Боррел: Марказий Осиёда геосиёсат ўзгармоқда
Жозеп Боррелга кўра, Украинага қарши уруш ва Хитойнинг кучайиши фонида Марказий Осиё минтақаси ўз муносабатларини диверсификация қилишга интилмоқда ва Европа Иттифоқини энг муносиб ҳамкор сифатида кўрмоқда.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Марказий Осиёда янги динамика юзага келганини қайд этди. Бу ҳақда у 20 ноябрь, якшанба куни Европа ташқи сиёсий фаолият хизмати сайтидаги блогида ёзган.
«Маълумки, Россия ҳам, Хитой ҳам муҳим рол ўйнаган ва ўйнашда давом этмоқда. Шу билан бирга, минтақа ўз муносабатларини диверсификация қилишга интилаётгани ва Европа Иттифоқини энг муносиб шерик деб билиши аниқ», - деди Европа дипломатияси раҳбари. Унга кўра, минтақа раҳбарлари ислоҳотларни амалга оширмоқда. Қолаверса, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар ҳам яхшиланмоқда.
Ўтган ўн йил ичида ЕИ минтақага 100 миллиард евродан ортиқ маблағ йўналтирди ва бу ЕИни Россия ва Хитойдан анча олдинда бўлган энг йирик тўғридан тўғри хорижий инвестициялар манбаига айлантирди, деди Боррел. «Бундан ташқари, биз тез орада дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Асосий вазифа - тез ўзгариб бораётган геосиёсий контекстни ҳисобга олган ҳолда ана шу пойдеворларни қўйиш ва янги туртки беришдир», - дея қўшимча қилди у.
Боррел 17 ноябрь куни «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» форматида вазирларнинг 9-учрашуви бўлиб ўтган Самарқандга ташрифини эслади.
Европа Иттифоқи бош дипломатининг сўзларига кўра, улар, хусусан, Россия ҳарбий ҳаракатларидан келиб чиққан вазиятни муҳокама қилишган. Минтақа мувозанатли ёндашувга амал қилади, аммо иштирокчилар БМТ Низомининг асосий тамойилларини (ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик) ҳимоя қилиш ва Россия урушининг салбий оқибатларини минималлаштириш зарурлигини бир овоздан қабул қилишди.
Жозеп Боррел савдо ва сармояни ривожлантириш учун қатъий қоидалар ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш зарурлигини таъкидлади. «Биз қоидаларга асосланган халқаро тартиб деб атайдиган нарса давлатларни хавфсиз, одамларни озод қилади ва компанияларни сармоя киритишга тайёр ҳолатга келтиради», деди у.
Кобулда «Толибон» ҳаракатининг ҳокимият тепасига келиши ва Украинага қарши уруш билан боғлиқ вазият Марказий Осиёда ҳамкорликка кўпроқ сармоя киритишни талаб қилади, дея хулоса қилди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили.
Октябрь ойи охирида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриб, Европа билан ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилди. «Келажак уларга нафақат Россия ва Хитойга қарамлик ўртасида танлаш имкониятини бериши, балки кўпроқ нарсалар тақдим этиши мен учун муҳим», деди у.
Мавзуга оид
17:22 / 19.11.2024
«Марказий Осиё – Хитой» қувури орқали 14 йилда етказилган табиий газ миқдори маълум қилинди
15:59 / 19.11.2024
Боррел: ЕИ давлатлари УҚКга Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини муҳокама қилади
01:00 / 19.11.2024
Боррел АҚШ Киевга 300 километргача бўлган масофада Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берганини тасдиқлади
17:25 / 15.11.2024