Жаҳон | 21:54 / 23.11.2022
8955
1 дақиқада ўқилади

Украинадаги барча АЭС, аксарият ИЭС ва ГЭС электр энергиясиз қолди 

Украина Энергетика вазирлиги барча атом электр станциялари, иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станцияларининг кўпчилиги 23 ноябр куни вақтинча электр энергиясиз қолганини маълум қилди. 

Фото: Reuters

Хабарга кўра, Россия қўшинларининг ракета зарбалари оқибатида аксарият энергетика инфратузилмаси объектлари қувватсизланган. Энергетика вазирлиги, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб истеъмолчиларнинг катта қисми электр энергиясисиз қолганини таъкидлади. 

«Мамлакат бўйича электр энергияси истеъмолчиларининг катта қисми электр энергиясидан узилган. Фавқулодда ўчиришлар содир бўлади. Электр йўқлиги иссиқлик ва сув таъминотига ҳам таъсир қилади», — дейилади вазирлик хабарида. 

Шунингдек, ҳозирда мутахассислар тизимларни қисқа вақт ичида қайта тиклаш учун барча имкониятларни ишга солаётгани таъкидланди. 

Аввалроқ, 23 ноябрь куни Украинада интернетда жиддий узилишлар қайд этилгани хабар берилди. Бунга бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясининг оммавий узилишлари сабаб бўлган. 

Бунгача Украинанинг барча ҳудудларида ҳаво тревогаси эълон қилинган эди. Кейинроқ Украина расмийлари мамлакатнинг бир қанча минтақаларидаги энергетика объектларига Россия томонидан ракета зарбалари берилганини тасдиқлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид