19:17 / 05.11.2022
22015

«Улар Марказий Осиёни Россия босимидан халос бўлиши тарафдори» — Ўзбекистон-Евроиттифоқ муносабатлари ҳақида Камолиддин Раббимов билан суҳбат

Россия-Украина уруши фонида Европа Иттифоқи расмийлари бир неча маротаба Марказий Осиёга ташриф буюрди. Хўш, Европа ва Ўзбекистонни нималар боғлаб туради ва Ғарб нима хоҳламоқда? Камолиддин Раббимовга кўра, Евроиттифоқ Марказий Осиёни Россия босимидан халос бўлиши тарафдори. Шунингдек, коллектив ғарб геосиёсий қудратини йўқотаётган Россия ўрнини Хитой тўлдиришидан хавотирда, дейди сиёсатшунос.

Сўнгги вақтларда Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларда бирмунча жонланиш кузатиляпти. Биз бугун ушбу мавзуни тўлароқ ёритиш мақсадида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан интервью ташкил қилдик.

– Европа Иттифоқи учун Ўзбекистоннинг қандай аҳамияти бор? ЕИ давлатлари Ўзбекистонни Марказий Осиёсиз алоҳида субъект сифатида кўра оладими?

– Биз борган сари глобаллашган дунёга кириб боряпмиз. Шу сабабли минтақаларнинг узоқлиги ўзининг аҳамиятини пасайтириб бораверади. Унинг устига биз битта қитъада жойлашганмиз. Ўтган йилги Афғонистон уруши тугагунга қадар Ўзбекистон ва Марказий Осиё икки жиҳатдан аҳамиятга эга бўлди. Биринчиси, глобал хавфсизлик, иккинчиси, минтақадаги геосиёсий вазият. Европа Иттифоқи Коллектив Ғарбнинг таркибий қисми сифатида минтақада Россия ва Хитойнинг ҳаддан ташқари кучайиб кетишини истамайди. Минтақада давлатлар суверенитетлиги сақланиб қолиши тарафдори. Ўтган йили 21 августда Коллектив Ғарб Афғонистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Шу боис Коллектив Ғарбнинг Афғонистонга ва Ўзбекистонга бу нуқтаи назардан эътибори анчагина пасайди. Лекин дунёдаги энг катта уруш постсовет давлатлари орасида – Россия ва Украина ўртасида бўляпти. Бугун бу ҳудудда янги бир муҳит шаклланди. Урушнинг бошланишида постсовет ҳудудидаги давлатларнинг агрессив Россия томонидан ютилиб кетиш хавфи жуда юқори эди. Урушнинг дастлабки кунларида Зеленскийнинг қочиб кетиши тахмин қилиниб, бир нечта давлатлар ҳатто бошпана ҳам таклиф қилди. Орадан 8-9 ой ўтиб, геосиёсий оҳанг бошқа томонга ўзгарди. Шунинг фонида Коллектив Ғарб ўзининг геосиёсий фаоллигини оширяпти.

Марказий Осиё давлатларининг ҳар бирига Европа Иттифоқи ва унинг давлатлари турлича назар билан қарашади. Масалан, Қозоғистон ҳудуд жиҳатдан жуда ҳам катта давлат. Ресурсларга жуда ҳам бой. Ғарб давлатлари Қозоғистонга геоиқтисодий жиҳатдан қарашади. Аммо Марказий Осиёда геосиёсий яхлитлик ва хавфсизлик борасида Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратишади. Улардаги экспертлар Ўзбекистонсиз бу ҳудудларда ҳеч бир лойиҳа тўлиқ бўлмаслигини эътироф этишади. Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг Россия босимидан халос бўлиши тарафдори. Ҳозир бу жараён давом этмоқда. Украина билан уруш фонида Россия ўзининг 20 йил давомида маҳорат билан шакллантириб борган геосиёсий қудратини тезликда йўқотди. Юзага келган мана шу вакуумни Хитой тўлдириб турибди. Коллектив Ғарб ва Евроиттифоқ мана шу ҳолатга бироз хавотир билан ҳам қарайди.

Хабарингиз бор, яқинда Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ташриф буюрди. Унинг ташрифи Ўзбекистон учун қанчалик аҳамиятли?

– Европа Иттифоқида иккита катта бошқарув органи бор. Аъзо давлатларнинг президентлари ёки бош вазирларини жамлаган - Европа Кенгаши ва Еврокомиссия, унинг ижро ҳокимияти ҳисобланади. Шарл Мишел Европа Кенгашининг раиси. Бу кенгаш бутун аъзо давлатлар номидан иш юритувчи орган ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Шарл Мишел Европа Иттифоқидаги иккита қудратли шахсдан биридир. Унинг ҳар қандай ташрифи кичик ташриф бўлмайди. Шу боис ҳам бу учрашувни муҳим деб атаган бўлар эдим. Лекин унинг ташрифини тарихий деб аташ учун, унда қабул қилинган қарор ва икки томонлама эришилган келишувлар тарозига солиниши керак. Бу каби шахсларнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриши, албатта, геосиёсий оҳанг ясайди. Лекин, натижага қандай таъсир қилади, ўзгаришлар бўладими, деган саволга жавоб беришга ҳали эрта.

Ўзбекистон учун Европа Иттифоқи доирасида умумий ҳамкорлик муҳимроқми ёки унинг ривожланган давлатлари (Германия ва Франция каби) билан алоҳида келишувлар афзалми?

– Европа Иттифоқи билан ундаги давлатларни бир-биридан ажратиш имконсиз деб ўйлайман. Чунки у жамиятда шундай тафаккур шаклланган: инсоният глобализмга кириб боряпти, Европа давлатлари алоҳида қоладиган бўлса бу парокандалик уларнинг ва иттифоқ цивилизация йиқилишига сабабчи бўлади, деган тафаккур жудаям кучли. Миллий давлатчилик тарафдори бўлган ультра ўнглар ҳам бор. Лекин қудратли сиёсий куч эмас, айниқса Брекситдан кейин уларнинг қарашлари анчагина қадрсизланди.

Европа Иттифоқининг асосий органлари ва иттифоқда асосий «об-ҳаво»ни белгиловчи давлатларнинг иккаласини ҳам роли муҳим. Улар бир-бирини истисно этмайди. Шу сабабли Ўзбекистон Европа иттифоқини ташкилот сифатида ҳам, унга аъзо қудратли давлатлар билан ҳам ҳамкорликни параллель равишда олиб бормоқда.

Тўлиқ интервью билан юқоридаги видеода танишишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов. 

Top