Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Аҳмоқлик учун тўлов». Британия қандай қилиб инқироз ичида қолди ва янги бош вазир мамлакатни қутқара оладими?
Буюк Британия ҳозирда сўнгги ярим асрдаги энг жиддий инқирозга дуч келмоқда ва бу фақат биргина соҳада кузатилмаяпти. Иқтисодиёт, сиёсат — ҳаммаси ўт ичида қолган, аммо ўт ўчирувчилардан дарак йўқ. Сўнгги тўрт ой ичида мамлакатда уч нафар бош вазир ва тўрт нафар молия вазири алмашди. Бу сафарги кадрлар рулеткаси Риши Сунакда тўхтади. Бугунги кундаги асосий савол, Сунак Консерваторлар партиясини ҳокимиятда сақлаб қола оладими ва Британияни боши берк кўчадан олиб чиқиш унинг қўлидан келадими?
Фото: Getty Images
Сунак сентябр ойида Борис Жонсон истеъфосидан сўнг бош вазирлик курсисини эгаллаган Лиз Трасс ўрнига ҳукумат раҳбари бўлди. Трасс Даунинг-стритдан рекорд даражада қисқа вақт ичида — 45 кундаёқ «учиб кетди». Ва шу вақт ичида у «Катта еттилик» мамлакатлари аъзоси, ядровий қуролга эга ва дунёдаги энг йирик бешта иқтисодиётдан бири бўлган Буюк Британиянинг молиявий барқарорлигини бузишга «улгурди».
Трасснинг ўрнига ҳукмрон Консерватив партия депутатлари ёш ҳамда амбицияли собиқ банкир ва мультимиллионер Риши Сунакни танлашди.
Сунакнинг олдида қийин вазифа турибди. Британияда бир вақтнинг ўзида бир неча инқироз авж олган ва уларга қарши курашиш учун ғазнада пул йўқ. Янги бош вазир британияликларнинг турмуш даражаси янада пасайишига йўл қўймаслик, фунт стерлинг ва Европанинг бир вақтлар етакчи иқтисодиёт ва молия маркази бўлган Британияга нисбатан ишончни сақлаб қолиш учун нима қила олади?
Сунак ҳозирда камида учта асосий муаммони ҳал қилиши керак, уларнинг бари бир-биридан қийинроқ.
Биринчи муаммо. «Аҳмоқлик учун тўлов» ёки репутация
Биринчи муаммо инсон томонидан яратилган. Буюк Британия бунинг учун ҳали йиллар давомида тўлов қилади.
Ҳамма гап шундаки, Трасс ҳокимият тепасига келиши билан Квази Квартенгни молия вазири этиб тайинлади ва иккаласи шу қадар қийин ислоҳотларга киришдики, натижада улар давлат қарзи бозори ва фунт стерлинг курсини қулатди ҳамда пенсия тизимини жар ёқасига олиб келди.
Трасс тормозни босишга мажбур бўлди: Квартенгни ишдан бўшатди, деярли барча эълон қилинган ислоҳотларни бекор қилди ва бир неча кундан сўнг ўзи ҳам истеъфога чиқди. Трасс Британиянинг омадсиз ва энг тез ҳокимиятдан кетган раҳбари сифатида тарихда қолди.
Бозор Трассни ҳайқириқлар билан кузатди ва Сунакни хурсандчилик билан кутиб олди. Риши Сунак нафақат собиқ банкир, балки фискал барқарорликка бепарво муносабатда бўлмаган молия вазири ҳам эди. Ёзда, Трасс билан олиб борилган бош вазирлик пойгасида Сунак Трасснинг солиқларни кескин камайтириш режаларини «эртакнамо» деб атаганди.
Бош вазир курсисини эгаллаган Сунак мамлакатни олдинда оғир кунлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирди.
У давлат ғазнасидаги улкан «тешик» билан қандай курашиши, қайси солиқларни кўтариши ва қандай харажатларни қисқартиришини ноябр ойи ўрталарида, янги бюджет режаси тақдим қилинганда билиб олиш мумкин.
Аммо ҳозир учта нарса аниқ: биттаси яхши ва иккитаси ўзига яраша.
Сунак ўзидан олдинги партиядоши Трасс Консерватив партиянинг иқтисодий сиёсатига бўлган ишончни энг қуйи чизиқдан ҳам пастга туширгани учун молиявий бозорларга «асал ойи»ни кафолатлади. Бу яхши янгилик бўлди. Ёнғин ўчирилди, энди фикрларни йиғиб олиш ва инқироз ёнғини сабаб йўқотилган партия репутациясини (обрў-эътиборини) тиклаш учун вақт бор.
Ёмон хабарларнинг биринчиси шуки, ишонч йўқотилди. Келгуси йилларда Британия кредиторларга кўпроқ пул тўлаши керак, демак айни дамдаги харажатлар учун маблағ кам қолади.
Иқтисодчилар ва журналистлар Трасс ислоҳотларининг бу натижасини «moron risk premium», яъни «аҳмоқлик учун тўлов» дея номлади. Трасс истеъфога чиқишидан олдин бу тўлов «квартенглар» билан ўлчанганди, унга кўра тўлов йилига тахминан 3,5 миллиард фунт стерлингни ташкил қилади. Шундан сўнг бу миқдор пасайди, аммо бутунлай йўқолмади.
Financial Times газетасининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, эндиликда Британия қарзларга хизмат кўрсатиш учун йилига қўшимча 1,3 миллиард фунт стерлинг сарфлаши керак бўлади, чунки ставкалар аввалги даражасига қайтмади.
Иккинчи ёмон хабар эса шуки, Сунак Жонсон можаролари ва Трасснинг шармандалигидан кейин консерватив ҳукуматга ишончни тиклашга ваъда берган заҳоти ўзи ҳам «қоқилиб кетди».
Сунак ҳукуматга икки янги вазирни тайинлади. Улар аввалроқ мамлакат ички ва ташқи хавфсизлиги учун масъул бўлган ҳуқуқ-тартибот идораларининг махфий маълумотларини ошкор қилгани учун ишдан бўшатилганди.
У ишдан кетганига бир ҳафта бўлмаган Суэлла Браверманни яна Ички ишлар вазири лавозимига қайтарди. Уч ярим йил аввал Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши тафсилотларини ошкор қилгани учун Мудофаа вазири лавозимидан ҳайдалган Гавин Уилямсонга ҳам ҳукуматдан жой берди.
Парламентда Сунакдан нима учун бундай қилгани ҳақида сўрашди. У Уилямсон хато қилганига анча бўлгани ва Браверман ҳам тавба қилганини айтиб, ҳаммаси жойида дея жавоб берди. Бироқ мухолифат бош вазирни бўлиниб кетган Консерватив партиянинг турли фракциялари қўллаб-қувватловига эришиш учун «уятсиз мансаб савдоси»да айблади.
«Бундай шубҳали стартдан сўнг янги бош вазир ҳукуматга, сиёсатга ва умуман сиёсий тизимга ишончни тиклашга жиддий ёндашаётганини кўрсата оладими?» – дея савол қўйган Changing Europe таҳлил марказининг Буюк Британия давлат бошқаруви бўйича етакчи экспертларидан бири бўлмиш Жилл Руттер.
Иккинчи муаммо. Энергетик ва молиявий инқироз
Сунакнинг иккинчи муаммоси глобал муаммо ҳисобланади.
Ковид пандемиясидан сўнг дунё Хитойдаги карантин туфайли савдо танқислиги ва узилишлари ҳамда талабнинг ўсиши, таклиф ва ишчи кучи етишмаслиги муаммосига дуч келди. Буларнинг барчаси инфляция, марказий банклар ставкалари ошиши, аҳоли реал даромадлари пасайиши ва иқтисодиёт секинлашишига сабаб бўлди.
Шу билан бир вақтда, Путин Украинага қарши ҳақиқий урушни бошлашдан олдин Европага қарши энергия урушини эълон қилди. Натижада, эски дунёда (Африка ва Евросиё) газ нархи ўзининг тарихий чўққисига кўтарилди.
Бироқ, Британиядаги вазият икки йирик Ғарб иқтисодиёти: АҚШ ва Европа Иттифоқидагидан ҳам ёмонроқ. Инфляция 40 йиллик рекордни янгилади, ишбилармонлик фаоллиги секинлашиши шу йилнинг ўзидаёқ рецессия юз бериши хавфини туғдирмоқда.
Охирги молиявий инқироздан кейинги 14 йил йилликда британияликларнинг реал даромади 8 йил давомида пасайди ва атиги 6 йил ўсди.
Resolution Foundation тадқиқот маркази раҳбари Тортен Беллнинг айтишича, «Олдинлари бу ҳеч қачон рўй бермаган, аммо ҳозир бу одатий ҳолга айланган».
Трасснинг бюджет тажрибалари туфайли фунт стерлингнинг заифлашиши муаммони янада кучайтирди ва энергия инқирозига қарши курашиш учун йирик субсидиялар кўринишидаги фискал юмшатиш Англия Марказий банкининг пул массасини қисқартириш ҳаракатларига зид бўлди.
Пул-кредит сиёсатининг қаттиқлашуви Трасс инқирози туфайли кечиктирилди, бунга Англия банкининг пенсия тизимини сақлаб қолиш учун ўнлаб миллиард фунт стерлингни муомалага чиқариши мажбур қилди.
Фото: AFP
Британияда тўпланиб қолган муаммоларга осон ечим топишнинг иложи йўқ. Ўтган аср охиридан бошлаб мамлакат иқтисодиёти арзон ишчи кучи, деярли текин кредитлар ва халқаро компанияларнинг йирик сармоялари ҳисобига ўсиб борди. Буларнинг барчасига глобаллашув, глобал технологик интернет инқилоби, Осиёда янги бозорлар ва товарлар етказиб берувчилар пайдо бўлиши ёрдам берди. Шу билан бирга, арзон энергия манбалари ҳам.
Ҳозир том маънода бу ўсиш двигателларининг барчаси тўхтаб қолди. Уларнинг баъзилари Европа Иттифоқини тарк этиш натижасида Британиянинг ўзи томонидан йўқ қилинди.
Учинчи муаммо. Brexit
Ва яна инсон томонидан яратилган муаммо.
Трасснинг ўта либерал ислоҳотлари барбод бўлгач, унинг ортида турган ижтимоий соҳага йўналтирилган иқтисодиёт ва Европа билан ажралишнинг энг қаттиқ тарафдорлари сояга ўтди. Ва аксинча, Brexit мавзуси ва ҳатто бу сўз кутилмаганда жамоатчилик муҳокамасига қайтди.
Сўнгги йиллардаги табу (тақиқ) йўқолди. Сиёсатчилар, иқтисодчилар ва матбуот яна «Буюк Британия Brexit референдумидан кейин Европа Иттифоқи билан барча алоқаларини узиб тўғри иш қилдими ва бу ҳозирги иқтисодий муаммоларнинг илдизи эмасми», деган саволларни бера бошлади. Воқеалар бундай ривожланишини иқтисодчилар бир овоздан энг катта ва энг яқин савдо шеригидан ажралишнинг оқибати дея атади.
Brexit Британиянинг доимий паст маҳсулдорлик ва паст иқтисодий фаоллик каби сурункали муаммоларини янада кучайтирди. Bloomberg Economics маълумотларига кўра, сўнгги молиявий инқироздан бери Британия иқтисодиётининг ўсиш салоҳияти 2,5 фоиздан 1,5 фоизгача пасайган.
Бундай вазиятда тикланишнинг собиқ классик йўллари – чет элдан ишчи кучини жалб қилиш ва Европа Иттифоқи билан савдони эркинлаштириш, айнан Brexit туфайли иложсиз.
Сунак вазиятни ўзгартира оладими ва Консерватив партиянинг асосий савдо шеригига нисбатан муросасиз позициясини қайта кўриб чиқадими? Бунинг учун, бир томондан, Европа Иттифоқи билан келишиш ва Шимолий Ирландия мақоми билан боғлиқ муаммоли масалани ҳал қилиш, иккинчи томондан, Консерватив партиядаги ультра-брекзитчилар фракциясини жиловлаш керак бўлади.
«42 ёшли Сунакнинг, бўлиниб кетган партия раҳбари сифатида ҳозирги инқирозли вазиятда Британия сиёсатининг сўнгги ўн йилликдаги энг нозик масаласини бош вазирлик вазифалари марказига қўйиши учун етарлича сиёсий вазнга эга бўлиши даргумон. Бироқ, бу Европа Иттифоқи билан муносабатларни нормаллаштириш имконияти йўқлигини англатмайди», – дейди Европа масалалари бўйича британиялик асосий экспертлардан бири Миж Раҳман.
У Сунакнинг Франция президенти Эммануэл Макрон билан биринчи суҳбатига «Ўйлайманки, ҳозир икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш учун яхши имконият бор. Сунак прагматик ва интернационалист» дея баҳо берган.
Бироқ, Сунак сиёсатга, кейин эса мамлакатдаги асосий раҳбарлик лавозимига, айнан Brexit тарафдори сифатида келди. Трасс ва ҳатто Жонсондан фарқли ўлароқ, Сунак ҳеч қачон Европа Иттифоқи билан ягона бозор тарафдори бўлмаган. У 2015 йилда парламентга сайланиши биланоқ дарҳол Brexit тарафдорлари лагерига қўшилган.
Сунак бош вазирлигининг биринчи ҳафтасида унинг асосий вазифалари инқирозга қарши курашиш ва партияни бирлаштириш эканлиги ҳақида кўп гапирди. Brexit ҳақида эса оғиз очмади.
Таниқли британиялик молиячи, Европадаги энг йирик инвестиция фондларидан бири бўлган Terra Firma раҳбари Гай Ҳандснинг сўзларига кўра, айни пайтда Сунак бу борада узоқ вақт жим туролмайди.
«Brexit орзу эди. Паст солиқлар ва паст ижтимоий харажатлар орзуси. Трасс бу орзуни амалга оширишга ҳаракат қилди, аммо бозорлар ҳам, сиёсатчилар ҳам ва аҳоли буни қабул қилмади», – дейди Ҳандс.
«Агар энди натижа кўрсатилмаса, Brexit ҳозирги кўринишида муваффақиятсизликка учради ва Британияни фақат иқтисодий фалокатга олиб бормоқда. Аммо агар Консерватив партия хатосини тан олса ва Brexit шартларини қайта муҳокама қила оладиган одамни топса, унда бизда умид пайдо бўлади. Бусиз Британия иқтисоди муқаррар ҳалокатга учрайди», – дея қўшимча қилади у.
Мавзуга оид
18:06
Шавкат Мирзиёев лорд Стоквуд бошчилигидаги Британия делегациясини қабул қилди
10:30 / 16.06.2026
BBC ва FT: Стармер билан боғлиқ ёнғинлар ортида Россия изи бўлиши мумкин
23:06 / 15.06.2026
Британияда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар тақиқланади
19:31 / 14.06.2026