Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Луврдаги ўғрилик бўйича яна беш гумондор қўлга олинди
Ўғирланган буюмлар ҳали топилмаяпти.
Фото: Bloomberg via Getty Images
Франция полицияси чоршанба куни Луврга ўғирликка тушишда гумон қилинган яна беш кишини қўлга олди, дея хабар бермоқда маҳаллий ОАВ Париж прокурори Лаура Беккога таяниб. Шу тариқа, шов-шувли иш бўйича қўлга олинганлар сони етти кишини ташкил этмоқда. Ўғирланган қимматбаҳо буюмлар эса ҳали топилгани йўқ.
Прокурор RTL радиостанциясига айтишича, қўлга олинганлардан бири жиноят жойида қолдирилган ДНК излари орқали топилган. AFP ўз хабарида уни асосий гумондор деб атаган.
«Биз уни кўз остимизга олиб қўйгандик, – деди Бекко. – Ҳибсга олинган бошқа шахсларга келсак, улар ўша куни нима бўлгани ҳақида маълумот бера оладиган одамлардир».
Прокурорнинг сўзларига кўра, гумонланувчилар ҳақида қўшимча маълумот беришга ҳали эрта.
Охирги қўлга олиш тадбирлари мазкур иш доирасида олдинроқ ушланган икки фигурантга чоршанба куни ўғирлик ва жиноий тил бириктириш бўйича айблов қўйилганидан кейин содир бўлди, деб ёзади AFP.
Улар ўтган шанба куни қўлга олинган, улардан бири мамлакатни тарк этиб, Жазоирга учиб кетмоқчи бўлганди. Хабар қилинишича, улар айбини қисман тан олган.
Луврдаги ўғрилик 19 октябр куни содир бўлганди – дунёдаги энг кўп мижоз ташриф буюриладиган музейдан 88 миллион евролик (100 миллион доллардан ортиқ) тарихий бойликлар ўғирланган. Ўғирликда бевосита тўрт киши иштирок этган.
Пайшанба кунги қўлга олишлар Париж ва унинг атрофида, хусусан, Сен-Сен-Дени департаментида амалга оширилган.
«Полиция томонидан кечки ва тунги вақтларда ўтказилган тинтувлар ўғирланган бойликларни топишга ёрдам бермади», – деди прокурор ва «тергов ишлари тобора кучайтирилаётгани»ни таъкидлади.
«Тергов секин-асталик билан, босқичма-босқич гумонланувчилар доирасини торайтирмоқда ва барча алоқадорларни аниқлаш бўйича ишларни давом эттирмоқда», – дея таъкидлади Бекко.
«Мен улар [қимматбаҳо буюмлар] топилиши ва Луврга ҳамда миллатга қайтарилишига умид қиламан. Бу тақинчоқларни ҳозир сотишнинг иложи йўқ, албатта. Уларни қайтаришга ҳали кеч эмас».
У, шунингдек, қимматбаҳо буюмлар қўлида бўлганларга мурожаат қилиб, агар улар ихтиёрий равишда қайтарилса, «судлар ўғирлик ҳеч қандай зарар келтирмаганини инобатга олиши аниқлиги»ни айтган, деб ёзади Reuters.
Фото: AFP via Getty Images
Аввалроқ Бекко дам олиш кунлари босқинчиликда айбланиб қўлга олинган икки эркак жиноятга алоқадорлигини «қисман тан олгани»ни маълум қилганди.
«Терговчилар гумонланувчилардан бири Жазоирга учиб кетмоқчилигини, айниқса, қайтиш чиптаси йўқлигини билиши биланоқ тергов тезлашганини яширмайман. Ўша пайтда, албатта, қўлга олиш операциясини тезлаштиришга мажбур бўлдик», – деди у.
Шанба куни Францияда яшаган 34 ёшли Жазоир фуқароси (у қочиш учун фойдаланилган скутерда топилган ДНК излари орқали аниқланган), шунингдек, Париж чеккасида яшовчи, лицензиясиз 39 ёшли такси ҳайдовчиси қўлга олинганди.
Икки эркак ҳам аллақачон ўғирлик содир этгани учун полиция эътиборида бўлган. Ҳозирда улар суд жараёнидан олдин ҳибсга олинган.
Прокуратура ўтган ҳафта терговчилар «150 та ДНК намунаси, бармоқ излари ва бошқа далиллар»ни ўрганаётганини маълум қилганди.
Бекконинг сўзларига кўра, жамоат ва хусусий кузатув камералари туфайли детективлар ўғриларни кузатишга муваффақ бўлган, уларнинг баъзилари ўғирлик пайтида балаклав ва ёрқин нимчаларда ҳаракатланган.
Прокурор музей ходимларининг ўғирликка алоқадорлигини истисно этган.
Мавзуга оид
19:57 / 02.11.2025
Тошкентда машина олиб қочган шахс қўлга олинди
16:17 / 26.10.2025
Францияда Луврни тунашда гумонланувчилар қўлга олинди
18:24 / 25.10.2025
Луврдаги ўғриликдан сўнг, музей хазинаси Франция банкига яширилди
18:28 / 22.10.2025