Ўзбекистон | 19:18 / 02.11.2022
10598
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда шифокорни дўппослаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

Аввалроқ Kun.uz’да Сурхондарё вилояти Ангор туманида уч нафар шахс шифокорни дўппослагани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновга кўра, шифокорларни дўппослаган шахсларга жиноят иши қўзғатилган.

Аниқланишича, 2022 йил 27 октябрь куни тахминан соат 15:00 да Ангор тумани Наврўз маҳалласи ҳудудида жойлашган тиббиёт бирлашмаси биносининг биринчи қаватида Термиз шаҳар Паттакесар маҳалласида яшовчи Д.С. ва Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи Г.И.лар ҳеч бир сабабсиз жанжал кўтариб, ушбу тиббиёт бирлашмаси травматолог шифокори Э.Жумагелдиевни уриб, енгил тан жароҳати етказган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 2022 йил 1 ноябр куни Ангор туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Д.С. ва Г.И.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Кеча, 2022 йил 1 ноябр куни Ангор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати шифокорни уч киши дўппослагани ва ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди.

Аввалроқ, Денов туманида ҳамшира, 2022 йил 12 октябрда Тошкент шаҳри Яккасарой туманида «Тез ёрдам» шифокори, 16 октябр куни Миробод туманида «Тез ёрдам» шифокори ва ҳайдовчиси дўппосланганди.

2022 йил 19 октябр куни Қашқадарё беморнинг ўғли шифокорни дўппослаган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид