Россия ҳукумати Ўзбекистон меҳнат мигрантлари учун квоталарга чекловни бекор қилмоқда
Россия Федерацияси ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорга кўра Ўзбекистон фуқароларини Россия меҳнат бозорига жалб қилишни назарда тутувчи пилот лойиҳаси тартиби тубдан ўзгартирилади. Бу Россиядаги қисман сафарбарлик туфайли кадрлар етишмаслиги билан боғлиқ.
«Коммерсантъ» нашрининг ёзишича, «пилот» учун миқдорий чекловлар олиб ташланмоқда — шу вақтгача қурилиш ва агросаноат комплекси учун ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони 11,1 минг нафардан ошмаслиги белгилаб қўйилган эди. Лойиҳанинг янги қатнашчиси Россия саноат ва савдо вазирлиги бўлмоқда. Вазирлик энди бундай ёллаш ҳуқуқига эга бўлган енгил саноат соҳаси иш берувчиларига оид ўз реестрини юритади.
Шунингдек, Россияга кириб келаётган мигрантларга тиббий талаб ҳам камайтирилади — коронавирусга мажбурий тест ёки эмланганлик тўғрисидаги ҳужжат ўрнига улар Ўзбекистондаги россиялик врачлар кўригидан ўтса бас, врачлар кўригини иш берувчилар ташкил қилиб беришади.
Россия ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин 2022 йил 10 ноябрда ҳукуматнинг №2035 сонли қарорини имзолаган. Унга кўра, 2021 йил охирида Россиянинг қурилиш ва агросаноат комплекси секторлари учун Ўзбекистондан меҳнат мигрантларини мақсадли ёллаш билан боғлиқ пилот лойиҳасининг параметрлари ўзгартирилмоқда.
Аввалига жуда кам квота ажратган лойиҳа энди кенгайтирилмоқда. «Пилот» қатнашчилари сафига РФ саноат ва савдо вазирлиги ҳам қўшилмоқда, бу Россия саноат корхоналарига Ўзбекистон фуқароларини ёллаш имкониятини яратади. Шунингдек, аввалбошдан ўзбекистонлик мигрантлар сонига жорий этилган чекловни ҳам олиб ташлайди: аввалги ҳукумат қарорларига кўра қурилиш соҳаси учун 10 минг нафар, агросаноат комплекси учун 1,1 минг нафар одам олиб кирилиши қатъий белгилаб қўйилганди. Россия ҳукумати энди ўзбекистонлик мигрантлар учун янги миқдорий чеклов белгиламаяпти.
Пилот лойиҳасига РФ саноат ва савдо вазирлиги қўшилиши енгил саноат соҳасига Россия Федерацияси юридик шахслари томонидан Ўзбекистон Республикасидан ишчиларни ёллаш имкониятини юзага келтиради.
Қайд этиш керак, «пилот» учун махсус квотани бекор қилиш РФ ҳукуматида баҳордан буён муҳокама қилиб келинади. Ўшанда биринчи бўлиб РФ қишлоқ хўжалиги вазирлиги агросаноат комплексининг ўзида 38 минг нафар қўшимча мавсумий ишчиларга эҳтиёж борлигини декларация қилган эди. Ўшанда РФ меҳнат вазирлиги томонидан тайёрланган қарор лойиҳасида соҳага оид спецификадан воз кечиш, лойиҳани РФнинг бутун иқтисодиётига жорий этиш таклиф этилган эди. Бироқ, ҳужжат бундай таҳрирда қабул қилинмасдан қолган эди.
Мавзуга оид
19:34 / 26.02.2023
Россияга меҳнат мигрантлари кириб келиши 2022 йилда 33 фоизга ўсган — FinExpertizа
12:06 / 26.02.2023
Москвада норозилик уюштирган ўзбекистонлик мигрантларга Сенат томонидан ёрдам кўрсатилмоқда
22:40 / 22.02.2023
20 ёшли ўзбекистонлик Россиядаги қурилишда ҳалок бўлди
22:33 / 21.02.2023