Иқтисодиёт | 15:07 / 18.10.2022
34638
1 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда 20 миллион кишининг кунлик даромади 6,8 доллардан ошмайди – Жаҳон банки

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиёда 20 миллион киши қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди.

Фото: Shutterstock

“COVID-19 пандемияси даврида қашшоқлик тез суръатлар билан ошганига қарамай, 2021-2022 йилларда кўрилган чора-тадбирлар ўз самарасини берди. Иқтисодий ўсиш давом этар экан, 2022 йилда минтақада қашшоқлик ҳам пасаяди”, деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича катта иқтисодчиси Уильям Зейтц.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда миллионлаб одамлар қашшоқлик чегарасидан пастда яшашмоқда.

“Минтақада кунлик даромади 3,65 долларлик чегарадан кам бўлган 5 миллион киши яшайди. Шунингдек, 20 миллион инсон кунига 6,85 доллардан пастроқ даромад кўради. Марказий Осиёда қашшоқликни тугатишга эришилгани йўқ, шунга қарамай, бу тенденция жорий йилда ижобий бўлиши кутилмоқда”, - дея қўшимча қилган Зейтц.

Маълумот учун, Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг умумий сони қарийб 77 миллион кишини ташкил этади. Уларнинг 35,8 миллиони Ўзбекистонда, 19,3 миллиони Қозоғистонда, 9,3 миллиони Тожикистонда, 6,5 миллиони Қирғизистонда, 6,1 миллионга яқини Туркманистонда истиқомат қилади. 

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид