Ўзбекистон | 16:56
632
1 дақиқада ўқилади

Жиноят иши судга оширилганда ҳимоячининг фикри ҳам илова қилиниши мумкин

Депутатлар қабул қилган янги қонунга кўра, адвокатлар дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин 5 сутка ичида “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳимоячи бу ҳуқуқдан фойдаланган тақдирда, жиноят ишини судга оширишда айблов хулосасидан ташқари, “ҳимоя фикри” ҳам илова қилинади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда жиноят ишини судга ошириш тартибига ўзгартириш киритилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 7 июл кунги мажлисда тегишли қонунни қабул қилди.

Унга кўра, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга киритиладиган тартиб жорий этилади.

Бунда, ҳимоячига дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин 5 сутка ичида “ҳимоя фикри”ни тақдим этиш ҳуқуқи берилади.

Ҳимоя фикрида айбловга муносабат, далиллар, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши сўралаётган шахслар ва бошқа фикрлар акс эттирилиши мумкин.

“Киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар суд муҳокамаларида тенгликни таъминлаш, судянинг иш бўйича ҳар икки томон фикри билан олдиндан танишишига имконият яратиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилади”, – дейилади палата ахборотида.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид