Жаҳон | 09:07 / 05.11.2022
5404
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия ва Хитойни БМТда Шимолий Кореяни ҳимоя қилишда айблади

БМТ Хавфсизлик кенгашида Россия ва Хитой доимо КХДРнинг милитаристик ҳаракатларини оқлайди, шу орқали уни БМТ санкцияларидан ҳимоя қилади, деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд.

Линда Томас-Гринфилд / Фото: Shutterstock

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд 4 ноябрь, жума куни Россия ва Хитой Шимолий Кореяни Япон денгизида ракета учириши кўпайгани учун жорий этилиши мумкин бўлган санкциялардан ҳимоя қилаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишларида Россия ва Хитой КХДРнинг милитаристик ҳаракатларини доимо оқлаб келади, шу орқали Шимолий Корея режимини БМТнинг жазо чораларидан ҳимоя қилади ва охир-оқибат унинг жазосиз қолишига имкон беради.

Бундай ҳомийлик учун Москва ва Пекин жавобгарликка тортилиши керак, дейди Томас-Гринфилд. «БМТ Хавфсизлик кенгаши олдида жавобгарликдан қочиб қутула олмайсиз, чунки КХДР Украинага ҳарбий бостириб кирганингиз учун сизга қурол сотиш имкониятига эга», - дея иқтибос келтирган Reuters америкалик элчининг Москванинг БМТдаги вакилларига айтган сўзларидан.

Сентябрь ойи охирида КХДР минтақада қисқа ва ўрта масофага учувчи ракеталарни тизимли равишда синовдан ўтказишни бошлади – бир неча кун ичида у камида тўртта шундай парвозни амалга оширди. Октябрь ойида Пхенян милитаристик ҳаракатларини давом эттирди - бир ой давомида Япон денгизида Шимолий Кореянинг камида бешта ракета учирилиши тасдиқланди.

Синовлардан бирида Шимолий Корея томонидан учирилган ракета беш йил ичида илк бор Япония архипелагига учиб ўтди, бу Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шимолий Корея парвозларни тўхтатмасдан, АҚШни БМТ Хавфсизлик кенгашига ушбу масала бўйича мурожаат қилганини қоралади. Пхенян ўз синовини минтақадаги кескинликни кучайтираётган АҚШ ва Жанубий Корея қўшма машғулотларига «қарши чора» деб билишини айтди.

Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сифатида унинг резолюцияларига вето қўйиш ҳуқуқига эга ва бундан Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқроқ санкцияларни тўсиш учун бир неча бор фойдаланган.

The New York Times газетасининг АҚШ разведка маълумотларига таяниб ёзишича, Москва КХДР билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан бевосита манфаатдор, чунки у Украинага қарши урушда фойдаланиш учун қисқа масофага учувчи ракеталар ва артиллерия снарядларини сотиб оляпти. Ёзда Россия президенти Владимир Путин Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга йўллаган мактубида мамлакатлар ўртасида «ҳар томонлама ва конструктив» муносабатларни ривожлантиришга ваъда берган эди.

Ўз навбатида, Пекин Кремлга нисбатан экспорт чекловларига риоя қилган ҳолда, урушнинг тугашини тезлаштириши мумкин бўлган Москвага таъсирини муҳокама қилишдан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда. Бу мавзу, жумладан, 4 ноябрь куни Германия канцлери Олаф Шолцнинг Хитойга ташрифи чоғида Хитой раҳбари Си Жинпинг билан суҳбатида кўтарилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид