2024 йилда биргина Тошкент шаҳрида фирибгарлар масофадан туриб одамларни 381 млрд сўм (қарийб 30 млн доллар)га “ухлатиб кетди”. Пойтахт ИИББнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу пуллардан атиги 4 фоизи (14,2 млрд сўми) қайтарилган, қолгани чет элга чиқиб кетган. ИИББ вакили фирибгарлар одамларни қандай қилиб чув тушираётганини сўзлаб берди, Kun.uz мухбири эса чет элга олиб чиқиб кетилган пулларни қайтариш имкони бор-йўқлигини сўради.
Ўзбекистонда киберфирибгарлик тобора кенгайиб бормоқда. Унинг шундай турлари борки, йўқотилган мол-мулкингиз ёки маблағингизни қайтариб ололмайсиз, бунда тегишли ташкилотлар ҳам ёрдам беролмайди.
2024 йилда кибержиноятлар оқибатида фуқароларга 381 млрд сўм (қарийб 30 млн доллар) моддий зарар етди. Бу – республика миқёсидаги кўрсаткич эмас, биргина Тошкент шаҳри мисолида айтдик. Ҳаммаси ундириб берилгандир деб ўйлаётгандирсиз, ундай эмас: ушбу маблағнинг атиги 4 фоизи – 14,2 млрд сўми фуқароларга қайтарилган холос. Қолгани эса чет элга чиқиб кетган.
Келинг, асосан қандай фирибгарлик усуллари билан пуллар хорижга чиқиб кетаётганини кўриб чиқсак. Кўпинча, ёз ойларида одамлар ҳордиқ чиқаргани дачаларни ижарага олишади. Бунда улар эълонлар сайтига ёки Telegram'даги канал-гуруҳларга кириб, дача излашади ва тўловнинг бир қисмини тўлаб, жой банд қилади. Лекин шу ҳолатда айримлар фирибгарлар тўрига тушиб қоляпти.
Бу ҳақда Kun.uz'га Тошкент шаҳар ИИББ ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Саъдуллаев сўзлаб берди.
“Ўтган йилнинг қиш мавсумида Telegram ижтимоий тармоғида фирибгарлар “дача ижарага берамиз” деб канал очган ва интернетдаги бошқа дачаларнинг расмини олиб, эълонлар жойлаштирган. Юртдошларимиз уларга мурожаат қилган ва ёзишмалар фақат Telegram'да амалга оширилган. Ўша дачани кунига 8 млн сўм нархга келишиб, 3 кунга гаплашишган ва карта рақамга 8 млн ўтказишган. Шундан кейин фирибгар аккаунтини ўчириб, ғойиб бўлган.
Бизга мурожаат қилишди. Тезкор ходимларимиз иш олиб боришди. Маълум бўлишича, карталар сохта бўлган, электрон ҳамёнлар орқали очилган. Фирибгарларни аниқлашнинг имкони бўлмади, агарда Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилса, фош этилган бўларди”, – дейди Саъдуллаев.
Унинг сўзларига кўра, жиноятнинг иссиқ изидан борилганда, кўплаб фирибгарлик ҳолатлари чет элдан туриб амалга оширилаётгани маълум бўляпти. Ўзлаштирилган пул маблағлари ҳам электрон ҳамёнлар орқали хорижга чиқиб кетмоқда. Фирибгарликларнинг асосий қисми Россия, Украина ва бошқа Европа давлатларидан туриб амалга ошириляпти.





