19:30 / 07.11.2022
12324

WSJ: Байденнинг маслаҳатчиси Путиннинг атрофидагилар билан музокаралар олиб борган

Аввалроқ Washington Post ҳам Оқ уй Украина ҳукуматидан РФ билан музокараларга тайёрлигини расман билдиришни сўраётганини хабар қилганди.

Фото: The Wall Street Journal

Сўнгги ойларда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳамда РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан махфий музокаралар олиб борган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри АҚШ ва унинг иттифоқчиларидаги расмий манбаларга таяниб хабар бермоқда.

Газета суҳбатдошларининг фикрича, бу контактлардан мақсад Украинадаги урушни тўхтатиш эмас, балки эскалациянинг олдини олиш ва алоқа каналларини сақлаб қолиш бўлган. Нашрнинг қўшимча қилишича, бу суҳбатлар Москвани ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуролларини қўллашдан тийиш учун ҳам ўтказилган

The Wall Street Journal манбалари Салливан Ушаков ва Патрушев билан қачон ва қанчалик тез-тез алоқада бўлиб турганига аниқлик киритишмаган.

Бундан ташқари, нашр маълумотига кўра, Салливан Украина раҳбариятини можаро ҳал этилишига тайёрлигини ошкора эълон қилишга чақирган.

Нашрга кўра, бир қанча америкалик мулозимлар АҚШ президенти маъмуриятида Салливанни Россия билан алоқаларни қўллаб-қувватлаш тарафдори сифатида билишади, ҳолбуки бошқа юқори мартабали сиёсатчилар ҳозирги дипломатик ва ҳарбий шароитларда Москва билан музокаралар самарали бўлмайди деб ҳисоблашади.

Аввалроқ The Washington Post нашри ҳам Америка президенти маъмурияти Украина ҳукуматидан Россия билан музокараларга тайёрлигини намойиш этишни сўрагани ҳақида хабар берганди.

Хабарда АҚШ Украинадан РФнинг Владимир Путиндан кейинги президенти билангина гаплашиши мумкинлиги ҳақидаги расмий позициясидан воз кечишни сўраган.

Салливаннинг матбуот котиби газета маълумотини изоҳламаган. Оқ уй ҳам президент маслаҳатчиси сўнгги вақтларда россиялик расмий шахслар билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар бермаган. Кремлдагилар бу борадаги сўровга жавоб бермаган.

  • Норасмий музокаралар Москва ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик муносабатлар совуқлашиши, шунингдек РФ президенти Владимир Путиннинг ядро қуроли қўлаш бўйича доимий таҳдидлари фонида бўлиб ўтмоқда.
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top