Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Германияга ишониш мумкин!» — Штайнмайер Украинага кўпроқ қурол ваъда қилди
Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер уруш бошидан буён илк бор Украинага ташриф буюрди. Президент Володимир Зеленский билан учрашувда Штайнмайер яқин вақтлар ичида Украина қуролли кучлари учун немислар томонидан ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг қўшимча партияси етказиб берилишини ваъда қилди.
Штайнмайер учрашув якунлари бўйича қўшма матбуот анжуманида қўшимча Mars II баравар ўт очиш реактив тизимлари ҳамда тўртта ўзиюрар гаубица ҳам «яқин вақт ичида Украинага берилиши»ни маълум қилган.
Штайнмайер ва Зеленский Украинага «қишдан омон қолиш» ва мамлакатни қайта тиклашга ёрдам бериш учун Украина-Германия ҳамкор шаҳарлар тармоғини яратишга чақирди.
Президентлар икки мамлакатнинг муниципалитет даражасидаги ҳамкорлик дастури йўлга қўйилганини эълон қилишган. Унга кўра, немис муниципалитетлари Украинанинг биродар шаҳарларини тиклашда янада кўпроқ ва фаолроқ иштирок эта бошлайди - ҳозирда ҳам федерал даражада ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Зеленский ва Штайнмайернинг қўшма баёнотида айтилишича, таклиф этилаётган ҳамкорлик шакли «умумий Европани қуриш ва мустаҳкамлашга ҳал қилувчи ҳисса қўшади» ва «Москвага аниқ сигнал беради: сизнинг урушингиз бизни ажратмайди - бу бизни немислар, украиналиклар ва европаликлар сифатида янада яқинлаштиради».
Зеленский Штайнмайер билан уруш тугаганидан кейин эмас, балки ҳозир бошланадиган Украинани қайта тиклаш режаларини «муфассал» муҳокама қилганини айтди.
Айни вақтда Украина ва Германияда 107 жуфт биродар-шаҳарлар мавжуд бўлиб, уларнинг учдан бир қисми уруш бошлангач ҳамкорлик тўғрисида келишувлар тузишган.
Бошқаларга ўрнак бўлиш учун Штайнмайер Володимир Зеленский билан учрашуви олдидан ташриф буюрган Черниҳив областидаги ривожланиш ва реконструкция лойиҳаларига рамзий ҳамкорликни зиммасига олди.
«Бункердаги» президент
Зеленский билан учрашув олдидан немислар президентини мамлакат шимолига олиб боришди - унга Черниҳив областида яқинда Россия қўшинларидан озод этилган шаҳарни кўрсатиш учун.
Германиянинг ARD телеканали хабар беришича, Штайнмайер вайронгарчиликларга гувоҳ бўлиб ва маҳаллий аҳоли вакиллариннг ҳикояларини тинглаб, қаттиқ ларзага тушган. «Барчаси биз Германияда туриб тасаввур қилганимиздан кўра даҳшатлироқ», деган у сафар якунларига кўра.
Беларус билан чегара яқинидаги Корюковкага ташриф чоғида ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янграган, шундан сўнг Штайнмайер бир соатга яқин вақт давомида энг яқин бомбапанагоҳда қолишига тўғри келган.
Бундан бироз аввалроқ Штайнмайернинг матбуот котиби Керстин Гаммелин Германия президенти Киевга икки томонлама мурожаат билан йўл олаётганини айтганди: «Менинг Украина халқига мурожаатим: Германияга ишониш мумкин! Биз Украинани қўллашда давом этамиз: ҳарбий, сиёсий, молиявий ва гуманитар жиҳатдан. Шу билан бир вақтда уйдаги немисларга мурожаат қилмоқчиман: келинг, бу ердаги одамлар учун уруш нимани англатишини унутмайлик! Уруш туфайли қанча қийинчиликларни бошдан кечираётганимизга қарамай биз Германиядамиз - келинг энди бир лаҳзага украинлар нигоҳи билан қараб кўрайлик».
Штайнмайер шунингдек гап вайрон бўлган инфратузилмаларни тез муддатда тиклаш, электр тармоқлари, сув қувурлари, иситиш тизимларини таъмирлаш, жойларда электр таъминотидаги носозликларни бартараф этиш ҳақида кетаётганини қўшимча қилган.
Киевга узоқ чўзилган йўл
Бу Штайнмайернинг Украинага уруш бошланганидан буён илк ташрифидир, у Киевга учинчи уринишда кела олди. Reuters агентлиги қайд этишича, аввалига Германия президенти Киевга апрел ойида - Литва, Латвия ва Польша раҳбарлари билан бирга келишни режалаштирганди, аммо Берлин қатъий позицияда эмаслиги ва ортиқча эҳтиёткорлик қилаётгани туфайли Украина томонидан бекор қилинди, Киевда кўпчилик Германия позициясини россияпарастлик деб баҳолаганди.
Германиянинг Bild нашри ярим йил муқаддам Штайнмайернинг ташрифини Володимир Зеленский рад этган, у Германия Украинага қатор қуроллар етказиб беришни пайсалга солаётганини айтган.
Бундан ташқари, Bild нашрининг эслатишича, Ангела Меркел ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимида эканида Штайнмайер Россия билан дўстона муносабатлар ўрнатиш пайида бўлган - ҳатто Қрим Москва томонидан аннексия қилиниб, Донбассда уруш олови ёқилганидан кейин ҳам.
Ёзда Киев ва Берлин музокаралари тикланди ва кузга келиб Штайнмайер Зеленский билан телефон мулоқоти давомида муносабатларни яхшилаб, келиш учун таклифнома олди. Аммо 20 октябр кунига мўлжалланган бу ташриф энди Германия томонидан бекор қилинди - «хавфсизлик нуқтайи назаридан».
Маълум бўлишича, бирданига учта федерал идора: Германия ИИВ, ТИВ ва давлат хавфсизлик органлари ташрифни қолдириш бўйича тавсия берган. Натижада у Киевга фақат бир ҳафта ўтиб кела олди.
Reuters агентлиги ёзишича, Штайнмайер Украинага келгач Россиянинг «шафқатсиз босқинчилик тажовузи»ни кескин қоралаган ва Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувни интиқлик билан кутаётганини айтган.
Сешанба куни Украинадаги темирйўллар оператори ҳисобланган «Укрзализница» матбуот хизмати Штайнмайер келган поезд купесида олинган суратни намойиш этди.
Украина IRIS-Т ультра-замонавий тизимлар тақдим этилгани учун миннатдорчилик сифатида Штайнмайерга ирис гулдастасини тақдим этган. Украина байроғи рангларидаги қоғозга ўралган гуллар атрофида ҳаво ҳужумига қарши IRIS-T зенит-ракета комплекси тасвирланган откриткалар жойлаштирилган.
«Эрталабки дипломатик поездимиз купесида ирислар концентрацияси бежиз эмас: ирисларга муҳаббатимиз умумий, нима ҳам дердик», дейилади матбуот хизмати хабарида.
Охирги ҳафталарда Германия Украинага мудофаа ёрдамини сезиларли даражада оширди. Октябр ойида Германия Украинага IRIS-T SLM зенит-ракета комплексларини тақдим этганди. 14 октябр куни Украина қуролли кучлари авиация кучлари спикери Юрий Игнат аллақачон мамлакат жанубида IRIS-T тизимларидан фойдаланиш бошланганини маълум қилди.
Бу тизимлар етказиб берилгани учун Германияга президент Володимир Зеленский ҳам шахсан миннатдорчилик билдирганди.
«Ҳамкорларимизга ҳам, бизга ҳаво ҳужумидан ва ракеталар ҳужумидан мудофаа соҳасида ёрдам бераётган барчага раҳмат. Масалан, немисларнинг IRIS-Т тизими ўзини жуда яхши томондан намойиш этди - бу чиндан ҳам жуда самарали тизим», деганди президент 19 октябр куни кечқурунги видеомурожаатида.
Украина бош вазири Денис Шмиҳал Германияни Украинага қурол етказиб берувчи энг йирик давлатлардан бири деб атади ва IRIS-T тизимлари жуда самарали бўлиб, 10 та ракетадан тўққизтасини уриб туширишини айтди.
Киев армия, конверсия ва қуролсизланиш бўйича тадқиқот маркази директори ўринбосари Михаил Самус DW нашрига берган изоҳида IRIS-T'ни «эҳтимол, дунёдаги энг яхши ракетага қарши тизим» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, илгари Украинага етказиб берилган ўнлаб немис Gepard зенит қурилмалари Россиянинг Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари ҳамда ҳарбий позицияларига ҳужум қилишда фойдаланаётган дронлари билан самарали курашиш имконини беради. «Германия бизни ракетага қарши қуроллар билан таъминлаган биринчи давлат бўлди», - деди Самус. Мутахассиснинг фикрича, Германия ёрдами Россияга уруш тўлқинини ўзгартиришга имкон бермаяпти.
Хабарларга кўра, келгусида Германия Украинага яна учта шундай комплекс етказиб бермоқчи. Шу билан бирга, улар ҳали энди ишлаб чиқарилади, шу туфайли бу машиналар Украина қуролли кучлари ихтиёрига фақат кейинги йили етиб келиши мумкин.