Халқаро ҳуқуқ “етим”га айланаётган, “ҳамма нарса мумкин” бўлаётган бир пайтда Марказий Осиё давлатлари ҳам ўз танловини қилиши керак: бизга умумий инвестиция макони зарур, дейди халқаро иқтисодий ҳуқуқшунос Алишер Умирдинов.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё – ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисида кўп томонлама битимга эга бўлмаган дунёдаги саноқли минтақалардан бири бўлиб қоляпти.

Биз сиз билан Японияда, сизнинг кабинетингизда суҳбат қилганимизга ҳам мана, икки йилдан ошибди.

Шундай.

Оралиқ вақтда нималар ўзгарди ҳаётингизда?

Яқинда 40 ёшга тўлдим. Японияда яшаган умрим салкам 20 йилга яқинлашди. Яна бир санадан кейин менинг Японияда яшаётган умрим мен ватаним Ўзбекистонда яшаган муддатдан кўпайиб кетади. Иш жойим ҳам ўзгарди. Нагоя Иқтисодиёт университетидаги ишим билан, саккиз йиллик қадрдон университетим билан хайрлашиб, ўзим ўқишини битирган ва мамлакатимиз президенти ҳам фахрий докторлик унвонини олган Нагоя университетига алоҳида тайинланган профессор ўлароқ қайтиб келиб, асосан ўқитишдан кўра илмий тадқиқотлар билан шуғулланишни бошладим.

Сиз халқаро иқтисодчисиз, тўғрими?

Халқаро иқтисодий ҳуқуқшунос.

Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирги ўзига хос бир ҳолатни, халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ вазиятни ҳисобга оладиган бўлсак, японлар бу вазиятдан чиқиб кетишни, омон қолиш йўлларини қандай излашяпти, нима қилишяпти?

Жуда мураккаб савол. Аввало айтиш керакки, ҳозирда ҳуқуқшунослик, юриспруденция фанларини ўқитиш қийин бўляпти, чунки халқаро хуқуқ энг қийин даврни бошидан кечиряпти. Бўлаётган воқеалардан халқаро ҳуқуқ ўнгланмас жароҳатлар оляпти. Ва бу нарсани Япониядаги халқаро ҳуқуқ ассоциацияси профессорлари тилга келтиряпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин халқаро ҳуқуқ энг қаттиқ даражада – илдизидан силкинмоқда. Фундаментал ўзгаришлар арафасида тургандек туюлмоқда. Албатта, келажакни ҳеч ким билмайди, аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомидаги энг муҳим, энг муқаддас саналган қоидалар ҳам очиқдан очиқ йўқ саналмоқда.

Бу вазиятда Япония нима қиляпти дейдиган бўлсак, Япония хавфсизлик масаласида Ғарб давлатлари, хусусан Америка Қўшма Штатлари билан Иккинчи жаҳон урушидан кейин чамбарчас боғланган давлат ҳисобланади. Япония Америка Қўшма Штатларининг ядровий соябони остига кирган давлат ҳисобланади. Мисол учун, 2017 йилдаги ядро қуролини ишлаб чиқариш, сақлаш, уни ривожлантиришни буткул тақиқлаш тўғрисидаги янги халқаро конвенцияга, шартномага, Япония давлати киргани йўқ. Ваҳоланки, Япония дунёда ягона ядровий қурол орқали зарба олган давлат. Чунки Шимолий Кореянинг кўпаяётган ядровий арсенали ва Хитойнинг кўпайтираётган ядровий арсенали фонида ушбу шартномаларга киришимиз бизни Америка Қўшма Штатларининг ядровий соябонидан ва унинг ҳимоясидан маҳрум қилади, деган ўта жиддий қараш бор. Ва бу нарсани япон сиёсатчилари ҳам тилга оляпти.