Жаҳон | 21:58 / 26.10.2022
22601
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳукумати Херсон областида ўнлаб «қодировчилар» ўлдирилганини хабар қилди

Фото: t.me/zsuwar

Украина қуролли кучлари чечен полкининг Херсон областидаги базасига зарба бериши оқибатида 40 дан ортиқ жангчи ҳалок бўлиб, 200 нафарга яқини яраланган. Бу ҳақда Херсон области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Хлан маълум қилди.

Украина қуролли кучлари Бош штаби эса зарба Каира қишлоғидаги мактабга йўллангани, натижада «камида 30 киши ҳалок бўлгани»ни маълум қилди.

Ўз навбатида, чеченларнинг мухолифатчи 1ADAT Telegram канали Росгвардиянинг Чеченистондаги бўлинмаси ҳисобланган «Нефтеполк» махсус бўлинмасидаги «қодировчилар» зарбага учрагани ва камида юз киши ҳалок бўлганини хабар қилган.

Telegram ва YouTube каналларида вайрон бўлган бино харобаларидан омон чиққан ва чечен тилида сўзлашиб, ярадорлар ҳолидан хабар олаётган ҳарбийлар акс этган видеолар тарқалган.

Россия қўмондонлиги жангчилар ҳалокати ҳақидаги хабарларни расман тасдиқламади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров чечен жангчилари ёппасига ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан Telegram каналида овозли хабар қолдириб, Россия украинларнинг зарбаларига «заиф жавоб қайтараётгани»ни айтганди. Шу билан бирга у чечен ҳарбийлари ўлими ҳақида тўхталмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларга кўра, чеченлар Telegram каналларда тарқатган видеолари орқали ўз позициясини билдириб қўйишган.

Мавзуга оид