Жаҳон | 09:37 / 15.11.2022
8759
3 дақиқада ўқилади

НАТО: Россия билан музокаралар бўйича қарорни Украина қабул қилиши керак

Украина Россия томонидан мамлакатга қарши бошланган урушни тугатиш бўйича музокаралар учун қандай шартлар мақбуллигини ўзи ҳал қилиши керак. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.  

Фото: AA

«Украина ҳозирги кунда йўқотилган ҳаётлар ва мамлакатга етказилган зарар бўйича энг юқори нархни тўламоқда. Демак, қандай шартлар мақбул бўлишини Украинанинг ўзи ҳал қилиши керак», деди Столтенберг Нидерландия ҳукумати вакиллари билан Ҳаагадаги қўшма матбуот анжуманида. 

Шу билан бирга, НАТО бош котиби Киевнинг жанг майдонидаги сўнгги муваффақиятларига қарамай, Москванинг кучини паст баҳоламаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди. 

«Россияни паст баҳолаб хато қилмаслигимиз керак. Россия қуролли кучлари катта миқдордаги қўшин билан бир қаторда муҳим имкониятларни ҳам сақлаб турибди», - деди у.

Бундан олдин Украина Россиянинг музокаралар бўйича янги таклифини рад этганди.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Олег Николенко Москванинг музокараларга тайёрлиги ҳақидаги янги баёнотини «янги тутун пардаси» деб атади. «Россия расмийлари ҳар сафар рус қўшинлари жанг майдонида мағлубиятга учраганида музокаралар ҳақида эслай бошлайди», деб ёзди у Facebook'да.

«Москва Украинада тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор эмас, - деди украиналик расмий. - Россия ўзини мулоқотга тайёрлигини кўрсатиб, бўлинмаларни қайта тўплаш, яқинда сафарбар қилинган россияликларни тайёрлаш, қурол-яроғ етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш, логистика камчиликларини бартараф этиш учун вақт ютишга ҳаракат қилмоқда. Кейин эса у янги кучлар билан янги тажовуз тўлқинларига мурожаат қилади. Биз буни 2014-2015 йилларда кўрганмиз».

Николенконинг таъкидлашича, «тинчлик музокараларидан ҳақиқатан ҳам манфаатдор бўлганлар шаҳар ва қишлоқларни вайрон қилмайди, тинч аҳолини ўлдирмайди, энергетика инфратузилмасини вайрон қилмайди, вақтинча босиб олинган ҳудудлар аҳолисини масхара қилмайди, озиқ-овқат таъминотига аралашмайди». У, шунингдек, Россия қўшинларини Украинанинг бутун ҳудудидан олиб чиқиб кетиш, босиб олинган ҳудудлардаги ноқонуний қарорларни бекор қилиш ва Украинага компенсация тўлашни бошлашни музокаралар учун шарт деб билишига шама қилди.

Мавзуга оид