Ўзбекистон | 14:35 / 19.11.2022
8719
3 дақиқада ўқилади

«Битта ҳамкорга ўта боғлиқлик қимматга тушади» – Боррел ЕИ Марказий Осиё давлатлари танлов эркинлигини қўллашини таъкидлади

Самарқандда халқаро конференцияда чиқиш қилган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Марказий Осиё давлатларининг стратегик автономиясини мустаҳкамлаш зарурати ҳақида гапирди. Шунингдек, у Евроиттифоқ минтақага Россия ва Хитойдан кўра кўпроқ инвестиция киритаётганини таъкидлаб, бу ҳамкорлик учун яхши асос бўлишини билдирди. 

Фото: European Union in Uzbekistan

«Биз кучга асосланган сиёсат ўсиб бораётганини кўряпмиз. Халқаро ҳуқуқ нормалари бузилмоқда. «Ҳуқуқ асосланган халқаро тартиб» дейилганда давлатларнинг хавфсизлиги, инсонларнинг эркинлиги ва компанияларнинг инвестиция киритишга тайёрлиги тушунилади.

Бу тартибдан айрилиш билан беқарорлик ва ҳамма нарсасини йўқотиш хавфига йўлиқасиз. Шу сабабли биз кўп томонлама тизимни ҳимоя қилиш, янги хавфларга қарши туриш учун уни ислоҳ қилишга уринамиз.

Европаликлар ва Марказий Осиё давлатлари: пандемиядан кейин иқтисодни тиклаш ва Россиянинг уруши келтириб чиқараётган кризис оқибатлари хавфи олдида бирга туради. Бу хавфлар олдига глобал иқлим муаммолари ҳам қўшилган», - дейди 18 ноябрь куни Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича «Глобал дарвоза» халқаро конференциясида нутқ сўзлаган Жозеп Боррел.

Европа ташқи сиёсат идораси раҳбари муаммолар билан тўқнашган айрим давлатлар ўзларини изоляция қилиб олиши тўғри эмаслигини таъкидлади.

«Бундай муаммо билан тўқнашган айримлар худди ўрта асрлардаги каби баланд деворлар билан тўсилиб олишни хоҳлайди. Лекин билиш керакки деворлар ҳеч қачон етарли даражада баланд бўлмайди. Изоляция орқали хавфсизлик қидириш, шунчаки алаҳсираш. Бунинг ўрнига биргаликда ҳамкорликни кучайтириш ҳамда халқаро тартиботни тиклаш учун ҳаракат қилишимиз керак.

Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз каби биз ҳам стратегик автономияни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрдик. Ким билан ва қандай алоқа ўрнатишни эркин ҳал қилиш учун. Алоқаларнинг борлиги яхши, лекин ўта боғлиқлик ва танлов имконининг йўқлиги қимматга тушади. Биз буни Европада энергетика хавфсизлиги мисолида кўрдик.

Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизни қайсидир битта халқаро ҳамкорга боғланиб қолишни рад қилишини ҳурмат қиламиз ва қўллаймиз. Биз Марказий Осиёдаги дўстларимизнинг танлов эркинлигини қўллаймиз ҳамда танловлар истисноли бўлмаслиги кераклигини тасдиқлаймиз», - дея Боррелнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Жозеп Боррел «Европа жамоаси» минтақа давлатлари учун турли соҳада ҳақиқий ҳамкорлик таклиф қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, у Евроиттифоқ минтақага Хитой ва Россиядан кўра кўпроқ ҳисса қўшаётганини билдирди.

«Охирги 10 йилда ЕИга аъзо давлатлар Марказий Осиё давлатлари учун 123 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритди. Бу минтақага киритилган тўғридан тўғри инвестицияларнинг 40 фоизидан ошади. Ҳа, Евроиттифоқ минтақага Россия ва Хитойдан кўра кўпроқ ҳисса қўшяпти. Бу келажакдаги ҳамкорлик учун яхши асос.

Бугунги кунда бизнинг вазифамиз бор потенциалимизни ишга солиш ҳамда кучли алоқаларни ўрнатиш. Минтақаларимиз ўртасида ҳам, Марказий Осиё ичида ҳам», – деган Боррел Самарқанддаги конференцияда.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид