22:42 / 05.11.2022
12979

Эрон ракета-ташувчиси синовини муваффақиятли ўтказди

Эрон коинотга сунъий йўлдошларни учиришга қодир ракета-ташувчисининг синов парвози муваффақиятли ўтганини эълон қилди.

Фото: lRNA

Давлат телевидениеси «Ghaem-100» сунъий йўлдош ракета-ташувчисининг суборбитал муваффақиятли парвози» ҳақида хабар берди.

«Rafe қаттиқ ёнилғи воситасидан фойдаланган ҳолда ушбу ракета-ташувчисининг синов парвози муваффақиятли якунланди», дейилади хабарда.

«Ghaem-100» ракетаси Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Аэрокосмик ташкилоти томонидан ишлаб чиқарилган ва мамлакатдаги биринчи уч босқичли, қаттиқ ёнилғили сунъий йўлдош ракета-ташувчиси ҳисобланади. У оғирлиги 80 кг бўлган сунъий йўлдошларни Ер юзасидан 500 км узоқликдаги орбитага олиб чиқишга қодир.

Эрон ўзининг биринчи ҳарбий сунъий йўлдошини 2020 йил апрел ойида орбитага муваффақиятли олиб чиққан эди. 2022 йил август ойида Россия томонидан «Союз-2.1б» ракетасида Эроннинг «Khayyam» номли яна бир сунъий йўлдоши Бойқўнғир космодромидан учирилди. Эрон космик агентлиги ушбу қурилма Россия томонидан Эрон назорати остида ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берди.

Қўшма Штатлар «Khayyam» «Эронга жосуслик салоҳиятини тақдим этиши ва Россия-Эрон иттифоқининг мустаҳкамланиши дунё учун жиддий хавф туғдириши» ҳақида баёнот берди. Эрон космик агентлиги бу айбловларни рад этиб, сунъий йўлдошнинг мақсади мамлакат чегараларини кузатиш ҳамда табиий ресурслар билан қишлоқ хўжалигини бошқаришда ёрдам бериш эканини айтди.

Қўшма Штатлар бундай парвозлар Эроннинг баллистик ракета технологиясини кучайтириши, яъни ядровий каллакларни ташиш имкониятларини кенгайтириши мумкинлигидан бир неча бор хавотир билдирган. Эрон ядро қуролига эришмоқчи эмаслигини ва сунъий йўлдош билан ракета учирилиши фақат тинч ёки мудофаа мақсадларида эканини бир неча бор таъкидлаган.

Top