Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонадаги 2 та боғчада 45 нафар боланинг заҳарланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди
Болалар омбудсманига кўра, Фарғона вилоятидаги 4 та боғчада тарбияланувчиларнинг заҳарланишини тергов қилган прокуратура терговчиси бу ҳодисада бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган деб топган ва жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган. Бироқ қўшимча ўрганишлар бу қарор барвақт қабул қилинганини кўрсатган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шу йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16, 24 сонли боғчаларда тарбияланувчиларнинг овқатдан заҳарлангани ҳолатини жойига чиқиб ўрганган.
Ўрганиш натижалари бўйича таҳлилий маълумот тайёрланиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилган ва у тегишли давлат идораларига, хусусан, Бош прокуратурага юборилган.
“Фарғона вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туман прокуратураси томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари ўтказилган. Хусусан, Марғилон шаҳридаги 16 ва 24-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотларида 18 нафар тарбияланувчининг озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланганлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, мазкур ҳолатда бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган деган сабаб билан 18.10.22 йилда шаҳар прокуратураси терговчиси томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ мазкур қарор иши ҳужжатлари бўйича тўлиқ текширув ҳаракатлари олиб борилмасдан, барвақт қабул қилингани аниқланиб, 26.10.22 йилда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ ТБга юборилди”, дейилади расмий ахборотда.
Таъкидланишича, Олтиариқ туманидаги 22 ҳамда 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тўпланган ҳужжатлар асосида ўтказилган суд-тиббий экспертизаси хулосаларига кўра, 45 нафар тарбияланувчи озиқ-овқат ва сут маҳсулотидан енгил даражали ўткир заҳарланиши, бу белги енгил шикастлар тоифасига кириши аниқланган.
Ушбу боғчаларда санитарияга оид қонунчилик бузилиши одамларнинг оммавий касалланиши ва заҳарланишига олиб келгани сабабли 14 октябрь куни Олтиариқ туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 257-1-моддаси 1-қисми (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
“Айни пайтда мазкур жиноят иши юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайд этиш лозимки, юқоридаги МТМдаги ҳолатлар Болалар Омбудсманининг қатъий назоратида турибди”, дейилади Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати томонидан тарқатилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида ижтимоий тармоқларда Фарғонадаги боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалган, бунинг ортидан прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказаётгани, экcпертиза текшируви учун тегишли намуналар олиниб, суд-тиббий экспертизалари тайинлангани айтилганди.
Kun.uz мухбири суриштируви давомида шу йилнинг 14 сентябр куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 39-боғча тарбияланувчиларида ҳолсизлик, ич кетиши, қайт қилиш ва тана ҳарорати кўтарилиши кузатилгани, бунинг ортидан 42 нафар бола туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилгани маълум бўлганди. Ота-оналарга кўра, масъуллар фарзандларининг ҳолатини улар ҳаводан заҳарлангани билан изоҳлашган.
Мавзуга оид
09:30
Тошкентда бўёқ ҳидидан заҳарланган уч фуқаро қутқарилди
21:04 / 24.02.2026
2025 йилда республика бўйича 44 та ҳолатда овқатдан заҳарланиш қайд этилди – Санэпидқўмита
10:01 / 24.02.2026
“Жавобгарликни ҳеч ким бўйнига олмаяпти” – Фарғона боғчаларида заҳарланган 70 дан ортиқ бола шифохонада қолмоқда
19:10 / 10.01.2026