ҳужжат ўзбекистонликларни уюшган ҳолда ишга жалб қилиш тизимига асос солди.

Фуқаролар билан мунтазам мулоқот олиб бориш ва уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, чет эллик ишчилар масаласи бўйича Исроил давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларини жалб қилган ҳолда дипломатик ваколатхона томонидан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ҳам зарур платформалар яратилган, дейилади хабарда.

Мавзуга оид