08:04 / 23.11.2022
15973

Германия музейидан миллионлаб евролик олтин тангалар ўғирлаб кетилди

Ўғрилар 1999 йилда топилган бутун хазинани, Бавариядаги Келтлар-Рим музейининг асосий қиймати - милоддан аввалги 100 йилларга оид 483 та олтин тангани ўғирлаб кетишди.

Фото: Mößbauer/Wikimedia

Номаълум ўғрилар Бавариянинг Манхинг шаҳридаги Келт-Рим музейига киришга муваффақ бўлишди ва у ердан энг қимматли экспонат – қиймати кўп миллион еврога баҳоланган 483 дона олтин тангани ўғирлаб кетишди, деб хабар берди 22 ноябрь, сешанба куни Бавария жиноий ишлар бўйича ер бошқармаси вакили.

Полиция маълумотларига кўра, гап 20-асрда топилган келтларнинг энг катта олтин хазинаси ҳақида бормоқда. Умумий оғирлиги тахминан 4 кг бўлган тангалар 1999 йилда Рим империяси давридаги Келтлар қалъаси бўлган Манхинг оппидаси деб аталадиган қазишмаларда топилган.

«Келтлар хазинасининг йўқотилиши фалокат, олтин тангалар эса тарихимизнинг далили сифатида алмаштириб бўлмайдиган нарсадир», деди Бавария фан ва санъат бўйича давлат вазири Маркус Блюме.

Манхинг оппидасидаги қазишмалар аввал ҳам жиноят оламининг эътиборини тортган. Фақат шу йилнинг май ойида номаълум «қора археологлар» унинг ҳудудида 140 та ноқонуний қазишмани амалга оширди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, жиноятчилар ҳақиқий археологларда дам олиш кунлари бўлган пайтда, тупроқ зондлари ёрдамида келтлар даври объектларини қидирган. Улар ниманидир топиб, олиб чиқишга муваффақ бўлганми ёки йўқми, бу номаълум.

Бироқ, ўғрилар бир неча бор Германиядаги энг қимматли музей экспонатларини олиб чиқишга муваффақ бўлишган. 2019 йилда Германиянинг энг машҳур музейларидан бири бўлган Дрездендаги "Яшил тўплам"дан бир миллиард евролик антиқа санъат асарлари ва заргарлик буюмлари ўғирлаб кетилди. 2022 йил январь ойида олти нафар айбланувчи судга тортилди, бироқ заргарлик буюмлари қаерда эканлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

2017 йилнинг март ойида Берлиндаги Боде музейидан Британия қироличаси Елизавета II тасвири туширилган «Катта заранг барги» деб номланган 100 килограммлик олтин танга ўғирлаб кетилган эди. Танганинг қиймати 3,75 миллион еврога баҳоланмоқда. Охир-оқибат жиноятчилар қўлга олинди, танганинг ўзи топилмади.

Top