Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўрт давлат БМТни Украинадаги дронларни текширишга чақирди
Германия, АҚШ, Буюк Британия ва Франция БМТни Россиянинг Украинада Эрон учувчисиз учоқларидан фойдаланганини текширишга чақирди. Москва бу ташкилот низомини бузиш бўлади, деб жавоб берди.
Германия, Франция, Буюк Британия ва Қўшма Штатлар 21 октябр, жума куни БМТни Россиянинг Украинага қарши урушда Эрон учувчисиз учоқларидан фойдалангани бўйича «холис» тергов ўтказишга чақирди. Берлин, Париж ва Лондон Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котибига йўллаган қўшма мактубида «Эрон дронларининг Россияга ўтказилишидан чуқур хавотир билдиришди, у эса «ушбу УУАлардан Украинадаги фуқаролик инфратузилмаси ва шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланяпти, бу бегуноҳ тинч аҳолининг ўлимига олиб келяпти».
Ўз навбатида Вашингтон «БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг ҳар бир бузилишини текшириши керак», деб ҳисоблайди. «Биз Россия ва бошқа мамлакатларнинг БМТ мажбуриятлари бажарилишига тўсқинлик қилиши ёки таҳдид солишига йўл қўймаслигимиз керак», деди Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида АҚШ вакили Жеффри Де Лаурентис.
Россиянинг БМТдаги доимий ваколатхонаси бунга жавобан бундай тергов фақат БМТ Хавфсизлик кенгашининг илтимосига биноан бошланиши мумкинлигини айтди. «Биз Хавфсизлик кенгаши ҳеч қачон БМТ котибиятига 2231-резолюция контекстида бирон-бир «текширув» ўтказиш учун мандат бермаганини таъкидлаймиз», — дейилади Россия доимий миссияси мактубида.
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя вазиятни «ўта оғир» деб атади ва агар БМТ экспертлари Эроннинг Россияга учувчисиз учоқларни етказиб бериши ҳолатларини текшириб кўрса, «Бирлашган миллатлар ташкилоти котибияти билан муносабатларининг бутун доирасини қайта кўриб чиқиши» билан таҳдид қилди.
Украинага кўра, Эрон томонидан етказиб берилган камикадзе учувчисиз учоқлар Россия Қуролли кучлари томонидан 10 октябрдан бошлаб Украина ҳудудига йирик зарбалар беришда фойдаланилган. Вашингтон эронлик ҳарбий мутахассислар Қримда бўлган ва русларга техник ёрдам кўрсатган деб ҳисоблайди. АҚШ Давлат департаменти Эрон Россияга учувчисиз учоқлар етказиб бериш орқали БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2231-резолюциясини бузаётганини қайд этиб, Теҳронга бунинг учун янги санкциялар билан таҳдид қилди.
Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко 21 октябр, жума куни DW нашрига берган интервьюсида Киевда Россия томонидан Украинада Эронда ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқлардан фойдаланилгани ҳақида далиллар борлигини айтди. Порошенко бу маълумотни тасдиқлаш учун БМТ мустақил комиссиясини тузишга чақирди.