Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Усмонийча дипломатия: Украинадаги уруш Эрдўғанни қандай кучайтирди ва нега бу бефойда бўлиши мумкин?
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳар қандай қийин вазиятдан ўзи учун наф чиқара олади. Авторитар етакчи ҳам Москва, ҳам Киев билан яхши алоқаларни сақлаб қолмоқда, Россия очган уруш туфайли у жаҳонда ўз нуфузини кўтариб олиш имкониятини кўрмоқда.
Бир қўли билан Туркия ўзи ва Москва ўртасидаги яқин алоқаларни ушлаб турибди, санкциялар жорий этишни ва мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни бекор қилишни пайсалга солмоқда. Иккинчиси билан эса Украинага пилотсиз учар қурилмалар етказиб, ғалла келишувида Путиндан ғолиб чиқмоқда.
Эрдўғаннинг таъсир доираси ошиб бормоқда, лекин токайгача у икки стулда ўтиришни эплай олади, Туркиянинг ўзидаги ички сиёсий муаммолар унинг амбицияларини кўмиб қўймайдими? Буларнинг бари BBC таҳлилий мақоласида.
Суваракдан шериккача
2018 йилнинг май ойи. Володимир Зеленский президентликка ўз номзодини илгари суришига ярим йил қолган эди. «Квартал 95» студияси бадиий раҳбари Туркия ҳақида юмористик саҳна кўринишлари қўярди.
Зеленский Усмонийлар империяси даврида урф бўлган, Отатурк даврида тақиқланган туркча қизил фес (дўппи)да саҳнага чиқиб келади. Туркча акцент билан Зеленский Туркияда ҳокимият ўзгармаётганини ҳажв қилиб, Ражаб Тоййиб Эрдўғанни «мўйловли суварак» деб атайди.
Тўрт йил ичида манзара тубдан ўзгарди: қора тусли «Mercedes» Лвивдаги Потоцкий саройига яқинлашди. Володимир Зеленский анъанавий мошранг футболка, иштон ва кроссовкада эшик олдида кутиб турарди. Костюм ва галстукдаги Эрдўған Украина президенти қўлини узоқ сиқиб кўришди. Улар такаллуфли сўзлар алмашишди, миннатдорчилик белгиси сифатида қўлини кўксига қўйганча кўпроқ Зеленский гапирди.
Бу тўрт йил Украинани ҳам, Туркияни ҳам ўзгартирди. Юмористик саҳна кўринишлари унутилди, урушгача бўлган йилларда Украина ва Туркия ўзаро ҳамкорликдан фойда кўра бошлашди.
Туркия 2014 йилда Қрим аннексия қилиниб, Донбасснинг бир қисми ишғол этилгач, Украинага унинг қаршилик кўрсатиш рамзларидан бирига айланган пилотсиз учар қурилмалар сотишга рози бўлган кам сонли давлатлардан бири бўлди.
Эрдўған эса ўз мамлакатини минтақадаги таъсирли сиёсий ўйинчига айлантириш имкониятини хаёлидан бир лаҳзага қочирмади. Бундан ташқари, Туркия етакчиси турклар доим яқин алоқа сақлаб келган қрим татарлари ватани — Қримнинг йўқотилиши туфайли Украинага ҳамдардлик билан муносабатда бўлиб келди. Ражаб Тоййиб Эрдўған асосан Қримни Украинага қайтариш керак, деган чиқишлар билан чегараланиб келди. Баъзан музокаралар учун юмалоқ стол таклиф этиб, Эрдўған уларни фақат сўзларида қўллаб-қувватлашда давом этди. Аммо айнан унинг баёнотлари туфайли Қрим масаласи жаҳон етакчилари муҳокамасида бошқа мавзулар орасида йўқолиб қолмади.
Россия Украинага қарши кенг миқёсли уруш бошлаганида Эрдўған ўз таъсирини кенгайтириш имкониятини кўргач, четда қараб турмади.
Туркия Украинага «Bayraktar»лар етказишда давом этди, пилотсиз учар қурилмалар ишлаб чиқарувчи «Baykar» компанияси эса уруш давом этаётганига қарамасдан Киевда завод қура бошлади.
Октябр ойида Туркияда Украина ҳарбий денгиз кучлари учун илк Milgem корвети сувга туширилди — бу кема Украина флотидаги энг йириги бўлади. Зеленский эса Туркияда ишлаб чиқарилган зирҳли нимчани кийиб юради.
Агар кимларнингдир хаёлида Туркия деганда дастлаб Анталиядаги all-inclusive курортлар келган бўлса, энди Эрдўған минтақадаги энг таъсирли ўйинчи бўлишга ва мудом медиатор сифатида ўзини намоён қилишга интилмоқда. Бунга Украина ҳам, Россия ҳам ҳозирча эътироз билдиргани йўқ. Володимир Зеленскийнинг матбуот хизмати эса расмий хабарларда Эрдўғанни «шерик ва иттифоқчи» деб атамоқда. Бироқ Туркия етакчисининг позициялари аслида ўзи истаганидек мустаҳкам эмас.
Ғарб ва Ғарбмас ўртасида
Уруш бошланганидан буён Анқара ҳарбий можарони ҳал қилиш борасида воситачиликни турли усулларда таклиф этмоқда. Туркия Россия ва Украина ўртасида музокараларни ташкиллаштирди, асирга олинганларни алмашишда қатнашди, Украина ғалласини экспорт қилишда келишув имзоланишида ёрдам берди.
Лекин уруш қанчалик узоқ давом этар экан, Украина ва Ғарб давлатларининг Туркияга саволлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бир томондан, Эрдўған Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини очиқ қоралайди, оккупация қилинган ҳудудлар, жумладан Қрим ҳам Украина назорати остига қайтиши кераклигини таъкидлайди. Иккинчи томондан, Туркия НАТОнинг Москвага санкция жорий қилмаган ягона аъзоси бўлиб турибди.
Фото: Anadolu Agency via Getty Images
Туркия Россия самолётлари учун ўз осмонини ёпган Европага қўшилмади, рус самолётлари Туркияга парвозларни давом эттирмоқда. Мамлакатда яқин-яқингача «Мир» тўлов карталари қабул қилинарди, россияликларга маҳаллий банкларда ҳисобрақам очишга изн берилган. Европаликлар шошилинч тарзда Россия газидан воз кечаётганда, у Туркия томон оқишда давом этарди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши Швеция ва Финландияни НАТОга аъзо бўлишга ундади, Туркия аввал жараённи чўзишга ҳаракат қилган, кейин Анқара террорчи деб биладиган бир неча шахсни топширишни талаб қилиб, бу давлатлар олдига ултиматум қўйган алянснинг ягона аъзоси бўлди.
Европа ва Америка сиёсатчилари бир неча бор моҳиятан Россияга санкция деворларидан туйнук топишга ёрдам бераётган Эрдўғаннинг ўзини тутиши уларни ғазаблантираётганига шама қилишди. Бу ҳол Украинани ҳам ташвишга солмоқда, ёз бошларидан у ердан туриб ҳам танқидлар янграй бошлади. Украина ТИВ сўнгги ойларда икки марта турк элчисини бир неча масалалар бўйича «ташвиш билдириш» учун чақирди, Украинанинг Туркиядаги элчиси эса Эрдўғанни Россия Украинадан ўғирлаган ғаллани сотиб олганликда очиқ айблади.
Узоқ вақт мобайнида Украина Туркия билан алоқаларига Ғарб билан ҳамкорликнинг бир бўлаги сифатида қараб келган, бироқ уруш даврида Киев вазиятга бошқа бурчак остидан қарашга мажбур бўлмоқда.
«Қайсидир маънода Эрдўған анчадан буён айнан шу нарсага — жаҳон саҳнасида кўпроқ мустақил бўлиш, Ғарб ва Ғарб бўлмаган давлатлар ўртасида туришга интилиб келади. Украина узоқ вақт ё буни пайқамаган, ё бу нозик жиҳатга эътибор бермасликни лозим топган: Туркия ахир НАТО аъзоси. Энди эса Россия босқини Туркиянинг ташқи сиёсатига реалроқ қарашга мажбур қилди», — дейди Карнеги фонди эксперти Иля Куса.
Экспертнинг фикрича, бу яқин орада Украина ва Туркия муносабатларида узилиш бўлишини англатмайди. Шунчаки, ҳамкорлик кўпроқ вазият бўйича ва прагматик кўриниш олади ва Туркиянинг Россия билан ўзаро муносабатларида кўзлаган манфаатлари ҳам ҳисобга олинади.
Анқарада Россия билан қалин муносабатлар ўз манфаатлари ҳимояси ўлароқ тушунтирилмоқда: Москва газ ва нефтнинг асосий етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда. Қолаверса, Запорижжя АЭСида фалокат рўй бериши таҳдиди пайдо бўлди: агар фалокат рўй берса бу Туркияга тўғридан тўғри таъсир қилади.
Аммо ғарб бирор тушунтиришдан умид қилмаса ҳам бўлади — Туркияга таъсир ва босим ўтказиш имконияти уларда жуда паст, — дейди Оксфорд университетининг Туркия бўйича мутахассиси Димитар Бечев.
Бир қараганда, «кўзир»лар бордек: Туркия учун айнан Европа Иттифоқи билан алоқалар энг муҳим аҳамиятга эга, чунки ЕИ ҳам импорт, ҳам экспорт борасида Анқаранинг энг йирик ҳамкори, шунингдек инвестицияларнинг асосий манбайи. Бу алоқаларни Эрдўған қадрламаслиги мумкин эмас. Лекин Евроиттифоқда Туркия билан муносабатларни қандай қуриш борасида якдил фикр йўқ.
«Европа Иттифоқида Туркияга қандай муносабатда бўлиш борасида бўлинишлар бор. Франция бошлиқ бир гуруҳ қатъий ёндашув керак деб ҳисоблайди, бошқаси эса, масалан, Германия Туркия билан ҳамкорликни ривожлантириш керак, деб ҳисоблайди. Шу сабаб Эрдўғанда усталик билан чап бериш имконияти бор ва энг асосийси — буни ўзи ҳам билади», — дейди Димитар Бечев.
Бундан ташқари, Эрдўған Владимир Путин билан мунтазам мулоқот қилаётган қарийб ягона жаҳон етакчиси бўлиб турган вазиятда Ғарб бу Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича кичик бўлса ҳам дарча эканини англайди.
Сиёсатчи ва аппаратчи
Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Владимир Путиннинг муносабатлари сўнгги йил давомида осон кечмаяпти. 2015 йилгача бу муносабатларни дўстона деб аташ мумкин эди, бироқ Суриядаги урушда Россия армияси президент Башар Асадни, Туркия эса мухолифатни қўллай бошлагач президентлар рақибларга айланди.
2015 йилнинг ноябри икки давлат муносабатларидаги энг оғриқли ой бўлиб қолди: ўшанда Сурия-Туркия чегараси яқинида Россиянинг бомбардимончи самолёти уриб туширилди. Москва расман узр сўрашни талаб қилди, Анқара эса ўт очишга ҳақли бўлганини пеш қила бошлади. Омма олдида узрга етиша олмагач, Владимир Путин маҳсулот эмбаргосини жорий этиб, иқтисодиёти туризмга қаттиқ боғланган мамлакатга россияликларнинг боришини тақиқлаб қўйди. Ўшанда Туркия билан муносабатлар амалда узилган эди.
Эрдўғанни ғоятда асабийлаштирган бу кескинлашув даврида Россия Туркия президентини исломий экстремистлардан хуфиёна тарзда нефт харид қилаётганликда ҳам айблаб чиқди. Эрдўған агар кимдир бунинг исботини келтира олса, истеъфога чиқишини ваъда берди. Аммо Москва ўз сўзларини тасдиқламасликка қарор қилди.
Орадан етти ой ўтгач, Эрдўған таслим бўлмай таслим бўлди. У Путинга мактуб жўнатиб, ҳалок бўлган учувчининг оиласига таъзия билдириб, унинг ўлими учун узр сўради. Лекин ўзига хос тарзда, бомбардимончи самолёт йўқ қилингани учун узр сўрамади. Шунга қарамасдан, унинг режаси иш берди ва икки давлат ўртасидаги мулоқот қайта тиклана бошлади.
Орадан бир неча ҳафта ўтгач, Эрдўғанни ички хаос — ҳарбий давлат тўнтаришига уриниш чалғитди. Ўша пайтда Ўрта Ер денгизи бўйида ҳордиқ чиқараётган президентнинг ўзини ушлай олишмади, тўнтариш бостирилди.
Путин Эрдўғанга қўнғироқ қилган биринчи етакчилардан бўлди. Кўп ўтмай Эрдўған Санкт-Петербург томон, Россия президенти билан шахсан кўришиш учун учди. Ўша вақтдаги оҳанглар ҳозиргисидан кўп фарқ қилмасди: Эрдўған Путинни ўз дўсти деб атаб, учрашиш имконияти учун ташаккур билдирди.
Лекин бу билан муаммолар тугамади. 2019 йилда Россия ва Туркия Суриянинг шимолий-шарқий қисмида яна баррикадаларнинг икки томонида бўлиб қолишди. Бир йил ўтгач тўқнашишга ҳам бир бахя қолишди: Эрдўған Сурия ҳукумат қўшинларига қарши ҳарбий операция билан таҳдид қила бошлади, Россия эса Асадга кўмак ваъда қилди.
Қарама-қаршилик саҳнаси нафақат Сурия, шунингдек Ливия бўлди. У ерда ҳам Путин ва Эрдўған маҳаллий фуқаролик урушида турли томонларда туришарди.
Шунга қарамасдан, улар алалоқибат келишишга муваффақ бўлишди. Барча зиддиятлар (шунингдек, Ғарб давлатларининг эътирозлари) Туркияга Россиянинг C-400 ракета тизимларини харид қилиш, Украинани четлаб ўтувчи «Турк оқими» газ ўтказиш қувурини очиш, «Росатом» Туркиянинг Ўрта Ер денгизи соҳилларида атом электр станцияси қуришига халақит қила олмади.
Эрдўған ва Путинни кўпинча таққослашади. Уларнинг ҳар иккиси мамлакатдаги мураккаб вазиятдан сўнг ҳокимият тепасига келган, одамларга барқарорлик таклиф этган, анъанавий қадриятларни ёқлаб чиқишган, ўз рақиблари, журналистлар ва фаол фуқароларни қатағон қилиб, авторитар етакчиларга айланишган.
Россиядаги янги Туркияни ўрганиш маркази директори Юрий Мавашев шундай дейди:
«Эрдўғаннинг бошқарув стили бир қараганда Путинникига ўхшаш, лекин битта муҳим фарқ бор. Путин — сиёсий кураш ҳақида зиғирча тажрибага эга бўлмаган аппаратчи. Эрдўған эса — сиёсатда катта йўл босиб ўтган инсон. У Истанбулга ҳокимлик қилган, ўз сиёсий қарашлари учун бир муддат қамоқхонада ҳам ўтирган (1997 йилда Эрдўған ҳукуматга ёқмаган поэма учун 120 кунга қамалган ва Истанбул мэри лавозимидан ҳам кетган — BBC)».
Шу фарққа қарамасдан Эрдўған ва Путин ўзаро тушунишга эришган, бир-бирининг амбиция ва манфаатларига ҳурмат билан қараб келаётган эди. Бироқ Украинадаги уруш Эрдўғанга у уруш бошлангунгача билмаган нарсасини кўрсатиб қўйди.
Бешдан зиёд жаҳон
Владимир Путин бошқаларга ўзини куттиришни яхши кўриши билан машҳур. Жаҳон сиёсатида кечикиш ҳурматсизлик белгиси ҳисобланади, бироқ Путин иштирокидаги учрашувлар камдан кам ҳолатларда ўз вақтида бошланади.
Бироқ шу йилнинг июлида Путинни кутиб туришга мажбур қилишди. Кўп эмас, нақ бир дақиқага — Россия президенти якка ҳолда лабларини қимтиб, телекамералар қаршисида у оёғидан бу оёғига оғирлигини ташлаб турди. Шундан сўнг залга Эрдўған кериб келди ва Путин учрашувга бироз кечиккан қадрли дўстига етишгандек, қўл очиб уни кутиб олди.
Экспертлар бу тасодифми ёки Эрдўған томонидан атайлаб қилинган белгими, дея узоқ бош қотиришди. Ҳар қандай вариант тўғри бўлиб чиқиши мумкин, чунки Эрдўған ҳеч қачон ташқи сиёсий амбицияларини яширмаган. Ўтган йили у Иккинчи жаҳон урушидан кейин жаҳон сиёсий тизимидаги «адолатсизлик» ҳақида гап очган эди. Туркия президенти БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзоларидан ташқари унга аъзо давлатлар ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф қилди. Ўшанда у машҳур гапини айтди: «Жаҳон бештадан зиёд».
Ўз амбицияларига кўра Эрдўған доимо ўзини (Путинни ҳам) Қора денгиз минтақасининг етакчиларидан санаб келган. Бироқ Россия флоти ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатган бир неча ойлик уруш Туркия етакчисига ўзини батамом етакчи деб санашга асос яратмоқда. Эксперт Юрий Мавашев айни дамда Россиянинг имкониятлари Туркияникига тенглаша олмаслигини қайд этмоқда.
Бундан ташқари, Россия урушда тезгина ва осон ғалабага эриша олмагач, минтақада кучлар мувозанати ўзгарди. Ҳозир Туркияга Россия кераклигидан кўра, Россия Туркияга кўпроқ муҳтож, дейди эксперт Димитар Бечев.
Ҳа, Россия газ соҳасида Туркиянинг бош ҳамкори бўлиб қолмоқда, лекин Эрдўған жуда яхши англаб турибдики, кун ўтган сайин Москвада ушбу газни ўтказиш бозорлари қисқариб бормоқда. Демак, Россия муҳим бозорни қўлдан чиқаришни истамайди. Буни Туркияга «газ ҳаби» — барча асосий етказиб беришлар у орқали ўтадиган газ тақсимлаш маркази тузишни таклиф этган Владимир Путин ҳам яхши англайди.
Эрдўған, албатта, рози бўлди. Агар бу лойиҳа амалга ошадиган бўлса, Туркия газ савдосида бош воситачига айланади ва зарур инфратузилмага ҳам эга бўлади. Путин эса бундай схема санкция остидаги Россия банкларига рубл билан тўлов қилишларсиз Европага газ сотиш имконини беришига умид қилмоқда.
Гапда бу жуда яхши эшитилади. Амалда эса жуда мураккаб иш. Айни пайтдаги «Турк оқими» газ ўтказиш қувури иккита тармоқдан иборат, улардан бири туркиялик истеъмолчиларга газ етказса, иккинчисидан газ жанубий-шарқий Европа давлатларига боради. Бироқ Европа жануби катта газ ҳажмини техник жиҳатдан қабул қила олмайди.
«Яъни яна қувур ётқизиш керак. Уни ким ётқизади? Қайси пулга? Қувур ётқизувчи бўлиб қайси компания ўртага чиқади, ахир Россия санкция остида-ку», — дея лойиҳага оид бош масалаларни санайди турколог Юрий Мавашев.
Лекин энг асосий муаммо техник ҳам эмас. Европа бу ҳабдан «гўёки» турк газини сотиб олишга тайёрми, у аслида Россия гази эканини била туриб? Европадаги харидорлар бу газга интилишмайди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга кўра саккиз ой ичида Европа Россия газининг учдан икки қисми ўрнини қоплашга муваффақ бўлган.
«Кучнинг оқилона намойиши»
Эрдўған ҳозирча Украинадаги урушдан ўзи учун фойда чиқаришга муваффақ бўлмоқда, лекин Туркия билан қўшни давлат ҳудудида уруш қанчалик чўзилса, туркларга ҳам шу қадар оғир бўлиб бораверади, деб ҳисоблайди Димитар Бечев.
Украинадаги тинчликкина Эрдўғаннинг катта ғалабаси бўлиши мумкин, бироқ уруш давом этмоқда, турк етакчисида шахсий муваффақият ҳозирча у қадар кўп эмас. Ютуқларнинг энг асосийси — Эрдўғаннинг ғалла келишувидаги иштироки. Ёз ойи ўрталаригача Россия қўшинлари украин портларини блоклаган, оқибатда миллионлаб тонна ғалла қамалиб қолган эди. Қашшоқ давлатлар озиқ-овқат тақчиллигига дучор бўлиш хавфи юзага келди, жаҳон бозорларида нархлар кўтарила бошлади. Эрдўған ва БМТ воситачилигида қамал ечилди. Лекин кўпга эмас.
Фото: Chris Mcgrath / Getty Images
Кузда Россия Украинани «хавфсиз йўлак»дан Россия флотига ҳужум қилишда фойдаланганликда айблаб, бир томонлама тартибда ғалла келишувидан чиқди. Тўғри, кутилмаган тарзда, 72 соатдан сўнг Эрдўған билан бир марта гаплашиб кўрган Владимир Путин фикрини ўзгартирди.
Туркия Москвани кўндириш учун нима деганини очиқламади. Россия қандайдир кафолатлар берилганини айтди. Бироқ ғарбдаги агентликларнинг аноним манбалари ғалла келишувига қайтиш — Туркиянинг босими эканини таъкидлашди. Эрдўған бу далилдан фойдаланганини тасаввур қилиш қийин, лекин Туркия учун ғалла ортилган кемаларига хавфсизликни кафолатлаш учун шунчаки уларни ўзи кузатиб бориши кифоя эди. Чунки Туркиянинг кемаларига ҳар қандай, ҳаттоки тасодифан ҳужум ҳам НАТО кемасига ҳужум сифатида тушунилади.
Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк Путин айнан «кучнинг оқилона намойиши» туфайли ўз фикрини ўзгартирганига амин. Украиналик сиёсатчи буни «Усмонийча дипломатия» деб атаган.
«Усмонийча дипломатия»дан Эрдўған нафақат Москва ва Киев билан мулоқотларида фойдаланади. У ўз таъсирини тарқатиш учун катта салоҳиятни Африкада кўрмоқда. Африка мамлакатларида янги турк ваколатхоналари очилмоқда. Туркия қора қитъада 43 та элчихонага эга. Туркия авиакомпанияси бу мамлакатларни осмон орқали боғлайди. Эрдўған эса Африкага мунтазам бориб туради ва аллақачон 30 дан ортиқ давлатда бўлди. Шу йил бошида Туркия Африканинг 19 давлати, жумладан, Жанубий Африка, Марокаш, Нигерия, Гана, Жазоир ва Эфиопияга ҳарбий атташе жўнатди. Сўнгги йилларда Туркия Ғарбий ва Шарқий Африканинг кўп давлатлари билан ҳарбий келишувлар имзолади.
Эрдўған Туркия — Африка шериклигига оид бир неча саммитни ўтказди ва уларга транспорт воситалари, ўқ-дорилар ва қурол-яроғлар, жумладан, ўзининг машҳур пилотсиз учар қурилмаларини сотиб, қитъа давлатлари билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Россия Украинадаги уруш билан банд экан, Ражаб Тоййиб Эрдўған ўзининг Евросиёдаги, умуман аввал Россия даъво қилган майдонга таъсирини кучайтирмоқда, дейди Юрий Мавашев.
Ноябргача Туркия Туркий давлатлар ташкилоти саммитида раҳбар эди, унда Ўзбекистон, Озарбойжон, Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Тез орада ташкилотга Туркманистон ҳам аъзо бўлиши парда ортида муҳокама қилинган.
Эрдўған учун вақт жуда омадли, минтақадаги энг катта давлат Қозоғистон бўлаётган ишлардан норозилигини изҳор этди. Мамлакат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ЛХР» ва «ДХР»ни тан олишини рад этиб, уларни «квазидавлат ҳудудлари» деб атади.
Эрдўған бу орада ушбу мамлакатлар билан савдо айланмасини оширишга киришган, молиялаштиришда «юмшоқ куч»дан фойдаланмоқда.
Лекин Эрдўғанда битта муаммо бор. Келгуси йилда Туркияда президентликка сайлов бўлиб ўтади. Унинг жаҳон саҳналаридаги муваффақиятлари улкан бўлиб кўринса-да, сайловчилар учун мамлакат ичида рўй бераётган воқеалар муҳим.
Сарлавҳаларга иммунитет
Агар ташқи сиёсатда Эрдўған айрим ютуқларга эришган бўлса-да, мамлакат ичида у жиддий муаммоларга дуч келган.
Туркияда оғир иқтисодий таназзул ҳукм сурмоқда. Сўнгги расмий баҳолашларга кўра, инфляция даражаси 85 фоизга етган. Бу сўнгги 24 йил ичидаги рекорд. Ҳамма нарсанинг нархи ошмоқда, энг билинаётгани озиқ-овқат ва транспорт нархлари.
Бундай юқори инфляцияга сабаб — миллий валюта лиранинг 2021 йил кузидан бошланган қулаши. Ўшанда Туркия марказий банки асосий ставка — МБ тижорат банкларига бериладиган кредит фоизини туширган.
Қоида тарзида бутун дунёда марказий банклар инфляцияни жиловлаш учун асосий ставкани кўтаришга ҳаракат қилишади. Бироқ Эрдўғаннинг МБнинг пул-кредит сиёсатига ўз қараши бор. Ҳозирги таназзул — доим иқтисодиётни барқарорлаштириш ваъдаларига таяниб келган Эрдўған учун жиддий муаммо — унинг ўзи 1998 йилги иқтисодий таназзулдан сўнг ҳокимият тепасига келган.
Туркиядаги мухолифат ўзи қўлдан яратган кризиси учун Эрдўғанни танқид қилишдан чарчамаяпти. Бир йил аввал «Яхши партия» етакчиси Мерал Ақшенер парламентда чиқиш қилиб шундай деди: «Иқтисодиётни бошқариш ҳақида минглаб китоблар ёзилган. Бироқ уни вайрон қилиш учун бирорта китоб битилмаган эди. Бу сенинг чекингга тушди, жаноб Эрдўған».
2023 йил ёзида Туркияда сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган. Янги Туркияни ўрганиш Россия маркази директори Юрий Мавашев шундай дейди:
«Мухолифат қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Улар коалиция номзоди ким бўлишини ҳамон эълон қилишмади. Улар Эрдўғанга бундай форани тақдим этмоқчи эмас: агар улар исмни эълон қилишса, бу инсонга нисбатан маъмурий ресурсни ишга туширишади, қандайдир компроматлар излаб топишади, масалани ОАВда қиздиришади. Ҳозир мухолифат Эрдўғанни пойламоқда, Эрдўған — мухолифатни. Шу тариқа улар 2023 йилга қараб кетишмоқда».
Маъмурий ресурс айрим ҳолатларда бўлажак сайловларда яхши имкониятга эга бўлган салоҳиятли номзодларга қарши бўй кўрсата бошлади. Истанбул мэри Акром Имомўғлига марказий сайлов комиссияси аъзоларини ҳақорат қилганлик айби тиркалган. Агар унинг айби исботланса, 4 йил қамоқ жазосига ва раҳбарлик лавозимларини эгаллашига тақиқ жорий этилади.
Имомўғлининг Республика халқ партиясидаги сафдошлари бу ишни сайловлар билан боғлашмоқда ва Эрдўған мухолифатдан кўрсатиладиган салоҳиятли ягона номзоддан халос бўлишга интилаётганини тахмин қилишмоқда.
Эрдўған ташқи сиёсатдаги ютуқларини ички бозорга конвертация қилмоқчи, лекин фуқаролар Туркия билан кўпчилик ҳисоблашишига аллақачон кўникиб қолишган, президентнинг исми эса матбуот сарлавҳаларидан тушмай қолган.
«Одамларда иммунитет ҳосил бўлган. Эрдўған бу конвертацияни ҳадидан ошириб юборди. Энг асосийси — телевизорда кўрсатилаётган нарсани музлатгичда йўқ нарсага алмаштириш мушкул бўлиб бормоқда. Буниси Россиядаги воқеаларга мутлақо ўхшамайди», — дейди Мавашев.
Шунга қарамасдан, Эрдўғаннинг имкониятлари ҳамон жуда юқори. Димитар Бечевнинг қайд этишича, ҳукумат субсидиялар тақдим этиш дастурини бошлаган — бу қисқа муддатли чора бўлиб, амалдаги президент ишонаётган нарса фақат бу эмас.
«Унинг қўлида таъсир ричагларининг барчаси сақланиб турибди, жумладан, марказий сайлов комиссиясига ҳам, у ОАВни назорат қилишда давом этмоқда. Хуллас, бу мусобақада барча иштирокчилар учун тенг шароит мавжуд эмас», — дейди эксперт.
Эрдўғаннинг сайловдаги имкониятларидан қатъи назар, у яқин ойлар ичида Украина, Россия ва Ғарб ўртасида воситачи бўлиб қолаверади.
Шунчаки, ундан бошқа воситачи йўқ.
Мавзуга оид
09:00
Россиянинг оммавий ҳужуми: Киевда 4, Харкивда 5 киши ҳалок бўлди
18:44 / 14.06.2026
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026