Экспертлар: CO2’нинг атмосферага чиқиши ҳажми ўсишда давом этяпти
Атмосферага карбонат ангидрид чиқарилиши пандемия давридаги пасайишнинг ўрнини тўлдиришда давом этмоқда. Агар ҳозирги тенденция давом этса, 9-10 йил ичида глобал ҳароратнинг ўсиши белгиланган меъёрдан ошади.
Қазиб олинадиган ёқилғилар - кўмир, нефть ва табиий газнинг ёниши натижасида карбонат ангидрид (CO2)нинг атмосферага чиқарилиши ҳажми ўсишда давом этмоқда. Бу ҳақдаги ҳисобот 10 ноябрь куни Мисрнинг Шарм ал-Шайх шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 27-конференциясида (COP27) Global Carbon Project халқаро тадқиқот лойиҳаси экспертлари томонидан тақдим этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, қазиб олинадиган ёқилғиларни ёқиш натижасида 2022 йилда 2021 йилга нисбатан CO2 1 фоизга кўп ажралиб чиқади. Қизиғи шундаки, Хитойда тегишли кўрсаткич 0,9 фоизга, Европада эса 0,8 фоизга камаяди. Аммо АҚШда улар 1,5 фоизга, Ҳиндистонда 6 фоизга, дунёнинг қолган қисмида эса 1,7 фоизга ошади.
Жорий йилда кўмир ёқилиши натижасида атмосферанинг углерод билан ифлосланиши ўтган йилга нисбатан 1 фоизга ошади. Нефть ва нефть маҳсулотларини ёқиш самараси 2 фоизга ошади, табиий газни ёқиш самараси эса, аксинча, 0,2 фоизга камаяди. Ҳисоботда айтилишича, бугунги кунда CO2 чиқарилишининг тахминан 40 фоизи кўмирни ёқиш, 33 фоизи нефть ва 22 фоизи газни ёқиш натижасида юзага келади.
Парник газларнинг чиқарилиши глобал ҳажми 10-15 йил олдингига қараганда секинроқ ўсиб бормоқда. Бироқ, улар ҳали ҳам кўтарилишда давом этяпти, яъни глобал ҳароратнинг ошишини саноат даври бошланишидан олдинги даражага нисбатан 1,5 даражадан пастроқ ушлаб туриш мумкин бўлмайди. Бу 2015 йилда Иқлим бўйича Париж келишувида белгиланган мақсаддир.
«1,5 даража белгисини ушлаб туриш вақти тугаяпти», дейди Эксетер университети иқлимшуноси ва ҳисоботнинг етакчи муаллифи Пьер Фридлингстейн. «Бу шуни англатадики, биз ушбу белгидан ошиб кетишга ва дунёни ҳали кўрмаган тарзда ўзгартиришга тайёргарлик кўришимиз керак», дейди унинг Принстон университетидан бўлган ҳамкасби Майкл Оппенгеймер, у тадқиқотда иштирок этмаган. Ҳар икки мутахассиснинг сўзларини AP агентлиги келтирган.
Глобал ҳароратнинг кўтарилиши дунё океанлари сатҳининг янада ошишига олиб келади, бу миллионлаб одамларни уй-жойидан маҳрум қилиши, шунингдек, қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқлик, цунами, сув тошқинлари ва кўчкилар каби фалокатли табиий офатларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.
Ҳисобот муаллифлари умумий ҳолатни мураккаблаштирган иккита омилни таъкидладилар. Улардан биринчиси COVID-19 пандемияси бўлиб, у 2020 йилда глобал CO2 чиқарилишининг 5 фоиздан ортиқ пасайишига олиб келди. Бироқ, ўшандан бери бу кўрсаткич анча ошди. Бу қисман, турли мамлакатларда пандемия чекловларининг бир қисми олиб ташланганидан сўнг, яккаланишдан чиққан одамлар кўпроқ саёҳат қилишни бошлагани билан боғлиқ - бу транспорт чиқиндиларини кўпайтирди.
Иккинчи омил - Россиянинг Украинага қарши тажовузи натижасида юзага келган глобал энергетика инқирози. У кўплаб мамлакатларни энергетика соҳасига эътиборини ўзгартиришга мажбур қилди. Мисол учун, Германия Россия газини етказиб беришни тўхтатиш контекстида 2030 йилгача кўмир энергетикасини босқичма-босқич тўхтатиш режаларидан воз кечиши ва илгари тўхтатилган кўмир электр станцияларини қайта очиши керак эди.
Мавзуга оид
16:02 / 13.11.2024
COP29'да CO2'га сертификатларни сотиш қоидалари келишиб олинди
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
17:42 / 04.11.2024
Хавфсизлик чегарасидан 80 баробар юқори: Лаҳор дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарларидан бири
18:37 / 29.10.2024