Ҳар қандай мамлакат ривожини илм таъминлаб беради. Айни пайтда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан бўлиб турган Франция давлати ҳам бу борада катта салоҳиятга эга. Айниқса 1215 йилдан буён фаолият юритиб келган Сорбонна университети (дастлаб ва расман Париж университети) ва унинг бугунги кундаги мероси бутун дунёга ўрнак бўлиши мумкин.

Université de Paris — Париж университети жаҳонга Сорбонна университети номи билан машҳур. Бу илмий даргоҳга XII асрда асос солинган ва у 1970 йилларга қадар ҳам ягона муассаса сифатида фаолият юритган.

Асрлар давомида Париж университети нафақат Франциянинг, балки Кўҳна Қитъа ва дунёнинг энг етакчи олимларига таълим берган. Ўрта асрлардаги талотўпларда ҳам маънавий қиёфасини йўқотмаган ва ривожланишда давом этган. Фақат 1968 йилга келиб, 20 мингдан ортиқ киши иштирок этган талабалар исёнидан кейин Сорбонна университети 13 та мустақил университетга бўлиб ташланган ва шундан буён уларнинг ҳар бири ўзича фан-таълим билан машғул бўлиб келмоқда.

Дастлаб бир неча черков мактабларидан ташкил топган Париж университетига Сорбонна номи берилиши ҳам ўзига хос тарихга эга. Очилганида илоҳиёт ва фалсафа йўналишларида таълим берган университетда кейинчалик санъат, ҳуқуқ, тиббиёт каби факултетлар иш олиб боради ва уларда қироллик хизматчилари, судьялар, ғазначилик ходимлари, руҳонийлар каби давлатчилик асоси вакиллари ўқитилади.

Очилиши билан халқаро мақомга эга бўлган университет қошида камбағалларнинг болалари учун коллеж фаолияти йўлга қўйилиши тарихий воқеа бўлади. Унинг асосчиси руҳоний Робер де Сорбон эди. Бу янгилик жамоатчиликка шунчалик таъсир кўрсатадики, дастлаб коллеж номи асосчиси номига ўзгаради, кейинчалик, XVII асрга келиб, Париж университети номи бутунлай Сорбонна университети деб атала бошлайди. Руҳоний Сорбон қирол Людовик IХнинг маънавий отаси номи билан машҳурлиги ҳам бу жараёнда ўзига хос роль ўйнаган. Шундан буён университет нафақат пулдорлар, балки турли қатлам вакилларига ўз бағридан жой бергани билан машҳур. 1790 йилга келиб Сорбонна коллежи илоҳиёт мактаби сифатида ўз фаолиятини якунлайди. 1808 йилда эса Наполеон Бонапартнинг махсус декретига кўра унинг барча бинолари Париж университети тасарруфига ўтказилади.

Ҳозирги кунда 13 мустақил университетнинг тўрттаси Сорбонна номини турли шаклда сақлаб қолган ва уларнинг бари Париж марказида бир-бирига яқин жойлашган. Қолган тўққизтаси эса Франциянинг машҳур инсонлари номи билан аталади.

Қандай қилиб Сорбоннада ўқиш мумкин?

Юқорида айтилганидек, ҳануз умумий ном билан эсланса-да, Париж университети 13 та мустақил таълим масканига айланган ва уларнинг ҳар бири ўзига хос талаб лар қўяди. Лекин аксарият университетларнинг аксарият факультетларида кириш имтиҳонлари йўқ, фақат тил билиш даражасига оид сертификатлар, мотивацион хат каби маълумотномалар талаб қилиниши мумкин. Бундан ташқари бўлажак талабанинг молиявий имкониятларига оид маълумотлар сўралади ва улар қаттиқ текширилади. Париж университети кам таъминланган талабалар учун қатор грантлар ажратади ва уларни қўлга киритиш учун яхши ўқиш ва қатор ҳужжатларни тақдим қилиш керак.