Жаҳон | 18:03 / 31.10.2022
29737
10 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб ракета зарбаларининг янги тўлқини. Асосий маълумотлар

Россия Украинадаги энергетика инфратузилма объектларига дастлабки ёппа ҳужумдан уч ҳафта ўтиб янги зарбалар сериясини амалга оширди. Киевда кўплаб портлашлар рўй берди, Харкивда метро тўхтаб қолди, бошқа ўнлаб регионлар расмийлари муҳим инфратузилма объектларига қилинган ҳужумлар тўғрисида хабар берди.

Харкивда электр ўчган бино, 30 октябр. Фото: EPA

Душанба тонгида украин расмийлари Киев, Харкив ва бошқа шаҳарлардаги ўта муҳим инфратузилмаларга россияликлар томонидан ёппасига зарбалар йўллангани ҳақида маълум қилишди. Икки кун муқаддам Россия Украинани аннексия қилинган Қрим яримороли соҳилларидаги Қора денгиз флотига дронлар орқали ҳужум қилишда айблаганди.

Украина ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги шу куни тонгда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари россияликлар томонидан учирилган қанотли ракеталарнинг 44 тасини тутиб қолганини маълум қилди. Украина ҳарбийларига кўра, Россия жами 50 дан ортиқ ракета учирган.

Украин ҳарбийлари хабарида айтилишича, Каспий денгизи шимоли ва Ростов областидаги Россия самолётлари Х-101 ва Х-555 русумли ракеталарни учиришган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳам Украинага янги ҳужумлар амалга оширилганини тасдиқлади, вазирлик баёнотида олдинги уч ҳафта давомида айтилган сўзлар такрорланган: «Россия Федерацияси қуролли кучлари Украина ҳарбий қўмондонлиги ва энергетика тизимларига узоқ масофага ҳаракатланувчи ва юқори аниқликдаги қуроллар билан зарбалар беришда давом этди. Барча мақсадларга эришилди. Белгиланган барча объектлар аниқ нишонга олинди».

Киев

Соат 8:00 атрофида Киев аҳолиси «кўплаб портлашлар» овозини эшитган. BBC нинг Украинадаги мухбири хабар беришича, шундан кейин уйларда ток ва алоқа ўчиб қолган.

«Муҳим инфратузилма объектлари бўйлаб берилган зарбалар натижасида пойтахтнинг бир қисми электр таъминотисиз қолди. Айрим районларда сув таъминоти ҳам йўқ», дея шаҳарда ток ўчганини тасдиқлади мэр Виталий Кличко. Кейинроқ у Киевда 350 мингга яқин квартирада свет ўчганини, шаҳарнинг 80 фоиз қисми ичимлик суви таъминотидан узилганини маълум қилди.

Област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олексий Кулеба эса эрталабки хабарида «ракета ҳужумлари давом этаётгани», ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳам «нишонлар бўйича ишлаётгани»ни айтган.

Ҳаво тревогаси чоғида метрога тушиб яширинган киевликлар. 31 октябр
Andrii Nesterenko / EPA / Scanpix / LETA

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко мамлакатдаги муҳим инфратузилмалар ёппасига ўққа тутилиши оқибатида электр таъминотида фавқулодда узилишлар кузатилиши кутилаётганидан огоҳлантирди. Кулеба Киев области аҳолисидан электр энергияси кўп вақт давомида бўлмаслигига тайёрланишни сўради.

Россия энергетика инфратузилма объектларини мунтазам равишда ўққа тута бошлагач, уч ҳафтадан буён Украинада электр энергиясини режали ўчиришлар амалга оширилмоқда. Москва бу ҳужумларни Қрим кўпригидаги портлашга жавоб деб атаган, Украина эса бу портлаш учун жавобгарликни зиммасига олмаган. Россиялик ҳарбийлар доимий равишда энергия объектларига зарбалар ҳақида ҳисобот бериб келади, аммо бутун мамлакат бўйлаб ёппасига ўққа тутиш 10-11 октябр кунлари кузатилганди.

Бугун эса бу яна рўй берди. 11 октябр куни украин ҳарбийлари россияликлар 84 та ракета (ва 24 дона камикадзе дрон) учиргани ҳақида хабар берганди, энди эса 50 ракета билан ҳужум уюштирилгани маълум қилинди.

Харкив

Харкивда зарбаларнинг навбатдаги тўлқини ортидан метро фаолияти тўхтаб қолди. Мамлакатнинг бошқа регионлари каби ушбу ҳудуд расмийлари ҳам  давомли зарбалардан мақсад инфратузилма объектлари бўлганини маълум қилди.

«Харкивга иккита ракета учиб келди. Душман шаҳардаги муҳим инфратузилма объектларига зарба берди», деб ёзди шаҳар мэри Игор Терехов ўз телеграм-каналида.

«Муҳим инфратузилма объектлари шикастланган. Шу боис электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкин. Айни вақтда жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ», деган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.

Харкивда метродан ташқари троллейбус ва трамвайлар ҳаракати ҳам тўхтатилган.

Бошқа регионлар

Украина регионлари расмийларининг янги зарбалар ҳақидаги хабарлари бир-биридан фарқ қилмайди. Бу хабарларда деярли тафсилотлар келтирилмаган.

Запорижжя, Черкасс ва бошқа областлар маъмуриятлари ҳам россияликлар инфратузилма объектларига зарбалар бергани ва электр энергияси таъминотида муаммолар юзага келганини маълум қилган. Черкасс области ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурец муҳим инфратузилма объектларидан бири зарбага учрагач, областнинг бир қисмида ток ўчганини айтган. Бошқа тафсилотларга аниқлик киритилмаган.

Запорижжя областида Киев областида бўлгани каби соат 8:00 да ракета зарбаси берилган, област ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳужум натижасида муҳим инфратузилма объектлари шикастланганини айтиб, ток узатиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар йўқ.

Черновицк области раҳбари Руслан Запаранюк ҳам «ракета зарбалари оқибатида муҳим инфратузилма объектлари шикастлангани» ҳақида хабар қилган. «Нима бўлганда ҳам портлаш жойини суратга олманг. Расмий маълумотни кутинг», деган у телеграм-каналида бошқа тафсилотларни келтирмаган ҳолда.

Кировоградск области Светловодск районидаги энергетика объектларидан бирига ракеталар келиб тушган. Област ҳарбий маъмурияти маълумотига кўра, қурбонлар бўлмаган, «ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда».

Охирги уч област губернаторлари айнан электр энергияси объектлари зарбага учрагани ҳақида тилга олмаган.

Еlektrovesti нашри тасдиқлашича, россиялик ҳарбийлар учта йирик гидроэлектр станциялари бўйлаб ракета зарбалари йўллаган, булар - Днепр ГЭС, Днестр ГЭС ва Кременчуг ГЭС. Днепр ГЭС - Запорижжя областида, Кременчуг ГЭС Кировоградск областида, Днестр ГЭС эса - Черновицк областида жойлашган.

Запорижжя областининг Россия томонидан босиб олинган қисмига тайинланган раҳбар Владимир Рогов ҳам Днепр ГЭС бўйлаб зарба берилганини тасдиқлаган. Унинг маълумотига кўра, ГЭС атрофидаги нимстанцияга ракета келиб тушган, шундан кейин «шаҳарда электр таъминотида йирик узилишлар бошланган».

Днепропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченко телеграм-каналида Днепр ва Павлодарда энергетика инфратузилма объектларига зарбалар оқибатида жиддий вайронгарчиликлар юзага келганини маълум қилган. Кривой Рог шаҳри маъмурияти раҳбари Олександр Вилкул шаҳардаги саноат корхонасига ракета келиб тушганини маълум қилган.

Винница области губернатори Сергей Борзов уриб туширилган ракета фуқаролик объектига тушгани, вайронгарчиликлар борлигини хабар қилган. Бу регион одатда россияликлар зарбаларидан четда қолади. Истисно ҳолат - июл ойида Офицерлар уйида рўй берган портлаш, ўшанда қурбонлар сони 27 кишини ташкил этганди. 11 октябр куни Винница областида Ладижинская ИЭСга камикадзе дронлар ҳужуми кузатилганди. Борзов бу сафар ҳам ИЭСга зарба берилганига аниқлик киритмаган.

Лвив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий россияликларнинг ракеталари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали уриб туширилганини маълум қилган.

Украина нашрлари Житомир, Черкасс, Ровно ва бошқа областларда ҳам портлашлар кузатилганини хабар қилган. Украина ҳукумати Волинск области осмонида ракета уриб туширилгани ҳақидаги хабарни тасдиқламади.

Украина темирйўллари энергетика объектлари ўққа тутилиши оқибатида йўлларда айрим участкалар электрсиз қолганини маълум қилди. Бу линияларга захирадан тепловозлар чиқарилган.

Қора денгиз флотига ҳужумдан кейин

Шанба куни Россия украин дронлари аннексия қилинган Севастополдаги Қора денгиз флотига ҳужум қилгани ҳақида хабар берди. Россиялик ҳарбийлар ҳисоботига кўра, ҳужумда тўққизта учувчисиз учиш қурилмаси ва еттита денгиз дрони иштирок этган.

Киев бу ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) эса бухта ва ҳарбий кемаларга Украина кучлари ҳужум қилган деган хулосага келди. Экспертлар ҳужум мақсади «Адмирал Григорович» типидаги фрегат бўлганини айтишди. Қора денгиз флоти таркибида бундай фрегатлардан учтаси бор - «Адмирал Григорович», «Адмирал Эссен» ва «Адмирал Макаров». Уларнинг барчаси «Калибр» русумли қанотли ракеталар учириши мумкин.

«Агар Киев бу ҳужумга буйруқ берган бўлса, бу россияликларнинг сўнгги ҳафталарда Украина бўйлаб фуқаролик объектларига амалга ошираётган кенг кўламли ҳужумларига мутаносиб ва ҳатто тийиб турувчи жавоб бўларди», деб ҳисоблайди ISW экспертлари.

Россия мудофаа вазирлиги ҳужум натижасида денгиз остини миналардан тозаловчи «Иван Голубец» кемаси қисман шикастланганини маълум қилган. Америка институти эса россиялик ҳарбийлар доим ўзига етказилган зарарни камайтириб кўрсатишини эслатган.

Россиянинг Қора денгиз флотига ҳужумга илк жавоби июл ойида БМТ ва Туркия саъй-ҳаракатлари билан эришилган «буғдой келишуви»дан чиқиш бўлди. Бу келишув Украин портларини блокдан ечиш ва буғдой экспортини тиклаш имконини берганди.

Москванинг версиясига кўра, нишонга олинган ҳарбий кемалар гўёки Қора денгизда «буғдой коридорлари» мавжуд бўлишини таъминлаган. Киев бу изоҳни қабул қилмади. Украина президенти Володимир Зеленский Россия Украинадан буғдой экспорти тўхташи учун баҳона қидирганини айтди.

Мавзуга оид