Жаҳон | 14:02 / 17.11.2022
8120
3 дақиқада ўқилади

«Ғалла битими» тўрт ойга узайтирилди

Июль ойида тузилган битим 19 ноябргача амалда бўлган ва томонлардан ҳеч бири қаршилик қилмаса, автоматик равишда 120 кунга узайтирилиши мумкин эди.

Фото: Shutterstock

Украинадан Қора денгиз орқали ғалла олиб чиқиб кетиш бўйича келишув 120 кунга узайтирилди. Бу ҳақда мамлакат инфратузилма вазири Александр Кубраков маълум қилди. Унга кўра, қарор 17 ноябрь, пайшанба куни Истанбулда тасдиқланган.

«Келишув қишки шароитларни ҳисобга олган ҳолда жорий шартлар асосида тўрт ойга амал қилади», деди AFP’га исмини ошкор қилмаслик шарти билан Туркиянинг юқори мартабали расмийси. Унга кўра, қиш мавсумидан кейин янги келишувлар бўлиши мумкин.

«Мен барча томонларнинг Украинадан дон, озиқ-овқат ва ўғит экспортида хавфсиз юк ташишни рағбатлантириш мақсадида Қора денгиз дон ташаббусини давом эттириш бўйича келишувини олқишлайман», деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. 

БМТ, Туркия, Россия ва Украина ўртасида 22 июль куни Украина портларидан ғалла ва тегишли маҳсулотларни хавфсиз экспорт қилиш учун денгиз йўлакларини яратиш бўйича келишувга эришилди. Ташаббус 19 ноябргача амал қилади ва томонлардан ҳеч бири қаршилик қилмаса, у автоматик равишда 120 кунга узайтирилиши мумкин эди. Қора денгиз дон ташаббусида Туркия кафил, БМТ эса - келишувга гувоҳ. «Ғалла битими» доирасида Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери тўсиб қўйилган Украина озиқ-овқат экспорти 1 августдан бошлаб Украинанинг учта портидан - Одесса, Чорноморск ва Южнийдан амалга оширилди. 

29 октябр куни Россия Украина портларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича келишувларда иштирок этишни тўхтатди ва бу қарорни Севастопол кўрфазида Россия Қора денгиз флоти кемаларига учувчисиз учоқлар ҳужуми билан изоҳлади. Россия ТИВ матбуот хизмати келишувлар доирасида яратилган «яшил йўлак» гўёки кемаларга ҳужум қилиш учун ниқоб бўлиб қолганини билдирди. 

Бироқ, 2 ноябрь куни Россия «ғалла битими»ни амалга оширишни қайта бошлади. Москва Киевдан инсонпарварлик коридори ва Украина портларидан Россияга қарши ҳарбий амалиётлар ўтказиш учун фойдаланилмаслиги тўғрисида зарур ёзма кафолат олди, дея тушунтирди Россия Мудофаа вазирлиги. Ўз навбатида, Киев Москвага ёзма кафолат берганини рад этди. 

Мавзуга оид